Англия суперкубоги финали: Превью

Анъаналар барибир ўзгача завқ бағишлайди. Ҳа, Испания суперкубогининг янги формати бизга бир эмас 3 та қарама-қаршиликдан баҳраманд бўлиш имконини берди. Аммо ушбу титул учун кураш футболчилар бироз дам олиши лозим бўлган январь ойида бўлиши бироз кўнгилни хира қилади. Суперкубок баҳслари азалдан футбол ихлосмандларини катта футболга бўлган эътиборини жамлаб олиш учун хизмат қилган. Табиийки, иккита титул эгалари ўртасидаги учрашув қизиқарли ва катта афишага эга бўлади. Мана шу орқали ёз бўйи дам олган мухлисларни яна футбол муҳитига тушириб олинарди.
Аммо 2020 йил қолган йиллардан ажралиб турди. Бу давр тарих китобларига катта ҳарфлар билан ёзиб қўйишга арзирли ўзгаришларга сабаб бўлди. Пандемия сабаб юзага келган ўзгаришлар сабаб биз ёздаги таътилни баҳорда олиб бўлдик. Ва бугун ЕЧЛ финалидан бир ҳафта ҳам ўтмай, яна бир финални кутиб ўтирибмиз.
12 сентябрдан старт олувчи Премьер-лига беллашувлари олдидан Еврокубоклардан анча аввал чиқиб кетган яна икки жамоанинг кучига баҳо бера оламиз.

ливерпуль гол
“Ливерпуль”

Клопп шогирдлари ўтган мавсумда қўлга киритган тарихий ғалаба сармастлигини унутган, деб умид қиламиз. Боиси, мерсисайдликларнинг ўтган мавсумини, шахсан, омадли кечди, дея айта олмайман. Жамоанинг потенциали ёндош мусобақаларда ҳам узоқроққа боришга имкон беришига қарамай, немис мутахассиси таваккал қилишни истамади. Лига Кубогида “Астон Вилла”га қарши ўйнаган болакайлар 5 та голни қабул қилиб олди. “Челси”га қарши кубок плей-офф учрашувида ҳам аралаш таркиб мағлуб этилди. Европа Чемпионлар Лигасида эса клуб “Атлетико”нинг супер иродаси ва Льорентенинг муваффақиятли зарбалари қурбони бўлди. Аксига олиб, дарвозада Адриан…
Шу жиҳатдан, “қизиллар” бугунги финални ютиши лозим. Сабаби, бу каби кучли таркиб билан атиги битта титул камлик қилади.
Ёзги трансферлар ойнасида Клопп ҳимояга Цимикасни олиб келди. Натижа, ижобий кўринишда бўлган тақдирда грециялик қанот ҳимоячисини майдонда кўриб қолишимиз ҳам мумкин.
Шунингдек, ўртоқлик учрашувлари мобайнида клуб академияси тарбияланувчиси Раян Брюстер ҳам ижобий таассурот қолдирди. Ёш ҳужумчи “РБ Залцбург” дарвозасига 2 та тўп киритишни уддалади.

Тахминий таркиб: Алиссон, Александр-Арнольд, Гомез, Ван Дейк, Робертсон, Фабиньо, Вейналдум, Кейта, Салоҳ, Фирмино, Мане.

ливе состав
“Арсенал”

“Канонирлар” ҳам битта яхши трансфер амалга оширди. Аммо ҳужум зонасига Виллианнинг келиб қўшилиши Артетанинг муаммоларига ечим бўла олармикан?! Бразилиялик ҳаракат қиладиган ўнг қанот вингери позициясида 80 млнлик Николья Пепе захирада ўтиради. Виллиан - универсал футболчи. У бемалол ҳужумкор ярим ҳимоячи зонасидан жой олиши мумкин. Аммо Артетага ҳимоячи кўпроқ зарур эди. Давид Луизнинг ўтган мавсумдаги хатоларини ёдга олмоқчи эмасман. Аммо унинг тажрибасига таяниб қолиш ҳам уйдаги чангни гилам остига супуриб қўйиш билан баробар. “Тўпчилар” ҳимоясига ёш ва ишончли футболчилар зарур.
Ҳали трансферлар ойнаси ёпилишига бирмунча вақт бор. Бугунги ўйин барчасига ойдинлик киритиши мумкин. Бироқ аянчли мағлубият жамоа руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.
Клуб эгаси Стэн Кронке Артетага бироз молиявий эркинлик бериши керакдек. Эркин агент Виллианнинг келиши бошқа масала. Аммо яхши келажак учун яхши харажатлар ҳам талаб этилади. Микелдан аввалги мураббийларнинг 80 млнлик хатосига у жавоб бермайди. Йўқ, Пепе ёмон футболчи эмас. Аммо унинг нархи бу қадар баланд ҳам турмайди.
Серхаражат мураббийнинг шогирди бор масаллиқдан қандай фойдаланганини бугунги ўйинда ҳам кўришга муваффақ бўламиз.

Тахминий таркиб: Лено, Салиба, Холдинг, Тирни, Седрик, Элнени, Жака, Мейтленд-Найлз, Сака, Нкетиа, Обамеянг.

арсенал
Финалдаги тўқнашувлар тарихидан

Жамоалар бундан аввал 3 маротаба Англия Суперкубоги финалида тўқнаш келишган. Дастлабки беллашув 1979 йилнинг 11 август кунида, 92800 мухлис жам бўлган “Уэмбли” стадионида бўлиб ўтганди. Боб Пейсли бошчилигидаги “Ливерпуль” 11-чемпионликни қўлга киритган ҳолда финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, “тўпчилар” кубок финалида “Манчестер Юнайтед”ни енгиб келаётган эди. Финал баҳсида мерсисайдликлар 3-1 ҳисобида ғалаба қозонди.

photo_2020-08-29_17-05-56
1989 йилда жамоаларнинг финалга келиш сабаблари ўзгарди, аммо ғолиб эмас. Иан Раш бошчилигидаги “Ливерпуль” ўйин мобайнида устунликни сақлаб турди. Учрашув тақдирини Лукич томонидан урилган ягона гол ҳал қилди.

2_1
Ваниҳоят, сўнгги бора жамоалар “Community Shield” финалида 2002 йилда учрашади. Кардиффдаги “Миллениум” стадионида кечган беллашувда “Арсенал” кичик ҳисобда ғалаба қозонади. Ўша даврда лондонликлар таркиби жуда яхши шаклланганди. Шу билан бирга Оуэн ва Жеррард каби ёш, умидли юлдузларга эга “Ливерпуль” ҳам хавфли эди. Венгер “Атлетико” Минейродан харид қилинган Жилберту Силвани майдонга ташлайди. Бразилиялик эса дебюти учрашувидаёқ гол киритиб, янги клубига чемпионлик титулини олиб беради.

3_1
Хулоса ўрнида

Муаммоли “Арсенал” ёз давомида ўзгариш томон катта қадам ташлаганини кўрмадик. Ички машғулотларда Артета нималарни жамоасига сингдиришга уринганини билмаймиз. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, “Ливерпуль” фаворит. Ва агар Лондон клуби ғалаба қозонса, бу ҳақиқий “апсет” сифатида қабул қилинади. Майдонда нималар бўлишини олдиндан билиш қийин, лекин жамоаларнинг ўйиндаан олдинги ҳолатига қараб мерсисайдликлар иккита гол фарқи билан ғалаба қозонадигандек туюляпти. Балки, мана шу финалдан сўнг, “Арсенал” хўжайинлари мураббийга нималар кераклигига гувоҳ бўлишар.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!