“Металлург” янги мавсумда қандай каромат кўрсатаркин?

Ўтган ҳафтада ПФЛ томонидан бир қатор клубларни талабларни вақтида бажармаётганлиги учун танқид қилиб чиққанди. Ўша клублардан бири эса “Металлург” жамоаси ҳисобланади. Аммо айтиш жоизки, бекободликлар янги мавсум учун тайёргарлик ишларини ҳар томонлама олиб боришаётгани юзасидан олдин бир неча бор хабар қилинганди. Бироқ ПФЛ ушбу клубни ҳам танқид қилган бўлса, демак, ишлар ҳали тўлиқ якунига етмаган. Хўш, айни пайтга келиб у ерда ишлар қандай давом этмоқда? Қолаверса, жамоа таркиби ҳам бир мунча ўзгарди. Яқинда Туркияда шуғулланиб қайтишди. Айниқса, Осиёнинг икки карра энг яхши ўйинчиси бўлган футболчи Сервер Жепаровнинг “Металлург” сафига ўтиши клуб имиджининг ошишига хизмат қилиши аниқ. Ҳар холда бундай футболчини Бекобод клубида тўп суришга кўндириш ҳам осон кечмагандир. “Металлург” клуби бош директори Абдуқаҳҳор Маъруфалиев эса стадион ва академия ҳолати, шунингдек, таркибдаги ўзгаришлар каби масалаларда амалга оширилаётган ишлар хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Талабларнинг бажарилаётгани

Авваламбор, барчани янги бошланаётган футбол мавсуми билан табриклайман. Биз ҳам катта ниятлар билан янги чемпионатга қизғин тайёргарлик кўряпмиз. Стадионимиз қайтадан реконструкция қилиняпти. Яна тўрт мингта ўриндиқ янгиланди. Бундан ташқари, майдонимизга суғориш мосламаси ҳам ўрнатилди. “Металлург” иштирокидаги ўйинлари телевидениеда трансляция қилиш учун ҳам уларга алоҳида шароитлар яратилди. Стадион ёритгичларини ҳам янгиладик. Шунингдек, Бекобод ҳокимлиги томонидан клубимизга алоҳида ер ажратилган. У ерда жамоамиз учун иккита машғулот майдонини барпо қиляпмиз. Клубимиз ҳомийси томонидан академия учун алоҳида ётоқхона ҳам ажратилган. Айни пайтда у ерда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Лицензиялаш ишларини ҳам бажардик. Кўз тегмасин, бизда ишлар яхши кетмоқда. Энди 21 февраль куни ПФЛдан махсус комиссия келиб стадион ва клубда қилинган ишларни яна бир бор текширувдан ўтказишади.

Академия масаласи

Бекободда болалар футбол мактаби бор. У ерда 220 нафар бола 14 та мураббий қўл остида шуғулланади. Энди уни футбол академиясига айлантирганимиздан кейин атрофдан янада иқтидорли болаларни излаб топиб, жалб этамиз. Тошкент, Сирдарё, Ангрен ва яна бошқа ҳудудлардан болаларни йиғиб келамиз. Мақсадимиз ўзимиздан ҳам иқтидорли ёшларни етиштириш ва бу орқали терма жамоаларимизга ҳам муносиб номзодларни етказиб беришдир.

Тайёргарлик

Жамоамизнинг янги мавсумга тайёргарлигидан қониқиш ҳосил қилдик. Хабарингиз бор, “Металлург” Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Биз ҳам 9 кун давомида жамоа билан ўша ерда бўлдик. Таркибимизга ҳам яхши футболчиларни олдик. Масалан, “Пахтакор”дан 3-4 нафар ўйинчиларни қўшиб олдик. Сервер Жепаров, Камолиддин Тожиев каби футболчилар орқали стадионимизга янада кўпроқ мухлисларни жалб қилмоқчимиз. Барибир улар тажрибали футболчилар ва ишқибозлар ўйинларини кўриш учун ҳам келишади. Шу орқали маркетинг ишимизни ҳам ривожлантирмоқчимиз. Йигитларимиз машғулотларда астойдил шуғулланишяпти.

