Умидларимизни сўндирмаган жамоа

Яқин бир ой вақт давомида БАА яшил майдонларида Осиё Кубоги мусобақаси бўлиб ўтди ва ҳамманинг эътибори ушбу мамлакатга қаратилди. Гуруҳ босқич ўйинлари якунланиб, ҳал қилувчи учрашувлар бошланганида кескинлик даражаси янада кучайди. Илк бор 24 та терма жамоа қатнашган мусобақа Қатар терма жамоасининг оламшумул натижаси билан интиҳо топди. Мана буни чинакам сюрприз деса бўлади. Хуллас, 5 январдан 1 февралгача давом этган Осиё Кубоги қизиқарли саргузаштларга бой бўлди. БААнинг яшил майдонларида ўтган мусобақани ёритишда эса қалам аҳли вакилларининг ҳам ҳиссаси катта бўлганини алоҳида айтиб ўтиш ўринли бўларди. Ҳар ҳолда бунга мусобақа давомида ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик. ОАВнинг бугунги кундаги таъсир доираси анча кучайганлиги ҳақида ортиқча гапириш шарт бўлмаса керак. Осиё Кубоги давомида нафақат осиёлик, балки бошқа қитъадан келган журналистларни ҳам кўрдик. Таъбир жоиз бўлса шуни айтиш керакки, мусобақада иштирок этган терма жамоаларнинг Осиё Кубогида фаолият юритган журналистларига қараб ҳам унга бўлган эътибор қанчалик эканлигини билиб олиш қийин эмас.

Биз учун қувонарлиси шундаки, қитъамиздаги энг нуфузли бўлган турнирда ўзбекистонлик журналистларнинг миқдори анча баракали ва фаол бўлгани алоҳида эътирофга лойиқ. Ҳали бирор-бир мусобақада мамлакатимиздан бунчалик кўп ОАВ вакиллари иштирок этишмаганди. Ўз навбатида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам Осиё Кубогида ўзбекистонлик журналистларнинг терма жамоамизни фаол тарзда ёритиб, қўллаб-қувватлашларига алоҳида эътибор қаратди. Шу мақсадда Ўзбекистон олимпия қўмитаси раиси ва ЎФАнинг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг ташаббуси билан Осиё Кубогига ташкилот ҳисобидан 10 нафар ОАВ вакилларининг юборилиши, уларга зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши таҳсинга сазовор. Мақсад битта: ҳамма ватан учун, ҳамма терма жамоа учун шиори остида бирлашиш эди. Ўз ўрнида журналистлар номидан ЎФА раҳбариятига бундай имконият яратиб берилгани учун миннатдорчилик билдириб ўтишимиз тўғри бўларди. Бу ерда кимнингдар манфаати ёки шахсияти ҳақида гап кетмаяпти. Қолаверса, халқаро майдонда қайсидир клуб эмас, ватанимиз – Ўзбекистон ўйнаётганида ҳар бир инсоннинг қалбида туғилиб ўсган диёрига нисбатан фахр ва соғинч ҳиссини ошириши табиий. Айниқса, бевосита воқеа жойида бўла туриб, бундай жараённи ҳис қилиш ва уни ёритиб бориш янада ёқимли.

Футболчилар майдонга чиқишганида она юрт шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун борини бериб ўйнашади. Биз журналистларда ҳам футболчилардаги каби ҳолат кузатилди десак муболаға қилмаймиз. Чунки Ўзбекистон номидан мусобақада фаолият юритаётган маҳалда бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблардан қолишмаган ҳолда тезкорлик, аниқлик, ўз ватанига бўлган муҳаббатнинг юқорилиги туфайли катта иштиёқ билан ишлаш кишига янада завқ бағишлайди. Осиё Кубоги давомида айнан ушбу ҳиссиётларни ҳар бир ўзбекистонлик журналист ўзида ҳис қилиб кўрди.

