«Арсенал» етакчисининг келажаги қаерда давом этади?
Ads

«Арсенал» клуб етакчиси Аарон Ремзи билан олиб бораётган шартномани узайтириш борасидаги музокаралари боши берк кўчага кириб қолди.

«Тўпчилар» футболчи билан шартнома бўйича таклифга ўйланиб қолган ва яқин орада Ремзи билан янги келишув бўлмаслигини мақсад қилган. Воқеалар ривожи бундай кетадиган бўлса, футболчи январдаёқ сотиб юборилиши ёки келаси ёзида у клубни эркин агент сифатида тарк этишини томоша қилишига тўғри келади.

Ўн йиллар олдин клубга келиб ўз номини тарихда қолдира олган футболчининг Унай Эмери қўли остида ҳам ижобий фазилатларини намойиш қилаётганига қарамай клубни тарк этиши мухлисларни ўйлантириб қўйган. Айниқса у «тўпчилар» сафидан кетадиган бўлса, у ҳолда қаерга деган савол кўпчиликни қийнайди. Қуйида уни ўз сафида кўриши мумкин бўлган жамоаларга тўхталамиз.

Орзу: «Реал Мадрид»

Осилсанг, баланд дорга осил! Футболда эса «Реал»дан баландроқ клублар жуда кам топилади.

Европанинг ўн уч карра, сўнгги уч мавсум ғолиби «Реал» анча жиддий чақириқ ҳисобланади. Бироқ Ремзида мадридликлар билан шахсий алоқалар бор десак хато бўлмайди. Унинг дўсти ва ватандоши Гарет Бейл ҳозир «Сантьяго Бернабеу»нинг янги қиролига айланиш арафасида турибди. Ремзи дўстига таркибга тезроқ мослашишига ёрдам бериши мумкин. Шунча пайтдан бери Испанияда яшаётганига қарамай испанчани тузукроқ ҳам ўрганиб олмаган Бейл дўсти билан яхшироқ ўрганиб олиши мумкин. Боз устига жуфтлик бир-бирини анча тушуниб ҳаракат қилади.

Ремзи майдонда Лука Модрич ва Тони Кроослар ортида таянч ярим ҳимоясини тутиб тура олади. Камига клубга унинг текинга тушиши бу трансферни рўёбга чиқариши мумкин.

Ремзининг голлар уриши ва қаттиқ интизоми «Сантьяго Бернабеу»дагиларнинг севимлисига айланишига замин яратади. Бироқ бу вариантни бежизга орзу демадик, сабаби «қироллик клуби»нинг асосий мақсади бошқа чизиқларни кучайтиришга қаратилган. Ярим ҳимояда порлаши кутилаётган бир қатор истеъдод эгалари Мадридда кўплаб топилади.

Ҳақиқат: «Ювентус»

«Ювентус»нинг ягона севадиган иши бор бўлса, уям ярим ҳимоячиларни текинга олиб келишдир.

«Манчестер Юнайтед»дан Поль Погба, «Реал Мадрид»дан Сами Хедира, «Ливерпуль»дан Эмре Жан. Шу сабабдан Аарон италян клуби учун навбатдаги нишон бўлса ажабмас.

Унинг таркибни сезиларли кучайтириши ва гол уриш қобилияти “кекса синьора”га асқотиши тайин.

Бу трансфер футболчи учун чақириқ бўлиши турган гап. Уни янги мамлакат ва унинг маданиятига мослашиш каби факторлар кутиб туради. Аммо чемпионат унинг характеристикалари учун жуда қулай. Унга асосий таркиб кафолатланган бўлмасада бу учун кураш олиб борса бўлади. Айниқса Криштиану Роналду ва Пауло Дибалалар билан бирга тўп суриш имконияти бўлади.

Шу сабаблар туфайли унинг Туринга кўчиб ўтишини ҳақиқатга яқин дейишимиз мумкин. Балки, бундай бўлмас. Ким билсин?

Джокер: «Милан»

Биз Аарон Ремзининг лондонликлар билан олиб бораётган музокаралар нега тўхтаб қолганини билмаймиз. Иккала томон келишувга эришган эди, тўсатдан клуб ижрочи директори Иван Газидис Лондонни тарк этаётганини маълум қилди. Афтидан шартномани узайтириш бош музокарачиси Газидис бўлган, бундай вазиятдан кейин «Арсенал» раҳбарияти бунга қарши бўлган.

Ярим ҳимоячининг навбатдаги клуби қайси бўлиши мумкин? Бунинг учун Газидис қаерга кетаётганини топиб кўрингчи? «Милан»! 1-декабрдан бошлаб у италян жамоасида янги вазифасини бажаришга киришади. Премьер Лиганинг номдор футболчиси унинг обрўсини мустаҳкамлаб олишига туртки бўлиши мумкин.