Аламзадалар баҳси: "Реал" "Интер"га қарши!

Европа Чемпионлар Лигасининг «Б» гуруҳидаги вазият қолган барча гуруҳлардагидан-да қизиқарлироқ кўринишга келган. Бошқа гуруҳларда классик тарзда гранд клублар етакчиликни ушлаб турган бир пайтда, бу гуруҳда аллақандай Украина клубию, немис ўртамиёнаси жадвалда жиддий силкиниш содир этиб, барчасини оёғини осмондан қилиб юбормоқда. Кўпчилик томонидан мавсум бошида «ушбу гуруҳда фаворитлар ўз сўзини айтиши, "Реал" ва "Интер" кейинги босқичга йўл олиши ва "Боруссия"нинг Европа Лигаси йўлланмаси учун курашиши» тахмин қилинган эди. Бироқ ҳамма нарса чаппасига кетди: аутсайдер сифатида баҳоланган «Шахтёр» 4 очко билан етакчи, «Боруссия» ва «Интер» 2 очко билан мос равишда иккинчи ва учинчи ўринлардан жой олган, «Қироллик клуби» эса, сенсацион тарзда 1 очко билан 4-ўринда! «Реал» ва «Интер» ҳақиқатдан ҳам барчани ҳайратда қолдирган натижаларни намойиш этмоқда. Бугун мана шу икки аламзада гранд клуб «Альфредо ди Стефано» стадионида ўзаро куч синашади. Мағлуб ким бўлишидан қатъи назар, у яққол аутсайдерга айланади ва гуруҳда қолиб кетиш эҳтимоли ошади. Тасаввур қиляпсизми, «Шахтёр» ва «Мюнхенгладбах» билан бир гуруҳда бўлиб турган «Реал» ва «Интер»нинг гуруҳда қолиб кетиш эҳтимоли ошади! Дуранг ҳар иккисини ҳам қониқтирмайди, жамоалар максимал тарзда ғалаба учун ҳаракат қилади.

«Реал» сўнгги беш йил ичида 3 бора ЕЧЛ кубогини қўлга киритган. Охирги марта 2017-18 йилги мавсумда чемпионликни тантана қилган клуб, сўнгги икки йилда мусобақани жуда эрта тарк этяпти. Бирида «Аякс»дан, иккинчисида эса Вараннинг хатолари билан эсланувчи ўйинда «Манчестер Сити»дан қабул қилиб олинган шармандали мағлубиятлар. Ҳа, «Қироллик клуби» сўнгги мавсумларда халқаро майдонда ўзига ўхшаб ҳаракат қилмаяпти. Одатда мавсум бошини омадсиз тарзда бошлаб, ҳал қилувчи пайтларда ўзига келиб қолувчи ва охирида ғалабани тантана қилувчи клуб, энди фақат муҳим ўйинларда ютқизишдан бошқасига ярамаяпти. Бу йилги мавсум ҳам шундай бошланди. Гуруҳ босқичининг илк турида «Шахтёр»дан ўз уйида қабул қилиб олинган мағлубият ва 2-турда Мюнхенгладбахнинг «Боруссия»си билан аранг дуранг ўйнашга муваффақ бўлган клуб олдида энди ҳақиқий кучли рақиб турибди: Миланнинг «Интер» клуби!

El47Pw-XIAAI4Hh

«Интер»да нима гап?

Милан клуби ўтган мавсумда ЕЧЛ гуруҳ босқичида 3-ўринни эгаллаб (бу клуб учун одатга айланиб улгурган: «Интер» 2011-12 йилги мавсумдан бери ЕЧЛ гуруҳ босқичидан чиқа олмаяпти), Европа Лигаси йўлланмасига эга бўлган эди ва ушбу турнирнинг финал босқичига қадар етиб борди. Финалда ушбу турнирнинг энг совриндор клуби, тажрибали «Севилья»дан мағлубиятнинг қабул қилиниши эса, Конте жамоасининг мухлислари кайфиятига таъсир қилган бўлиши шубҳасиз. Мавсум оралиғида таркибини бир қанча футболчилар билан бойитиб олган жамоа энди янги мавсумни яхши натижаларга умид қилган ҳолда бошлашмоқда. Гуруҳ босқичидаги 2 турда 2 та дуранг қайд этиб, 2 очкогина йиғишга муваффақ бўлган Конте шогирдларини 3-турда «Реал» кутиб турибди. Бу улар учун ҳақиқий синов ва катта  эҳтимол билан кейинги босқич йўлланмаси учун курашнинг ҳал қилиниши бўлади.

