Англия клублари "Сити"ни судга беради
Англия Премьер-лигаси клублари молиявий қоидаларни бузгани учун айбдор деб топилган «Манчестер Сити»га нисбатан судга даъво аризаси киритишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
АПЛ 2023 йил февраль ойида «Манчестер Сити»га нисбатан кенг қамровли текширув бошлаган эди. Лига маълумотларига кўра, клуб 2009/10 мавсумида бошлаб 2017/18 мавсумигача бўлган даврда даромадлар ҳақида тўлиқ ва ҳаққоний маълумот тақдим этмаган, мураббий ва футболчилар мукофотлари бўйича маълумотларни тўлиқ очиқламаган.
Шунингдек, клуб УЕФАнинг лицензиялаш қоидалари, молиявий адолат (фейр-плей) тизими ҳамда АПЛнинг фойдалилик ва барқарорликка оид ички қоидаларини бузганликда айбланди. 2026 йил 25 сентябр куни эса иш бўйича асосий қарор эълон қилинди: «Манчестер Сити» 115та айблов бандидан 114таси бўйича айбдор деб топилди.
Премьер-лига ҳозирда жазо чораларини кўриб чиқмоқда, клуб эса апелляция беришини маълум қилган. Нашр маълумотларига кўра, бир қатор АПЛ клублари бир неча вақт олдинёқ етакчи юристларни жалб этган. Улар орқали қайси миқдорда компенсация талаб қилиш мумкинлиги ўрганилмоқда.
Шу билан бирга, айрим юридик компаниялар ўзлари ҳам клублар билан боғланиб, даъво қўзғатиш имконияти ҳақида маълумот бермоқда. Баъзи клублар фикрича, «Манчестер Сити»нинг молиявий қоидаларни бузиши натижасида улар Чемпионлар лигасига йўл олиш имкониятидан маҳрум бўлган. Бу эса катта ҳомийлик шартномалари ва қўшимча бонусларни қўлдан бой беришга олиб келган.
Шу сабабли, АПЛ клублари томонидан жамоавий (коллектив) даъво аризаси киритилиши ҳам истисно этилмаяпти.
«Манчестер Сити» 2008 йилдан бери шайх Мансурга тегишли. У клубни Abu Dhabi United Group инвестиция тузилмаси орқали сотиб олган. 2013 йилда жамоа City Football Group (CFG) таркибига киритилган. Шу давр мобайнида «Манчестер Сити» саккиз марта Англия чемпиони бўлди, етти марта Англия лига кубогини, тўрт марта Англия кубогини қўлга киритди ва бир бор Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди.

Фикрлар