Маҳмуд Мурадов: Дунёнинг энг зўр жангчилари мен ўтмоқчи бўлаётган
Ads

Яқинда аралаш яккакураш жангларида (ММА) фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик Маҳмуд Мурадов (13-6) Чехияда пойтахти Прагада ўзининг навбатадаги жангида зафар қучиб, чемпионликни қўлга киритган эди. Шундан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, бу ўз оила аъзолари, мухлислари билан бўлишиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. Вақт тиғиз бўлишига қарамасдан, спортчимиз SPORTS.uz интернет ахборот порталида меҳмон бўлиб, интервью беришга вақт топди.

Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд айни дамда учта чемпионлик камарига эгалик қилмоқда. Шулардан бири XFN камари.

Mahmud_Mahmudov

Маълумот учун: X Fight Nights MMAнинг янги, профессиональ ва ўз-ўзини молиялаштирадиган лигаси ҳимобланади. XFN ареналарида жаҳон даражасидаги энг яхши жангчилар ўзаро тўқнаш келадилар. XFN спортда энди порлаётган юлдузлар ажойиб имконият ҳамдир.

– Сўнгги жангларнинг бирида жароҳат туфайли мағлуб бўлганингизни кўрдик. Бу орада кўпчилик сизнинг бошқа рингга қайтмас экан деб ҳам ўйлашди. Бунга нима сабаб бўлган эди?

– Жароҳат олган жангим менга руҳий томондан катта таъсир қилди. Ўша тўқнашувда айнан шу жароҳатим сабаб мағлуб бўлдим, аммо у жанг давомида устунлик қилди. Умуман олганда сўнгги икки ярим йил давомида биронта раундда мағлуб бўлмаганман. Давид Рамиресга қарши яхши тайёргарлик кўрган эдим, ўзимга ишончим кучли эди. Мағлубиятсиз сериям ҳам бор эди. Рамирес билан тўқнашувнинг биринчи раунди 15-сониясида у чов (пах) қисмимга зарба берди. Ҳимояловчи восита ҳам синиб кетди. Шунга қарамай жангни давом эттирдим. Кейин эса ўмровимни мўлжаллади. Бу эса ўз навбатида унинг ҳам синишига олиб келди. Шундан сўнггина жангни давом эттира олмаслигимни ҳис қилдим. Ҳатто қўлимни кўтара олмай қолдим. Бу мени жуда ранжитди. Афсусда эдим. Бу борада шифокорлар кўрик ўтказишди ва менга камида саккиз ой тикланиш учун кераклигини айтишди, лекин менда жанг қилишга иштиёқим баландлиги сабабли бир ой муддатда тикландим.

Mahmud_Muradov

– Ҳозир ҳам ушбу жароҳат ўз таъсирини кўрсатадими?

– Ҳозирда ҳам жароҳатимнинг ўрни билинмоқда. Сабаби жарроҳлик амалиёти натижасида ўмровга махсус спицалар ўрнатилган. Шундан сўнг мен навбатдаги Шота Гвасалиага қарши жангга тайёргарлик кўра бошладим. Ўзим учун аввало жароҳатдан сўнг жанг ўтказишим зарур эди. Руҳий жиҳатдан ҳам ўзимга келишим зарур бўлди. Баъзилар мени рингга қайтишимга ишонишмади ҳатто. Яратган минг бор шукрки, ёнимдаги дўстларим, яқинларим, мухлисларим, юртдошларим қўллаб-қувватлаб хатлар ёзишди. Ижтимоий тармоқларда мен танимаган инсонлар ҳам қўллашди.  Яхшиямки, мен Шотани мағлубиятга учратдим. Ўшанда жанг мен истагандек, менинг сценарийим остида ўтди. Умуман олганда бу жанг натижасидан ҳам, унинг боришидан ҳам кўнглим тўлди. Эртаси куниёқ машқ залига бордим-у ишга киришдим. Сабаби Рамирес билан реванш жангим  бўлиши керак эди. Уйқуга кетишдан аввал ҳам, эрта уйқудан тургандан сўнг ҳам фикру ҳаёлларим билан курашиб, фақат ғалаба қозониш устида бош қотирардим, аммо реваншга уч хафта қолганда рақибим жанг қилишдан бош тортди.

– Менинг фикримча, у тайёргарлигим ва иштиёқимни кўрди ҳамда ўзига керакли хулоса чиқариб олди. Тайёргарликни АҚШ, Польша, Словакияда ўтказган эдим. У эса жангни бекор қилди. Бунга оёғидаги жароҳатни сабаб қилиб кўрсатди, бироқ ўша куннинг эртасига мен унинг инстаграмида унинг жангга тайёргарлик кўраётганига кўзим тушиб қолди. Ўша расмларни сақлаб менежеримга йўлладим. Маъсул ходимлар Давид билан алоқага чиқишди ва у ўша расмларни ўчириб ташлади. Қонун-қоида бўйича жанг бир ой олдин бекор қилиниши керак. 

Mahmud_Muradov

– Кейинги рақибни қандай топдингиз?