БААга катта умид ва масқадлар билан келгандик. Бу нарса терма жамоамиз аъзоларида ҳам мужассам эди. Ҳамманинг нияти аниқ: Осиё Кубогида ғолиб чиқиш эди. Тўғри, ҳозирги пайтга келиб бу ҳолат кулгули эшитилиши ёки баландпарвоз гапдек туюлиши мумкин. Лекин, ишонинг, мақсад жиддий эди. Афсуски, якуний натижа биз учун ижобий кўриниш олмади. Бироқ терма жамоамиз шундай ўйин кўрсатдики, барибир қалбларимизда қандайдир умид сақланиб қолди. Терма жамоамизда иш бошлаганига 6 ой бўлган Эктор Купердан мўъжиза кутишимиз ҳам аслида мантиққа у қадар тўғри келмасди. Афсуски, ҳозирги пайтда биргина Осиё Кубогидаги натижа билан умумий хулоса чиқариб қўяётганлар ҳам учраб турибди ва буни ҳам тўғри тушуниш мумкин. Бироқ Купер терма жамоамизда иш бошлаган пайтда унинг олдига Осиё Кубогида чемпион бўлиши вазифаси қўйилмаганди. Унинг асосий вазифаси – 2022 йили Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишдан иборат. Шунинг учун ҳам Купер билан шартнома 3+1 кўринишида тузилган. Осиё Кубогидаги иштирокимиз эса мураббий учун қўшимча дарс бўлди. Шу сабабли ушбу турнирдаги ўйинларимизни фақат яхшиликка йўямиз.

Яна бир қизиқ жиҳат, Осиё Кубогида мағлубиятга учраган терма жамоаларнинг бош мураббийлари шу заҳотиёқ истеъфога чиқарилди. Ҳаммаси Таиланднинг сербиялик бош мураббийи Милован Райевацдан бошланди. 1-турда Таиланд кутилмаган Ҳиндистонга 1:4 ҳисобида ютқазиб қўйганидан кейин Райевац Осиё Кубогидаги дастлабки истеъфога чиқарилган мураббийга айланди. Ундан кейин эса Свен-Горан Эрикссон (Филиппин), Бернд Штанге (Сурия), Хуан Антонио Пицци (Саудия Арабистони), Марчелло Липпи (Хитой) ва Карос Кейруш (Эрон) каби таниқли бўлган хорижлик мураббийлар истеъфо номли эстафета таёқчасини бир-бирига улашдилар. БАА терма жамоасининг ярим финалда Қатарга йирик ҳисобда ютқазиб қўйганидан кейин амирликларнинг италиялик устози Алберто Заккеронини ҳам истеъфога чиқиши кутилаётганди, аммо ҳозирча бу борада расмий хабар чиққани йўқ.

Ўзбекистон терма жамоасининг нимчорак финалда мусобақани тарк этганидан кейин Эктор Купернинг истеъфоси ҳақида ҳам гапирганлар бўлди. Айрим журналистларимиз томонидан ҳам бу борада жиддий танқидлар ва бунинг ечими мураббийни алмаштириш орқали ҳал бўлиши мумкинлиги хусусида ҳам ёзишди. Тўғри, Ўзбекистон Осиё Кубогида ўзимиз истагандек қатнаша олмади. Қолаверса, вакилларимиз тўртта ўйиннинг иккитасида ғалаба ва иккитасида мағлубият қайд этилди. Умуман айтганда, танқид бўлиши ҳам табиий ҳолат. Бироқ Купер ўзи истаган жамоани қуришни энди бошлади. Шундай экан, «иморатини» охиригача қуриб олишига имконият бериш лозим. Охирги пайтларда ўзбек матбуотида қисман бўлса-да, ўсиш кузатилаётгани каби терма жамоамизда ҳам бу борада олдинга қадам ташлаш сезилаётганини инкор қилиб бўлмайди. Шунчаки, олти ойлик мураббийга биргина мусобақа орқали баҳо беришга шошилмайлик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Лео Месси
19/02/2019 17:37
Намунча тарафини оласла Куперни...бир тийинга қиммат тренер эканку...
19/02/2019 17:47
Ja bir tiyinmasdir?
&
Лео Месси
19/02/2019 20:17
Узр бир миллион доллар)))
&
дилик
19/02/2019 19:55
Термамиз химоявий уйин килолмайди ... хужумда уйнаганимизда бирон натижа кутсак буларди
&
darwesh
19/02/2019 18:00
Жахон чемпионатига чика олмасак, кейингисига бориш учун мураббий хам керак эмас. 48та жамоа булиши мумкин.
&
darwesh
19/02/2019 17:59
Камида 1 млн долларлик мураббий