El0afFLWMAAtTvB

"Реал"

Янги мавсум учун биронта ҳам трансферни амалга оширмаган ҳамда Бэйл, Регилон, Ҳакими ва Браҳим Диаз каби футболчиларини бошқа жамоаларга қўйиб юборган «Қироллик клуби» бу мавсум халқаро аренада анчагина қийинчиликка дуч келмоқда. Ички чемпионат Куртуанинг маҳорати ва қуруқ ўйинлари эвазига минимал ғалабаларда ҳал қилинаётган бўлса, ЕЧЛ баҳслари у қадар осон ўтмаяпти. Дастлаб, ўз уйида аутсайдер сифатида қаралган «Шахтёр»дан 1 таймда 3 та гол ўтказиб юбориб, 2-таймда унга 2 гол билан жавоб берди ва сенсацион тарзда мағлубиятга учрагач, иккинчи турда Германияда «Мюнхенгладбах» меҳмони бўлиб, сўнгги 10 дақиқада аранг мағлубиятдан қутулиб қолди. Ўша ўйинда жамоа ярим ҳимоячиси Каземиро мадридликлар жонига оро кирди, 1 та гол ва 1 та ассист орқали у «Man of the match» совринини қўлга киритиб, «Реал»нинг турнирдаги юришини давом эттириши учун кичик бўлсада умид бағишлади.

Мадрид клуби мухлисларини ҳозир фақатгина «эл-класико»даги ғалаба ва Азарнинг қайтиши бироз хурсанд қилиб турибди. Қолган натижалар эса барчамизга маълум. Айрим манбалар бераётган маълумотга кўра, Перес Зиданнинг клубдаги келажагига шубҳа билан қарамоқда ва уни ишдан бўшатиш пайида экан. Шундай экан, Зидан бугун бор маҳоратини ишга солиб, «Интер»ни енгиши ва Переснинг ишончини оқлаши зарур. Бундан ташқари, «Реал»дек клуб учун Европа лигаси йўлланмаси ўз-ўзини камситувчи нарса бўлиб туюлиши шубҳасиз.

«Реал» сўнгги йилларда итальян клублари билан ЕЧЛнинг турли босқичлари доирасида кўп бора тўқнаш келган. «Ювентус» билан чорак финал ва финалдаги баҳслар, «Наполи» билан нимчоракдаги ва «Рома» билан гуруҳ босқичидаги учрашувлар Мадрид клубининг фойдасига ҳал бўлгани барчамизнинг ёдимизда. Умуман олганда, «Реал» сўнгги йилларда итальян клублари билан баҳсларда деярли енгилмаяпти. Охирги марта 2014-15 йилги мавсумда «Ювентус» ярим финалда 2 учрашувда умумий 3-2 ҳисобида ғалаба қозониб, «Реал»ни мусобақадан чиқариб юборган эди. Кейинги мавсумдан бошлаб нималар бўлганлиги барчангизга маълум: кетма-кет уч бор ЕЧЛ кубоги қўлга киритилди, «Реал»ни тўхтатишни иложи бўлмади. Роналду ва Зидан жамоани тарк этган йили бироз инқирозли пайтда қолган даврида ҳам клуб гуруҳ босқичида «Рома»ни ишончли мағлуб этгани ёдимизда. Шундай экан, ҳозирги муаммоли шароитда ҳам ўша пайтдаги иродасини намойиш қила олишига ҳеч кимнинг шубҳаси бўлмаса керак.

Жамоада айрим йўқотишлар ҳам мавжуд бўлиб, улар бугунги ўйинга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Карвахаль, Милитао, Начо ва Эдегор жароҳат туфайли матчни ўтказиб юборади. Васкес ва Одриосола эса сўроқ остида.

Тахминий таркиблар: Куртуа; Менди, Рамос, Варан, Марсело; Каземиро, Вальверде, Кросс; Асенсио, Бензема, Азар.


«Интер»

Асосий тўпурари ўйин олдидан жароҳат олиб, майдонга тушиши сўроқ остида қолгач, «неррадзурилар»нинг ҳам аҳволи бироз қийинлашиб қолди. Бу клубда ҳам муаммолар етарлича топилади. Ички чемпионатда жамоа етакчилар билан ўйинда ўз характерини намойиш эта олмай, очко йўқотмоқда ва ҳозирда турнир жадвалида 6-ўринда бормоқда. Кетма-кет қониқарсиз натижалардан сўнг миланлик мухлислар ҳам Контега ёмон кўз билан қарашни бошлашмоқда. Буларнинг барчасига чек қўйиш учун уларга бугунги ўйиндаги ишончли ғалаба анча ёрдам бериши шубҳасиз.