– Бу орада ташкилотчилар унинг ўрнига бошқа тажрибалироқ ва маҳоратли рақибга қарши мени таклиф қилишди. Ўша вақтда рақибим бошқа йирик ташкилотда амалдаги жаҳон чемпиони эди. Унинг жанг қилиш услуби мақтовга сазовор. Тезкор ва рақибларига нисбатан фақат олдинга интилади, ўз устунлигини жанг аввалида кўрсатишга уринади. Унинг жангни олиб бориш тезлиги юқори. Бу эса рақибларига ноқулайликлар яратиб беради, лекин мен билан жангда ўзимнинг нималарга қодирлигим ва ғалабага бўлган иштиёқимни кўрсатдим ва зафар қучдим. У менга муносиб рақиблик қилди. Кейин шифокорнинг қабулига бордим. У эса мана энди тўлақонли машғулотларга киришишим мумкинлигини таклиф қилди (кулади). Мен эса унга жангимдан видеолавҳани намойиш қилдим. У ҳайратга тушди ва агар жароҳат олганимда нима қилар эдинг деб мендан сўради. Ҳазил аралаш сизнинг олдингизга келар эдим деб жавоб қайтардим.

– Қачон жароҳатлар ўз таъсирини йўқотади? Бу ҳақда шифокорлар бирор муддат айтдими?

– Ҳа, албатта. Менинг тўлиқ соғлиғимни тиклаш учун ярим йил вақт кетишини маълум қилди, аммо бу орада мен машғулотларни тўхтатиб қўяман дегани эмас. Бу жароҳат менга кўп нарсаларни ўргатди. Мақсадимга бўлган ишончни мустаҳкамлади. Энди чекиниш, орқага қайтиш йўқ.

Mahmud_Muradov

– Сиз бўлажак рақибларга тайёргарлик кўришда нималарга эътибор қаратасиз? Сўнгги жанг олдидан бир қанча давлатларда йиғинда бўлдингиз. Бу нима учун керак?

– Ҳар бир рақибга тайёргарлик алоҳида бўлади. Мен тез-тез Таиланддаги “Tiger Muay Thai” клубига бориб тураман. Бундан ташқари Польшада “Анкос ММА” клуби ҳам бор. Баъзан мураббий билан вақт тўғри келмай қолади. Шу вақтлари мен юқоридаги жойларда ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёргарлик кўраман. Улар бизни дўстона қўллаб-қувватлайди ва ёрдам беради. Яна АҚШда ҳам йиғинлар бўлиб туради. Европада спарринг рақиблар топиш бироз қийин. Ҳар бир жойнинг ўзига хос тайёргарлик услуби бор. Мураббийлар ва жангчилар ҳам шунга яраша. Мен шулардан янгича нимадир ўрганиб, уларни жангда қўллашни ва рақибга ноқулайликлар туғдиришни истайман.  Польшадан тез-тез таклифлар тушиб туради. Мен бориб, улар билан тажрибамни ўртоқлашаман ва яхшигина тайёргарлик кўриб қайтаман. Биз бир-биримизни ҳурмат қиламиз.

– Демак, рақибларга қараб қаерда тайёргарлик кўришни танлар экансизда?

– Шундай деса ҳам бўлади. Жангдан олдин бир қанча таклифлар бўлади. Вақтдан унумли фойдаланган ҳолда, баъзи ўсиб келаётган спортчиларга тажрибаларимни ўртоқлашиб, улардан мотивация оламан. Хуллас, бундай машғулотларда ўзингизга жуда кўп янгиликлар топасиз.

Mahmud_Muradov

– Флойд Мейвезер билан танишиш ва шартнома имзолаш қандай бўлди? Ким биринчи таклиф билан чиқди?

– Чехияда ҳам тез-тез бокс жанглари бўлиб туради. Мураббийим бир куни мени боксга таклиф қилди. Шунчаки бориб кўрасан, Мейвезернинг ҳам келишидан хабар топдим. Шу мусобақада учрашиб қолдик. У менинг жангларимга қизиқишини айтди. Мен ундан ҳеч нарса кутмаган эдим. Шунчаки бориб, бутун дунё танийдиган спортчини инсонийлик юзадиган кўрмоқчи эдим. Шундан кейин биз бирга расмга тушдик. Суҳбатлашдик. Кунларнинг бирида ундан шартнома ҳақида эшитиб қолдим. Яна учрашдик. Москвага таклиф қилди. У ерга келиб шартларни келишиб олдик. Олдинига мен XFN камарини ютишим ва реванш жанг ўтказишимни айтдим. У бунга рози бўлди. Бу билан боксдан ташқари ММА жангчилари орасида унинг жамоаси билан битим тузган илк спортчиман. Шу билан бирга илк ўзбек ҳам.

– Яқинда сизнинг “Bellator” ўтишингиз ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бу ҳақиқатми?

