Англия клуби етти карра чемпионни олмоқчи
«Астон Вилла» эркин агент мақомига эга бўлган собиқ «Бавария» ярим ҳимоячиси Леон Горецка билан шартнома борасида музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда Sky Sports хабар берди.
Бирмингем клуби ҳимоявий вазифаларни бажара оладиган марказий ярим ҳимоячи билан жорий трансфер ойнаси якунлангунча келишувга эришишни мақсад қилган. Аввалроқ «Астон Вилла» «Бавария» таркибидаги Жоау Пальиньяга ҳам жиддий қизиқиш билдирган эди, бироқ португалиялик футболчи эндиликда «Бенфика»га ўтишига яқин турибди.
31 ёшли Леон Горецка 2018 йилдан бери мюнхенлик «Бавария» шарафини ҳимоя қилиб келди. У клуб билан бирга етти карра Германия чемпиони (2018/2019, 2019/2020, 2020/2021, 2021/2022, 2022/2023, 2024/2025, 2025/2026), уч карра Германия кубоги соҳиби (2018/2019, 2019/2020, 2025/2026) ва тўрт карра Суперкубок ғолиби (2018, 2020, 2021, 2025) бўлган.
Шунингдек, Горецка «Бавария» таркибида Европа Чемпионлар лигаси (2019/2020), УЕФА Суперкубоги (2020) ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати (2020) мусобақаларида ҳам ғолибликни қўлга киритган.

Фикрлар