Умуман олганда, «Интер» охирги 8 мавсум ичида бирор марта ЕЧЛ гуруҳ босқичидан чиқа олгани йўқ, бу мавсум бошида эса кўпчилик мутахассислар бу серийага чек қўйилиш эҳтимоли юқори эканлигини тахмин қилишганди. Ҳозирча, ишлар кўнгилдагидек эмас. Клуб илк турда Мюнхенгладбахнинг «Боруссия»си билан ўйинда Лукакунинг дубли эвазига дурангга эришган бўлса, 2-турда «Шахтёр» билан нурсиз дурангга имзо чекишди. Очколар сони 2 та. Жадвалдаги ўрин эса учинчи. Бу албатта, жамоани ҳам, клуб раҳбарияти ва мухлисларини ҳам қониқтирмаслиги шубҳасиз. Шу сабабли, уларда бу хатоларни тўғрилаш учун вақт кам қолмоқда. Учинчи ва тўртинчи турларда улар «Реал» билан уйда ва меҳмонда тўқнаш келишади. Мана шу баҳслар кўп эҳтимол билан Конте жамоасининг тақдирини ҳал қилиб беради.

Ҳаммаси уларнинг ўз қўлида. «Шахтёр» ва «Боруссия» сингари «Реал» дарвозасига йўл топа олса ва ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қола олса, марра уларники. Энг асосийси, сўнгги дақиқаларгача кураша олиш. «Реал» ўтган турда сўнгги дақиқаларда нималар қилганини кўрдингиз. Демак, кўп нарса Ханданович бошчилигидаги ҳимоя чизиғига ҳам боғлиқ бўлади.

«Интер»да ҳам айрим йўқотишлар бор. Маттиас Весино жароҳати туфайли ўйинни ўтказиб юборади. Лукаку, Санчес ва Сенсининг тушиши эса сўроқ остида қолмоқда.

Тахминий таркиблар: Ханданович; Коларов, Де Врей, Дамброзио; Янг, Видал, Брозович, Барелла, Ҳакими; Перишич, Лаутаро.

El0_1PTXgAAriYN_1

Мураббийлар

Зинедин Зидан: «Ўйингача қийин йўлни босиб келдик. Вазият яхши эмас, мен натижалардан қониқмаяпман. Ҳаммасини тўғрилаш учун бизда етарлича вақт бор, деб ўйлайман. Хатоларимиз туфайли қийин вазиятда қолдик. "Интер" - яхши жамоа. Улар билан осонгина ғалабага эришиш қийин масала. Ўйин давомида иккала клубга ҳам осон бўлмайди. Лекин, жамоамга ишонаман».

image_2020-11-03_19-57-27

Антонио Конте: «Бу – гуруҳ босқичи ўйини. Аммо биз учун ҳам, рақиб учун ҳам муҳимдир. Вазифа – гуруҳдан чиқиш. Сўнгги йилларда ўз кучини исботлаган жамоа билан учрашаётганимизни биламиз. Зинедин Зидан – жуда ажойиб шахс. У доим тиним билмай ишлаган, истеъдодига қарамай машғулотларда биринчи ўринда турарди. У – жуда зўр инсон. У ҳақида фақат яхши гапларни айта оламан. Ҳамма уни яхши кўради.
Мен бугун бор имкониятимни ишга солиб, ғалаба қозонишни хоҳлайман. Ҳаммаси шунга боғлиқ
»

image_2020-11-03_19-55-15

Хулоса ўрнида

«Реал» - «Интер» баҳси ҳеч шубҳасиз, кучли қарама-қаршилик. Индивидуал жиҳатдан ҳам жуда кўп тўқнашувларни кўришимиз мумкин бўлган марказий учрашув. Энг биринчи навбатда эса мураббийлар - тактикалар тўқнашувини кўришимиз аниқ. Мутахассислар томонидан Зиданнинг оддий клублар билан ўйинларда футболчиларга мотивация бериш билан муаммолар бор, дея баҳоланади. Бугун эса ундай эмас. «Интер» ҳақиқий топ клуб. Ўйин ҳам ҳаёт-мамот даражасида. Миланликлар ҳам осонгина таслим бўладиган жамоа эмаслигини ҳисобга олсак, бизни 90 дақиқа давомида шиддатли ва ҳужумкор футбол кутаётган бўлиши шубҳасиз. «Реал» дарвозабони 2 та турда ҳам ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қола олмади. Хандановичда эса вазият бироз яхшироқ - унинг ҳисобида битта қуруқ ўйин бор, лекин ички чемпионатнинг сўнгги турларда дарвоза даҳлсизлигини сақлаб қолиш билан муаммолар кузатилмоқда ва уларга ҳам қийин бўлиши шубҳасиз. Шу сабабли, ўйин давомида кўп гол урилиши тахмин қилинмоқда.

Бирга кузатамиз.

Абдулла Маннонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!