БААдаги ўзбек чемпионининг саргузаштлари

Маълумки, ҳамюртимиз Отабек Шукуров «Шаржа» жамоаси билан БААда мамлакат чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Мавсум эса футболчимиз учун осон ўтгани йўқ. Айниқса, «Шаржа» етакчисининг терма жамоада олган жароҳати туфайли маълум вақтга сафдан чиқишига мажбур бўлди. Шундай бўлса-да, айни пайтда даволанаётган ҳамюртимиз ҳали ҳамон «Шаржа» клуби билан бирга. Легионер сифатида ўзга юртда соврин ютиш доим ҳам ёқимли ва унутилмас бўлиб қолади. Шукуров эса бу борада тарихдан жой олди.

«Шаржа» охирги бор чемпион бўлганида мен ҳали туғилмагандим»

Отабек Шукуровнинг БААда чемпионликни қўлга киритгани барчамиз учун қувончли хабар бўлди. У ўз меҳнатлари билан «Шаржа»нинг етакчиларидан бирига айлана олди ва бу чемпионликдан ҳамюртимизнинг ҳиссаси катта. Биз эса Отабекни ажойиб ғалаба билан табрикладик. Футболчи аввало қўлга киритилган муваффақият ҳақида гапирди.

- Табрик ва эътибор учун катта раҳмат. Чемпион бўлганимдан, айниқса, бошқа мамлакатда ўйнаб энг юқори чўққини забт этганимиздан жуда хурсандман. БАА чемпионатида кучли жамоалар кўп. Бу йил гранд клублар кўп бўлиб, чемпионлик учун курашда даъвогарлар бисёр бўлган ҳолда уларнинг орасида биз чемпион бўлганимиз икки ҳисса ёқимли бўлди. Биз 1-турданоқ чемпион бўлиш учун курашган киришгандик. «Ал Айн», «Ал Васл», «Ал Жазира», «Ал Наср», «Ал Ваҳда» каби етакчилар орасида чемпионликка эришиб мухлисларимизни хурсанд этдик. Бунинг устига «Шаржа» бунгача 24 йил муқаддам чемпион бўлган экан. У пайтда ҳаттоки мен ҳам туғилмаганман. Бутун Шаржа чемпионликни нишонлади.

«Мавсум бошида эмас, охирларида жароҳат олганим яхши бўлди»

Афсуски, Отабек мавсум охирларида жароҳати туфайли жамоасига ёрдам бера олмади. Бизни эса биринчи навбатда унинг аҳволи қизиқтиради ва биз учун соғлиги биринчи ўринда туради. Шундай экан, тикланиш жараёни қандай давом этмоқда? Ортиқча қийинчиликлар йўқми? Булар ҳақида футболчимиз шундай деди:

-  Футбол – бу спорт. Спортда эса жароҳатларсиз бўлмайди деб ўйлайман. Худога шукр, ҳозир аҳволим анча яхши. Жароҳат олганим билан бу нарсани ўйлаб, тўхтаб қолмаслик керак. Аслида эса жароҳат сизнинг янги даражага кўтарилишингиз учун имконият. Бу вақт давомида сиз даволаниш билан бирга дам олиб, ҳаммасини четдан кузатасиз ва яна соғайгач, янги куч билан майдонга қайтасиз. Шукрки, ўша пайтда жароҳатим янада жиддий бўлиб чиқмади. Буни ҳам ўзига яраша ҳикмати бор деб ўйлайман. Оёғимни операция қилдириб келдим. Бир томондан мавсум бошидан кўра чемпионат охирларида жароҳат олганим ҳам яхши бўлди. Гипсни ечиб, аста-секин юришни бошладим. Шу кунларда машғулотни ҳам бошлайман деган умиддаман. Операция қилдириб келганимдан бери «Шаржа» клубидаман. Бу ерда шифокорлар, массажчилар ва жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассислар ҳар куни икки маҳалдан мен билан иш олиб боришяпти.

