Пара-атлетика бўйича ЖЧ: Уч кунда 2 та олтин
Буюк Британия пойтахтида ўтказилаётган пара-атлетика бўйича жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Дониёр Солиев делегациямиз ҳисобига иккинчи олтин медални қўшиб қўйди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати маъулм қилмоқда.
Эркаклар ўртасида узунликка сакраш бўйича баҳсларда иштирок этган Дониёр 7.18 метр натижаси билан олтин медалга сазовор бўлди ва ўзининг ушбу натижаси эвазига Осиё рекордини янгилади. (Осиё рекорди 2015 йил Қатарнинг Доҳа шахрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Хитойлик Чен Минг Ю томонидан 7.07 метр натижаси билан ўрнатилган эди).
Мусобақада иккинчи ўринни швециялик Тобиас Жонсон (6.99 метр) эгаллаган бўлса, 3-ўрин 6.77 метр натижа қайд этган белоруслик Сергей Бурдуковга насиб этди. Шуни таъкидлаш лозимки, узунликга сакраш мусобақасида жахоннинг кўзга кўринган, кучли спортчилари иштирок этишди, улар орасида Паралимпия ўйинлари чемпиони ва рекордчиси Хилтон Лангенховен хам ўз омадини синаб кўрди.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг иккинчи куни терма жамоамиз аъзоси Хусниддин Норбеков диск улоқтириш бўйича 54.73 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллаб, иккинчи маротаба жахон чемпиони унвонини қўлга киритган эди. 100 метрга югуриш баҳслари иштирок этган Мансур Абдурашидов эса афсуски финал босқичига чиқа олмади. Олдинда спортчиларимизни ядро ва найза улоқтириш, шунингдек турли масофаларга югуриш мусобақалари кутиб турибди.
Маълумот учун, мазкур жаҳон чемпионати 23 июлга қадар давом этади ва унда 1050 нафар спортчи 213та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.
Фикрлар