“АрМИ—2022”: Ўзбекистон жамоаси яна бир олтин медални қўлга киритди
Дунёнинг турли давлатларидан келган ҳарбий ошпазлар бир неча кун давомида Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида ўз маҳоратларини намойиш этди. Ҳар бири ўзига хос, ҳар бири ҳам ўз касбини мукаммал ўзлаштирган усталар. Бири-бирига бўй берадиган эмас.
Аммо ҳарбий ошпазларимиз осонгина таслим бўладиган эмас. Ўзлари мустақил изланди, ўрганди ва ғалаба қозонди. Кичик сержант Давлат Ҳасанов, контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Бахтишод Мелиев тайёрлаган торт ва пирожнийлар энг юқори балларга муносиб кўрилди.
Ўзбекистон ҳарбий ошпазлари 2438,6 балл тўплаб Халқаро армия ўйинларининг “Дала ошхонаси” мусобақасида ғолиб бўлдилар! Навбатдаги ўринларни қуйидагича қайд этилди:
2-ўринни Россия жамоаси — 2377,4 балл;
3-ўринни Белорус ва Ветнам жамоалари — 2210,7 балл;
4-ўринни Тожикистон жамоаси — 1526 балл.
Ҳарбий ошпазлар III даражали сержант Маъмур Мамарасулов, кичик сержант Жамшид Қўқонов, контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Илёс Ғайбуллаев, новвой ва қандолатчи ошпазлар кичик сержантлар Давлат Ҳасанов, Темур Раҳимов, контракт бўйича ҳарбий хизматчи Бахтишод Мейлиев, техниклар кичик сержантлар Жўраев Нодир, Беҳзод Каримов, Шерзод Мелиқўзиевдан иборат Ўзбекистон жамоаси тенгсиз эканликларини исботладилар.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари 27 август куни тантанали ёпилиш маросимида тақдирланади.
Фикрлар