шукуров2

«Лондондаги шифохонада Терри билан Коул ҳам операция қилдирган»    

Маълумки, Шукуров Лондонда операция столига ётиб, жарроҳлик амалиётини ўтказди. Одатда бирор-бир футболчимиз хорижда операция қилдирса Лондонда эмас, бошқа шаҳарга борганини эшитамиз. Лекин ҳамюртимиз нима учун Лондонда операция қилдирди? Бунга аниқ жавобни ўзидан эшитамиз.

- Лондонда операция қилдирганимнинг сабаби шуки, буни «Шаржа» клуби истади. Мен борган жой катта даволаш маркази бўлиб, у ерда кучли мутахассислар ишлашар экан. Қолаверса, оёғимдаги ўша жароҳатни даволашга ихтисослашган экан. Очиғи, у ерга бориб даволанишнинг ўзи қийин иш экан. Ўша ерда Жон Терри, Эшли Коул каби таниқли футболчилар ҳам мен каби операция қилдиришган экан. Қолаверса, ўзим ҳам яхшироқ жойда, ишончли операция қилдиришни хоҳлагандим. Худога шукрки, ҳаммаси яхши ўтди ва ҳозирда Лондон билан ҳам алоқада бўлиб турибмиз.

«Шаржа»га пул учун бормаганман»

У "Шаржа" клубининг муҳим футболчиларидан бири ва бунга ўз меҳнати билан эришди. Лекин легионер ўйинчининг бошқа мамлакат чемпионатида бунчалик ҳурмат-эътибор қозониб, ўз ўйини билан ишончни қозониши қийин. Аммо Отабек ҳаммасини мукаммал даражада бажармоқда десак хато қилмаймиз. Шукуров бундай даражага эришишида ўзи учун жамоадагиларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис этгани ҳам рост.

- Тўғрисини айтсам, легионер сифатида БАА чемпионатида ўйнаш жуда оғир. Боиси, у ерда легионерларга талаб ниҳоятда баланд. БАА клублари исталган пайтда хорижлик футболчиларни алмаштириш ҳуқуқларини кўриб чиқа оладилар. Ҳар бир жамоада яхши легионерлар тўп суришади ва тўрт нафардан хорижликлар ўйнашади. Ҳамма клуб эса ўша легионерларга ишонишади. Мен ҳам буни жуда яхши ҳис қиламан. Кўпчилик мени БАА чемпионатига пулни ўйлаб кетган деб ўйлашади. Лекин мен бундай фикрламаган бўлардим. Менинг ўша вазиятдаги ҳолатим айнан шуни тақозо қилганди. «Шаржа»га келган биринчи кунимданоқ яна олдинга қадам ташлаб, футболчи сифатида ўсиш учун меҳнат қилишни бошлаганман. Шунингдек, Шаржада мени ҳамма яхши кўради. Бунинг учун улардан миннатдорман.

«Шаржа»нинг чемпионлигини

«Лестер»нинг Англия чемпионлигига ўхшатиш мумкин»

Маълумки, ҳамюртимиз жароҳати туфайли "Шаржа"нинг охирги ўйинларида жамоасига ёрдам бера олмади ва айниқса, чемпионликни ҳал қилган муҳим баҳсларда иштирок эта олмади. Бундай вазиятда унинг ўзига ҳам алам қилган бўлиши табиий. Шунга қарамай, Шукуров ўз жамоаси билан чемпионликни нишонлади.

