Англияда бошқа бунақа жамоа йўқ

“Вест Хэм” Европа майдонларида муваффақиятли юришини давом эттирмоқда. Халқаро майдонда бу жамоани енгадигани топилмаяпти.

“Болғаурарлар” қитъадаги турнирларда мағлубиятсиз сериясини 17 тага етказди. Бу кўрсаткич Англия жамоалари учун рекорд натижа ҳисобланади. Ҳали ҳеч қайси Англия клубининг мағлубитсиз серияси бу қадар узоқ давом этмаган.

“Вест Хэм”нинг бу серияси ўтган мавсумда Конференциялар лигасидан бошланган эди. Охир-оқибат жамоа УЕФА турнирининг финалида “Фиорентина”ни 2:1 ҳисобида таслим қилди.

Бу мавсум Дэвид Мойес шогирдлари Европа лигасида қатнашяпти. А гуруҳидан жой олган англияликлар дастлабки икки турда Сербиянинг “Бачка-Топола” жамоасини 3:1 ва Германия вакили “Фрайбург”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Энди “Вест Хэм” 26 октябрь куни навбатдаги турда Грецияда “Олимпиакос” меҳмони бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!