Семак ҳамда Исинбаева Конфедерациялар Кубоги 2017 учун қуръа ташлаш маросимида иштирок этади

Беш маротаба Россия Премиэр Лигаси ғолиблигини қўлга киритган Сергей Семак ва икки карра Олимпиада чемпиони Елена Исинбаева Татаристон пойтахти, Қозон шаҳрида ФИФА томонидан ташкил этиладиган расмий маросимда иштирок этади.

Бу икки россиялик спортчи келаси йил ўз мамлакатларида ўтказиладиган Конфедерациялар Кубоги 2017 учун қуръа ташлаш жараёнида ёрдам бериш учун таклиф этилган.

Конфедерацилар Кубоги келаси йил 17 июндан 2 июлгача Россия яшил майдонларида бўлиб ўтади. Бу кубок баҳсларида Россия терма жамоаси мезбон жамоа сифатида иштирок этса, Германия Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионати совриндори сифатида Россияга ташриф буюради. Австралия Осиё шарафини ҳимоя қиладиган бўлса, Европа қитъасидан Португалия “EURO – 2016” даги сенсациясини қайтаришга уриниб кўради. Шунингдек, Чили “Копа Америка” ғолиби сифатида, Мексика “КОНКАКАФ” кубоги ғолиби сифатида таклиф этилса, Океаниядан Янги Зеландия иштирок этади. “Африка Миллатлар Кубоги - 2017” ғолиби ҳам “мундиалдан аввалги мундиалда” иштирок этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!