Афсуски, Руни ҳам кетди, аммо…
Жума куни «Дерби Каунти» 35 ёшли Уэйн Рунини жамоа бош мураббий этиб расман эълон қилди. Ваҳоланки, сентябрь ойидан бери ҳужумчи жамоада вақтинча мураббий сифатида фаолият олиб бораётган эди. Англия терма жамоаси ва «Манчестер Юнайтед» клуби тарихидаги энг яхши тўпурар учун футболчилик фаолияти расман якунланди. Энди у ҳам мураббийлар қаторидан ўрин эгаллади. Демак, энди у босиб ўтган йўлга назар ташлашимиз мумкин.
Мактаб ўқувчиси бўлишига қарамай, Руни 2002 йилдаёқ нималарга қодир эканлигини барчага исботлаб қўйди. Унинг «Арсенал» дарвозабони – Девид Сименни 30 метр узоқликдан йўллаган зарбаси билан доғда қолдиргани мухлислар эътиборини тортди. Тахмин қилинганидек, бу ўспирин кейинроқ супер юлдуз даражасига кўтарилди.
2004 йилги Европа чемпионати Руни учун илк катта мусобақага айлангани рост. Португалияда ўтган Европа чемпионати Грециянинг ғалабаси билан ёдимизда қолган, бироқ ўша турнирда Руни ҳам ўз сўзини айта олган. Руни Хорватия ва Швейцария дарвозаларига иккитадан гол киритган ва миллат умидига айланган эди. Агар у Португалияга қарши учрашув олдидан жароҳат олмаганида, балки Греция ўзининг энг улкан ғалабасидан мосуво бўлармиди….
Ўша йилнинг кузида Руни «қизил иблисга» айланди. У мусобақадан қайтиб келганида, «Ньюкасл» ва «Челси» жамоаларининг скаутлари кутиб олишди. Негадир футболчи танловда шошилмади ва эртаси куни «Манчестер Юнайтед» вакиллари билан учрашди. 31 август санасида унинг трансфери расман эълон қилинди. Манчестернинг «қизил» бурчаги 18 ёшли вундеркинд учун «Эвертон»га 25,6 миллион фунт тўлаб берди.
Алекс Фергуссон Рунини «Эвертон» академиясидаги ўйинларидан яхши танир эди. Шу боис, мураббий ўзининг автобиографиясида Руни ҳақидаги фикрларини яшириб ўтирмади.
«Унинг илк ўйинларидаёқ биз учун керак эканлигини англадим. Курашлардан қочмайдиган, икки оёқда зарба беришга қодир иқтидорли футболчи. Аслида, биз 24 ёшли футболчини ҳам келажак учун харид қилганмиз, бироқ Уэйн умуман ўзгача трансферга айланди. У жуда эрта прогрессни бошлаб юборди.»
Унинг дебют учрашуви афсонага айланиб кетди десак, адашмаган бўламиз. Европа чемпионлар лигасида «Фенербаҳче»га қарши баҳс ва хет-трик! Бундан ортиғи бўлмаса керак!
«Арсенал» билан Рунининг ўзига хос ҳисоб-китоби бор эди. Уэйн АПЛ баҳсларининг ўзидаёқ, «кононирлар» дарвозасига 12 та гол киритган. 2004 йилнинг 24 октябрида унинг голи Лондон клубининг 49 та ўйиндан бери мағлубиятсиз ўйинларига чек қўйган эди.
Руни ўзининг илк совринини 2006 йилда қўлга киритди. Англия лига кубоги финалида «Уиген» (4:0) йўлдан олиб ташланди! Уэйн дубль қайд этди ва учрашувнинг энг яхши футболчига айланди!
Афсуски, 2006 йилдаги ЖЧда ҳужумчи ҳеч нарсани уддалай олмади. Португалия терма жамоасига қарши баҳсдаги қизил карточка эса, унинг мусобақани ёмон кайфиятда якунлашга мажбур қилди. Ўша қизил карточкага Роналдунинг ҳам аралашиб қолгани, Англияда жуда узоқ муҳокама қилингани рост…
Аммо, сэр Алекс бу йигитларнинг имкониятларини ҳаммадан яхши билар эди. Шу боис, у ЖЧдан сўнг, тўғри Кришнинг уйига борди ва уни тўлиқ ҳимоя қилишни бошлади. Боз устига, Ван Нистелройнинг кетишини Фергюсон Роналду-Руни тандеми билан беркитмоқчи эканлигини маълум қилди. Шотландиялик мураббий қабул қилган қарор ўзини оқлади. Бу йигитлар «МЮ» учун кетма-кет 4 та чемпионликни ютиб берди.