– Ҳа, бу бор гап. Суҳбатларнинг бирида “Bellator”га ўтиш таклифи бўлди. Бу умуман бошқа ташкилот, бошқа мусобақа ҳисобланади. Яқинда АҚШга бориб, шартнома имзолайман. Насиб қилса, бу турнирда ҳам иштирок этадиган Марказий Осиёлик биринчи спортчи бўламан. Бугунгача Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистондан бирорта спортчи иштирок этмаган. Жангларни аъло даражада ташкил қиладиган ташкилотлар кўп эмас. Кейин кўпчилигининг шароитлари спортчиларни қониқтирмайди. Шундай бўлгандан сўнг нимага мен улар учун урушишим керак. Фаолиятимда 20дан ортиқ жанг ўтказганман, лекин буларнинг ҳаммаси ҳам ҳисобга ўтмайди. Яъни баъзи ташкилотлар орқали “Bellator” ва UFCга каби йирик мусобақаларга ўтиб бўлмайди.

Mahmud_Mahmudov

– Кўпчиликка мухлисларга “Bellator”дан кўра UFC яхшироқ таниш. Сиз нима учун айнан уни танладингиз?

– Тўғри, ҳамманинг ўз қараши бор. Ҳар икки ташкилотнинг ҳам бир-биридан камчилик ва устунлик томонлари бор, бироқ қанча уринмасин UFC “Bellator”дан қолиб кетаётир. Бундан ташқари “Bellator” спортчиларга кўпроқ ҳақ тўлайди. Орада фарқ сезиларли даражада. Яна UFCнинг хўжайинлари бир нечта бўлса, “Bellator”да битта. Ҳар бир спортчи UFCда урушишни хоҳлайди, лекин мен энг зўрлар “Bellator”да деб биламан.

– Мейвезернинг “Bellator” билан алоқаси яхши. У билан учрашган вақтимизда боксчи қўнғироқ қилиб, мени уларга таклиф қилган эди. Улар кўриб чиқишди ва бунга рози бўлишди. Бунинг учун фақатгина менга титул керак холос. Мен шунчаки бу ерда иштирок этмоқчи эмасман. Россиялик Александр Шлеменкога ўхшаб узоқ йиллар чемпион бўлиш ниятим бор.

– Мейвезер жамоасида сиздан ташқари яна ўзбек спортчилари борми?

– Анчадан бери бу жамоа билан кўпчиликка яхши таниш бўлган ҳамюртимиз Санжар Раҳмоновдир. Бу спортчини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Мейвезер жамоасида жаҳоннинг энг совриндор ва номдор боксчилар, спортчилар жуда кўплаб топилади. Санжар ана шу муҳитда ўсаётган истеъдодли спортчилардан. Оғир, босиқ, мақсад сари интилувчан. Кўп бирга бўлмасакда, ундан кўп нарса ўргандим, ҳавасим янада ортди. Умид қиламанки, тез орада у порлайди. У бунга тайёр, лекин барчаси ўз вақти-соати билан. Ишлар режа бўйича кетмоқда.

– Ундан ташқари Фазлиддин Ғоибназаров ҳам профессионал фаолиятини муваффақиятли бошлаб олди. У билан кўриша олмадик, бироқ АҚШга борганда кўришиб, бир-биримизга ёрдам беришга келишиб олдик. Шундай ўзбек ўғлонлари ҳаракат қилаётганидан жуда хурсандман.

Mahmud_Mahmudov
Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионлари Фарҳодбек Собиров ва Шаҳзод Худойберганов билан

– Бундан кейинги режаларингиз қандай? Нималарни мақсад қилгансиз?

– Тез орада бизни (Ватанимизни) бошқа спорт турларида ҳам ҳавас билан қарайдиган бўлади. Мана, боксчиларимиз нималарга қодирлигини исботлади. Энди бокс бўйича кучли ҳисобланган ҳар бир давлат бизни алоҳида тилга олиб ўтади. Мен ҳам улар қатори юртимиз байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламан. Бундан ташқари ҳар бир спортчи учун ўз мавқеини ҳам ушлаб туриш муҳим ҳисобланади.

– Энг катта орзуларимдан бири Ўзбекистонда, Тошкентда спорт мактабини очишдир. Вақти келиб ҳамма профессионал фаолиятини якунлайди. Ана ўшанда шунча йил машаққат билан йиққан тажрибаларимни у ердаги болаларга улашаман. Бу мактаб барча учун текин бўлади. Ким спортни ўзига дўст деб билса, бемалол бу мактабда шуғулланиш имконияти бўлади.

Келгуси фаолиятингизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз. Суҳбатингиз учун ташаккур.

9 сентябрь куни Ўзбекистон пенчак-силат федерацияси томонидан Тошкентда силат бўйича ташкил қилиниши режалаштирилган Asian Fight 2017 халқаро жанг шоусида жаҳон юлдузлари – актёр Жан-Клод Ван Дамм, аралаш яккакурашлар жангчилари Федор Емельяненко ва Жефф Монсон билан бирга маҳаллий спортчиларимиздан Маҳмуд Муродов ҳам иштирок этади. Шоу "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтади.