«Аталанта» - ПСЖ: Превью

Чорак финал арафасида Чемпионлар Лигасида 6 та бирор марта ушбу кубокни қўлга киритмаган клублар саф тортишди. «Бавария» ва «Барселона» ҳисобида эса 5 тадан «шалпангқулоқ» бор. Демак, ёки бу икки жамоадан бири титуллари сони бўйича иккинчисини ортда қолдиради. Ёҳуд қайсидир жамоа ўз тарихида илк маротаба ушбу совринни қўлга киритади.

Бугун Чемпионлар Лигасида у қадар катта тажрибага эга бўлмаган икки жамоа ўзаро тўқнаш келади. Мавсум аввалида уларнинг бири ярим финалгача етиб боришини тахмин қилганлар камчиликни ташкил қиларди. Икки жамоа буткул бошқа-бошқа олам. Бири улкан сармоя ортидан катта ўсишга эришган бўлса, иккинчиси қўл остидаги материаллардан унумли фойдаланган ҳолда кучли жамоавий футбол хосил қила олди. Парижликлар юлдузлар билан тўлиб тошган. Баъзида бу мураббийга ҳалақит бериб ҳам қўяди. Бергамоликларда эса энг катта ном бу бош мураббий Гасперинидир. Айнан шу жиҳатдан ҳам итальянларда устунлик мавжуддек. Аммо ўз тарихида илк бора еврокубокларда тўқнаш келаётган бу икки жамоанинг беллашуви олдидан аниқ хулосалар чиқариш мушкул.

аталанта 1

«Аталанта»

Гуруҳ босқичидаги иштирок уларнинг ўйинига бироз ишончсизлик билдирилишига олиб келганди. Аммо кутилмаганда нимчорак финални Гасперини шогирдлари жуда осонлик билан ўтказишди. «Валенсия» дарвозасига иккала учрашувда ҳам 4 тадан гол урган жамоа рақибларни жиддийроқ ўйлаб кўришга чақирди.

А Серия бронза медалига эга чиққан жамоа жорий мавсумда  98 та гол уриб, миллий биринчиликларда энг кўп тўп киритган жамоалар орасидан жой олди.

УЕФА Чемпионлар Лигасидаги дебют мавсумини ўтказаётган бергамоликлар натижаларини яхшилаб олишлари учун ажойиб имконият бор. 90 дақиқалик футболда бир нечта юлдузларисиз ўйнайдиган ПСЖни мағлуб этиш уддалаб бўлмайдиган топшириқ эмас.

Тахминий таркиб: Спортьелло, Паломино, Толои, Жимсити, Хатебур, де Рон, Фрюлер, Гозенс, Гомес, Малиновски, Сапата.

Иштирок эта олмайди: Голлини, Иличич.

Таркибга киритилганлар: Белланова, Шутало.

Қайдномадан ўчирилганлар:Тамизи.

 аталанта состав

ПСЖ

Парижликлар бугун 50 ёшга тўлди. Юбилей мавсумга катта режалар қилингани аввалданоқ кўриниб турганди. Гуруҳ босқичида «Реал»ни иккинчи ўринда қолдирмаганида Тухель шогирдлари «Манчестер Сити»га йўлиққан бўларди. Ушбу тўқнашувгача Париж клуби иккита кубок баҳсини ўтказиб келди. Биринчисида «Сент-Этьен» 1-0 ҳисобида енгилган бўлса, кейингисида «Лион»ни пенальтилар сериясига кўра титулдан маҳрум қилди. Кўриниб турибдики, уларда муаммолар етарли. Жамоа гол уришга қийналмоқда. Энди янада кўпроқ қийналса ажаб эмас. Киллиан Мбаппе тўпиғидан жароҳат олди ва бугун майдонга тушиши сўроқ остида. Ди Мария дисквалификация туфайли майдонга тушмайди. Шунингдек, Марко Вератти ҳам қайдномадан жой олмади. Унинг жароҳати борлиги айтилмоқда.

Кўриб турганингиздек, французларда йўқотишлар бирмунча кўп.  Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, статус жиҳатидан улар бир бош устун.

Тахминий таркиб: Навас, Керер, Тьягу Силва, Кимпембе, Бернат, Эррера, Маркиньос, Гуйе, Сарабиа, Икарди, Неймар.

Иштирок эта олмайди: Ди Мария, Вератти,  Курзава.

Сўроқ остида: Мбаппе.

Таркибга киритилганлар: Беккер, Чупо-Мотинг.

Қайдномадан ўчирилганлар: Кавани, Менье.

псж состав

Мураббийлар

 

Жан Пьеро Гасперини: «Биз Европага ортиқча сарф-харажатларсиз кучли жамоа туза олишимизни кўрсатиб қўйдик. Ўйлашимча, футбол мухлисларига ҳам шу кўпроқ манзур бўлади. Бизнинг елкамизда улкан вазифа турибди. Энди мухлислар биздан ғалаба кутишади. Неймар дунёнинг энг зўр футболчиларидан бири. Унга қарши ҳаракат қиладиган ҳар қандай жамоа қийинчиликка учраши аниқ. Биз ғалаба учун ўз ўйинимизни кўрсатиб бера олишимиз кифоя».

гасперини

Томас Тухель: «Аталанта»га қарши ўйнаш оғир. Бу катта синов, аммо доимгидек имкониятлар бўлади. Бу тактик курашга бой ўйин бўлади. Машғулотларимизда жамоавийлик ва қувноқлик руҳи сезилиб турибди. Биз майдондаги ҳақиқий курашга тайёрмиз».

тухель

Ҳар икки жамоа ўз тарихида биринчи бор ярим финал йўлланмасини қўлга киритиши мумкин. Демак, бугун янги тарих ёзилади. «Аталанта» Чемпионлар Лигасидаги дебютидаёқ чорак финалгача етиб келди. Сафар давом этиши ҳам мумкин. Бунинг учун биринчи навбатда ПСЖ енгилиши керак.

Париж клубининг муваффақиятини эса қатарлик сармоядорлар интиқиб кутишмоқда. Бугун итальянларга имкониятни бой берган тақдирда Тухель ютиб берган 3 та кубок ҳам уларнинг кўзларига кўринмай қолиши мумкин.

90 дақиқа тўхтовсиз ҳужумлар, тезкор футбол, курашга бой ўйин – мана биз бугунги ўйиндан нима кутмоқдамиз!

псж

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)