Жамоа олдига қўйилган мақсад

Жамоа олдига мақсад қўйилган. Ўтган йили 5-ўринни эгаллагандик. Бу йил эса энг камида ўша натижамиздан пастга тушмаслигимиз керак. Кўрган бўлсангиз, таркибимизга ҳам яхши ўйинчиларни олдик. Шундай экан, мақсадимиз ҳам шунга яраша юқори бўлади.

Жепаров қандай келиб қолди?

Жепаровни “Металлург”га ўтишининг сабабига келсак, бош мураббийимиз Андрей Шипилов ўз вақтида у билан “Пахтакор”да бирга ишлашган. Натижада мураббийнинг футболчи билан тил топишиши осон кечди. Аммо Сервернинг олдида Эрон, Жанубий Корея ва яна бошқа мамлакатлардан таклифлари бўлган экан. Аммо унга “Металлург”нинг мақсад ва режалари тўлақонли тушунтирилганидан сўнг бизнинг таклифимизга рози бўлди. Жепаровнинг “Металлург”да ўтиши мураббийимиз катта роль ўйнади.

Тўғри, Сервер Жепаров Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси ва у қиммат ўйинчи ҳисобланади. Бироқ сизга шуни аниқ айта оламанки, Сервер бизга у қадар қиммат нархга тушгани йўқ. Боя айтганимдек, мураббий Жепаровнинг олиб келинишида катта ишни бажарди. Шунингдек, биз ҳам унга ўз режаларимизни тушунтирдик. Жепаров орқали маркетинг ишимизни янада ривожлантирмоқчимиз. Балки келажакда жамоамизда ёрдамчи мураббий бўлиб ҳам ишлаб қолар. Хуллас, биз ушбу ўйинчидан кенг миқёсида фойдаланмоқчимиз.

Биргина легионер

Фақат битта легионерни олдик. Бунгача Россия ва Финляндия чемпионатида тўп сурган Сергей Тумасянни олиб келдик. У 29 ёшда, ҳужум чизиғида ўйнайди. Тумасяннинг ҳаракатлари бизга маъқул келгани боис 1+1 кўринишида шартнома туздик. Аслида легионер масаласи жуда нозик. Хориждан ўйинчи олиб келмоқчи бўлсак, ўзимизникилардан кучли бўлган легионерни олиб келиш талаб қилинади. Бунинг устига яхши легионер қиммат туради. Ундан кўра ўзимизнинг маҳаллий ёшларга кўпроқ эътибор бериб, ўшаларни ўйнатмоқчимиз. Шунинг учун фақат битта легионер билан кифояландик. Ўз вақтида порлаган футболчи Андрей Акопянцни мухлисларимиз яхши билишади. Тўғриси, Сергей Тумасянни бизга айнан Акопянц тавсия қилди. Билишимча, Ростовда улар бирга ишлашган экан. Айтмоқчиманки, бу легионернинг келиши ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ.

Баҳром Абдураҳимовга ҳам “Металлург”га ўтадими?

Умуман олганда, селекция ишларидан қониқдик. Фақат яна битта ишимиз қолди. Агарда ўзимиз хоҳлаётган ўйинчини ҳам қўлга кирита олсак, селекциядан тўлиқ қониққан бўлардик. Сизга ростини айтсам, биз “Пахтакор”даги Баҳром Абдураҳимов билан гаплашяпмиз. Аслида биз ушбу футболчи билан келишиб ҳам қўйгандик. Аммо “Пахтакор”да иккита ўйинчи жароҳат олгани сабабли Баҳромни ўзларида ушлаб туришибди. Агарда “Пахтакор” уни қўйиб юборадиган бўлса, дарҳол сафимизга қўшиб оламиз. Аслида эса Абдураҳимов жамоамизга Туркиядан қайтиб келганимиздан кейиноқ қўшилиши керак эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!