2007 йилда Уэйн «Эвертон»га қарши учрашувда 0:2 ҳисобини 4:2 га ўзгартирди. Ҳал қилувчи голдан сўнг, «ирислар» мухлислари кўз ўнгида «МЮ» логотипидан бўса олмоқда. Айнан шу воқеадан сўнг, уни «Гудисон Парк»даги ҳурмати йўққа чиқади.
2008 йилда Руни Европа чемпионлар лигасининг финалида тўп сурди. Москвадаги «Челси»га қарши кечган учрашувда «қизил иблислар»нинг қўли баланд келди, бироқ кейин улар иккита финални бой беришди.
2010 йилда Уэйн «Халл Сити» дарвозасига 4 та гол киритади. Мусобақа якунида эса, унинг голлари сони 26 тани ташкил этган. Бу унинг АПЛдаги энг яхши натижаларидан бири!
Манчестер дербисининг 78-дақиқаси! Руни тўпни чалқанча зарба билан рақиб дарвозасига михлаб қўймоқда. Бу унинг фаолиятини безаб берган гол сифатида тарихда абадий қолади!
2012 йилда Ван Перси таркибга қўшиб олинди. Сэр Алекс эса, Рунини марказий ҳужумдан бироз ортга сурди ва ярим ҳимоячига айлантирди. Шундай бўлсада, унинг иқтидори ҳар қандай позицияда ўйнаш имкониятини яратиб берди. Ушбу суратда, у АПЛдаги ўзининг 103-ассистини амалга оширгани акс этган.
Руни сэр Алекснинг хайрлашув учрашувида майдонга тушмайди. У пайтларда, уларнинг ўртасидаги муносабатга путур етган эди.
Мойес эса, Рунига иккинчи ёшликни тақдим этмоқчи эди. Афсуски, мураббийни жуда эрта истеъфога чиқариб юборишди.
2014 йилда Руни ўзининг ЖЧлардаги биринчи голини киритди. Эътиборлиси шундаки, Бразилия яшил майдонларида урилган гол унинг фаолиятидаги ягона бўлиб қолди. Қаҳрамонимиз бошқа мусобақаларда 52 та гол киритган бўлсада, мундиалларда негадир оқсаган.
2017 йилнинг 21 январь санасида Руни афсонавий Бобби Чарлтонни голлар сони борасида қувиб ўтди ва клуб тарихидаги энг яхши ҳужумчига айланди. Унинг жарима зарбасидан киритган голи «Сток Сити»га қарши ўйинда очко ишлаб олиш имконини яратди. Қаҳрамонимиз «қизил иблислар» сафида 250-голини киритган эди. Кейинроқ у яна 3 та гол билан мутлақ рекордчига айланади.
2017 йилнинг ёзида Руни «Эвертон»га қайтади. Орадан 13 йил ўтган бўлса-да, у «ирислар»ни жуда ҳурмат қилганини таъкидлаб ўтди.
Афсуски, бу эртак атиги бир мавсум давом этди ва Уэйн мавсумни 10 та гол билан якунлашга муваффақ бўлди. Айниқса, унинг «Вест Хэм» дарвозасига киритган 3 та голи «Эвертон» мухлисларини хурсанд қилган эди.
Кейин, у АҚШга жўнаб кетди. 2 мавсум давомида «Ди Си Юнайтед» шарафини ҳимоя қилди ва кўплаб шахсий совринларга эга чиқди.
АҚШда ҳаммаси кўнгилдагидек бўлишига қарамай, Руни ортга қайтишга қарор қилди. Шу боис, Филип Коку бошқарувидаги «Дерби Каунти» билан шартнома имзолади. У жамоанинг титул ҳомийси «32RED» билан шахсий шартнома имзолади ва 32-рақамда тўп суришни бошлади.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Кокуга чиқиш эшиклари кўрсатиб юборилгач, Руни вақтинчалик ўйновчи мураббийга айланди. Голландиялик мураббий ишдан кетган пайтда, клуб 13 та ўйинда атиги бир бор ғалаба қозонган эди. Руни ўз штабиа Шей Гивен ва Лием Росенорларни қўшиб олди. Бу учлик 9 та турда 15 очко олди. 9 та тур давомида атиги 2 бор мағлуб бўлган «Дерби» ҳимояда бор йўғи 4 та гол ўтказиб юборди холос.
Бундай прогрессдан сўнг, клуб уни расман мураббий сифатида эълон қилди. SPORTS.uz Англияда ўз мураббийлик фаолиятини бошлаган Рунини кузатиб боришда давом этади.
Фикрлар