Ашурматов асло рози эмас...

15 ноябрь куни Суперлиганинг 24-туридаги қолдирилган ўйин – “Насаф” ҳамда “Қўқон-1912” жамоалари Қаршида рўбаро келадилар. Шу куни миллий терма жамоамизни Грузияга қарши ўртоқлик учрашуви барчамизнинг диққат-эътиборимизда бўлади. Унгача эса чемпионатимиз доирасидаги учрашувни кузатиш ҳеч биримизга зарар қилмайди.

Қаршининг “Насаф” клуби ОФК Кубогидаги иштироки сабабли Суперлигадаги иккита ўйини бироз кейинроққа сурилганди-а? Аксига олиб ОФК Кубоги финалида ютқазди, кейин 11 ноябрь куни “Сурхон”га қарши қолдирилган учрашувда тайёр ғалабани қўлдан чиқариб якунда ўз ҳисобига фақат бир очкони ёзиб қўйиш билан чекланиб қолди, холос. Энди эса олдида яна бир имконият турибди. Медаллар учун курашаётган “Насаф”нинг мана шундай захира ўйинларини ўз фойдасига ҳал қилиши жуда муҳим эди. Аммо Термизда икки очко қўлдан чиқиб кетди. Энди ўз уйида қўқонликларга қарши  учрашув ҳам “Насаф” учун ўта муҳим. Чунки бу клуб 41 очко билан 4-ўринда. АГМКдан 5, “Сўғдиёна”дан 2 очкога ортда қоляпти. Шундай экан, “Аждарлар”ни 15 ноябрда ютиши шарт бўлган учрашув кутмоқда.

насаф_5

Бу билан кимда-ким “Қўқон-1912” Қаршига ютқазиш учун боради, деган хаёлга берилса адашади. Тўғри, клуб Суперлигадан тушиб кетмайди ва ўта юқорига ҳам чиқа олмайди. Аммо жамоани олдига қўйган ўз мақсади бор. Айни пайтда қўқонликлар 32 очко билан 8-ўринда боряпти. “Локомотив” ҳамда “Навбаҳор”дан 4 очкога ортда қоляпти. Шу боис “Насаф” билан бўладиган учрашув Бахтиёр Ашурматов жамоаси учун ҳам муҳим. Қандай қилиб дейсизми, яқинда Ашурматов Sports.uz сайтига берган интервьюсида ҳозирги эгаллаб турган ўрни ҳеч кимни қониқтирмаслигини айтиб жумладан шундай деганди:

“Бу йилги мавсумда эгаллаб турган ўрнимиз йигитларимизнинг савиясига мос эмас. Юқорироқ ўринлар учун курашишимиз кераклигини таъкидлаб келганман. Афсуски, бу йил ўз майдонимизда кўплаб учрашувларда очколар йўқотдик. Ўтган йилги мавсумда 26 очко қўлга киритган бўлсак, бу сафар кўп очко йўқотдик. Тўғри, меҳмонда ёмон ўйин кўрсатмаяпмиз. Ўз уйимизда ҳам омадлироқ ўйнаганимизда бемалол юқорироқ ўйинлар учун курашишимиз мумкин эди. 9-ўрин – бизни, футболчиларни, раҳбариятни, умуман ҳеч кимни қониқтирмайди”.

кукон_8

Ўша суҳбатда ҳатто 5-ўрин – бу мураббий ўз олдига қўядиган мақсад эмаслигини очиқ айтган. Шулардан келиб чиқсак, Бахтиёр Аъзамович мавсумни максимал тарзда ўзи учун энг юқори ўринлардан бирида якунлаш пайида. Бунинг учун учта ўйинда ҳам ютқазмаслиги ва ғалабалар бўлиши талаб этилади. Бунинг устига “Қўқон-1912” ўз майдонидан кўра, сафардан омадлироқ ўйнаяпти. Маълумот учун айтмоқчимизки, клубнинг ҳисобида ҳозиргача 8 та ғалаба бор. Шулардан 5 тасини сафардаги ўйинларда қўлга киритган. Шунингдек, меҳмонда яна учта беллашувда дуранг ўйнаган. Ўз майдонида эса 3 та ўйинда ютди. Бу эса чиндан қўқонликларни сафарда анчайин хавфли рақиб эканидан далолат.

Қолаверса, Ашурматовнинг юқоридаги фикрларидан келиб чиқсак, у жамоасининг айни чоғдаги эгаллаб турган ўрнидан асло рози эмас. Шу боис у ҳам жамоасини ютуғи учун борини беришга тайёр. “Насаф”нинг сўнгги пайтларда ўтказаётган ўйинларида турли қийинчиликларга дуч келаётганини ҳисобга олсак, навбатдаги учрашув ҳам бундан мустасно бўлмаса керак. Бахтиёр Ашурматов эса меҳмонда жиддий рақибга қарши ҳимояга эътиборни кучайтирган ҳолда қарши ҳужумлардан фойдаланиш учун жамоасини тайёрлаётган бўлса бундан ажабланмаймиз. Ҳозирги футболда чиройли ўйиндан кўра натижа долзарб. Жамоангиз зўр ўйнаса-ю, лекин ютолмаса буни ҳеч ким эсламайди, фақат натижа қолади. Буни қўқонликлар устози яхши тушуниб турибди. “Насаф”да эса вазият бошқача. У ерда шундайки, жамоа ҳам чиройли ўйнайди, ҳам натижа қилади. Мана шу иккиси жамоа ўйинида муштарак. Аммо доим ҳам буларни уйғунлаштириш осон кечавермайди.

кукон1_2

“Насаф” – “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги қарама-қаршиликлар тарихи қандай? Доим улар иштирокидаги учрашувлар томошабоп ўтади. 15 ноябрь куни Қаршида ўтказиладиган беллашув ҳисоб бўйича клубларнинг ўзаро 26-тўқнашувига айланади. Албатта, устунлик “Аждарлар” тарафида. Улар рақибини 16 марта тиз чўктирган. Охирги марта шу йилнинг биринчи даврасида Қўқондаги учрашувда 1:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўз навбатида “Қўқон-1912” 5 та учрашувда ғолиб чиққан. Сўнгги бор 2019 йилги мавсумда ўз уйида “Насаф”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди. 4 та ўйинда эса жамоалар дуранг қайд этганини қўшимча қилмоқчимиз. “Насаф”нинг энг йирик ғалабаси 4:0 бўлса, бу борада “Қўқон-1912” рақибини 3:0 ҳисобида таслим қилган. Табиийки, тўплар нисбатидаги устунлик ҳам “Насаф”да – 45:25.

Мағлубиятга асло рози бўлмайдиган икки жамоа ўртасидаги ўйинни кузатиш қизиқарли. Қўқонликлар имкони қадар юқори ўринларга кўтарилиши учун Қаршидаги баҳсда ютқазмаслиги лозим. Аксинча, “Насаф” медаллар учун курашда мазкур захира ўйинидан фойдаланиб ўз ҳисобига уч очкони ёзиб қўйишни жуда хоҳлаяпти. Гарчи юртимизда ҳозир совуқ кунлар бўлса-да, Қаршидаги ўйин ҳарорати юқори бўлишига шубҳа йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!