"Пахтакор"да нима гаплар?

Шота Арвеладзе устозлигидаги «Пахтакор» клуби яна ҳаммасини бошидан бошламоқда. «Мавсум-2019»да «шерлар» ўз олдига катта мақсадларни қўйган ва шунга монанд тайёргарлик ҳам жиддий тарзда олиб бориляпти. Таркибда ҳам шунга яраша ўзгаришлар юз беряпти.

«Пахтакор» клуби 25 январдан бошлаб БААнинг Абу-Даби шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларига киришди. Маълумки, Ўзбекистоннинг вице-чемпиони 12 февраль куни Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида Ироқнинг «Эйр Форс» жамоаси билан беллашади. «Пахтакор»нинг асосий мақсадларидан бири эса Чемпионлар лиганинг гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритишдан иборат. Шундай экан, «Пахтакор»нинг олдида иккита ўта жиддий ўйин турибди. Агар «Эйр Форс» тўсиғидан ўтса, яна бир плей-офф учрашуви ўтказилади. Хуллас, Арвеладзе қизғин иш жараёнида ва у жамоасини янги мавсумга ҳар томонлама пухта тайёрлашга ҳаракат қилмоқда. Маълумки, ўтган йили унинг жамоаси «Ал Гарафа» тўсиғидан ўта олмай, ОЧЛ гуруҳ босқичидан қуруқ қолганди. Бу сафар яна ўша манзара такрорланашига энди йўл қўйишмаса керак.

Айни пайтда клубда селекция ишларига ҳам жиддий аҳамият қаратилмоқда. Маълумки, яқинда «Пахтакор»нинг бир қатор футболчилар билан шартномалар имзолангани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Клубдан олинган ишончли хабарларга қараганда, ҳозирга келиб Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан Осиё Кубогида иштирок этган ўйинчилар – Санжар Қувватов ҳамда Достон Ҳамдамов билан расман шартномалар имзоланган. Шунингдек, ҳужумчи Марат Бикмаев билан ҳам келишувга эришилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Аммо у билан боғлиқ аниқ маълумот шундаки, ҳозирги пайтда Бикмаев «Пахтакор» билан расман шартнома имзоламаган, фақат томонлар ўртасида музокаралар жараёни давом этаётганини айтишимиз мумкин. Шу сабабли ҳозирча Бикмаевни тўлақонли равишда «Пахтакор»нинг футболчиси дейишга шошилмай турамиз.

Бундан ташқари, клубни тарк этган ўйинчилар ҳам талайгина. Камолиддин Тожиев, Станислав Андреев, Жасур Ҳакимов, Акбар Исматуллаев каби футболчилар «Пахтакор» билан тўлақонли равишда хайрлашишганди. Шунингдек, дарвозабон Александр Лобанов ҳам ўзига бошқа жамоа қидирмоқда. Энг охирги маълумот шундан иборатки, жамоанинг асосий ўйинчилари – ҳимоячи Акмал Шораҳмедов ҳамда ҳужумчи Исмоил Гонсалвеш ҳам «Пахтакор»ни тарк этишди. Шораҳмедовни катта эҳтимол билан ОКМК жамоасида тўп суриши кутилмоқда. Гонсалвеш эса Эронга йўл олди. Шунингдек, Жалолиддин Машарипов ҳақида ҳам охирги пайтларда турли хабарлар тарқалмоқда. Шуниси аниқки, унинг «Пахтакор» билан тузган шартномаси якунига етган ва футболчига чиндан ҳам хориждан таклифлар бор. Лекин ўз навбатида «Пахтакор» ҳам ушбу ўйинчини ўзида сақлаб қолиш учун курашмоқда ва бу борада музокаралар ҳам давом этяпти. Шу боис Машарипов ҳозирча «Пахтакор» билан янги шартномага имзо чеккани йўқ. Дарвоқе, ҳимоячи Егор Кримец билан янги шартнома имзоланди.

Айни пайтда «Пахтакор» клуби чемпионатимизда кўзга кўринган айрим футболчилар билан ҳам музокараларни олиб бормоқда ва яна тез орада бу борадаги хабарлар эълон қилиниши кутилмоқда. Ҳозирда эса клубда икки нафар легионер – Марко Симич билан Драган Черан қолган. Маълумки, ПФЛ регламентига кўра 4+1 кўринишида легионерлар лимитидан фойдаланиш мумкин. «Пахтакор»да Симич билан Черанни ҳисобга олсак, яна бошқа ўринлар учун легионерлар лимитидан фойдаланиш борасида клубда имконият бор.

«Пахтакор» клуби БААда бир қатор хориж клублари билан назорат учрашувларини ҳам ўтказади. Айтиш мумкинки, 12 февраль куни бўладиган ОЧЛ плей-офф ўйини олдидан ушбу йиғин муҳим аҳамиятга эга.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
26/01/2019 09:31
Пахтакорда пул куп. Бу дегани иши беш
&
ОЗИМИЗ
26/01/2019 12:32
Тогри айтасиз пул болса чагалда шорва оматини берсин ПАХТАКОРНИ
&
darwesh
26/01/2019 09:33
Футболчи олганда, клубдарга озгина пулдан берса, узбек футболига ёрдам килган буларди