- Жароҳат олган пайтимда жамоага ёрдам бера олмаслигимни ўйладим ва бу менга алам қилди. Чунки бунгача чемпионлик учун катта ҳажмдаги ишни бажариб келаётгандик. Доим терма жамоага кетаётган пайтимда «Шаржа» клуби бош мураббийи Абдулазиз Анбари менга нима бўлса ҳам жароҳатсиз қайтгин деб айтарди. Шунинг учун бошида жароҳат олганимдан жуда хафа бўлдим ва менга роса алам қилди. Лекин тақдиримга ёзилган нарсаларни ҳеч қачон рад қилмайман. Чунки ҳаммаси Худодан. Муҳими, биз чемпионликка эришдик. Чемпионлик йўлида катта иш бажарилди. Чунки ҳозиргача «Шаржа» БААнинг гранд жамоаси эмасди. Худди Англияда «Лестер» чемпион бўлган ҳолатига ўхшайди. Операциядан кейин ҳам жамоа билан бирга бўлишни хоҳладим ва буни раҳбарлар ҳамда мураббийларимиз ҳам исташди. Майдонда бўлмаса ҳам, майдон ташқарисида жамоа билан бирга бўлиб, қўллаб-қувватлашимни хоҳлашди. Чемпион бўлганимиздан бахтлиман. Лекин футболни майдон ташқарисидан кузатгандан кўра ўйнаш осонроқ.

шукуров янгиси

«Шаржада ҳар кунимни футбол билан ўтказаман»

Биз Осиё Кубоги мусобақаси учун БААга борганимизда Шаржада Отабек Шукуровни қанчалик яхши кўришларига гувоҳ бўлгандик. У ерда футболчимизнинг бир куни қандай ўтяпти?

- Кўз тегмасин, Шаржада ҳар бир куним анча яхши ўтади. Тўғриси, бу ерда кўп ҳам бошқа ишлар билан чалғимайман. Асосан футбол ҳақида ўйлайман. Албатта, оилам билан бирга яшайман. Вақти-вақти билан Шаржага ота-онам ва ака-укаларим ҳам келиб туришади. Кунимни фақат футбол билан ўтказаман десам ҳам бўлади.

«Пул, мансаб, чемпионлик ўз йўлига»

Отабек Шукуровнинг фаолиятига эътибор қаратсак, ҳаммаси "Машъал"дан бошланди. Шундан сўнг "Бухоро" ва "Бунёдкор"да ўйнади. Аслида у босқичма-босқич кўтарилишга эришиб келмоқда. "Шаржа"га ўтиши эса фаолиятида янги саҳифа очилганини билдирарди. Хўш, эндиликда фаолиятида яна янги саҳифа очиб, олдинга қадам ташлаш нияти борми?

- Тўғри, фаолиятимни «Машъал»да бошладим. Шу ўринда «Машъал» раҳбариятига ва академиясига катта миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Кейинчалик «Бухоро» ва «Бунёдкор» клубларида фаолият олиб бордим. Ушбу жамоаларнинг мухлислари ҳамда раҳбарларига ҳам раҳмат айтмоқчиман. Лекин тўғри айтдингиз, ҳаммасига босқичма-босқич эришиб келяпман. Аммо ростини айтсам, «Шаржа»га келган кунимдан яна олдинга қадам ташлаш ҳақида ўйлайман. Доим Шаржада қолиб кетиш ҳақида ўйламайман. Ҳа, бу ерда оилам яхши яшайди ва барча шароитлар бор. Гарчи чемпионликни қўлга киритган бўлсак-да, бу билан чекланиб қолмоқчи эмасман. Меҳнат қилаверсак, Худоим йўлни очиб беради. Ўзимни ҳам кучли чемпионатларда ўйнаш ниятим бор. Ҳаётда ҳамма соҳада ҳам ҳаракат қилиш керак, тўхтаб қолмаслик лозим. Пул, мансаб, чемпионлик ёки бошқа нарсалар ўз йўлига. Энг муҳими, инсон ҳаракатдан тўхтамаслиги даркор. Боя айтганимдек, «Шаржа»га келган кунимдан кейинги қадамни ташлаш йўлида меҳнат қилиб юрибман.

«Легионерлар билан оилавий борди-келдиларимиз бор»

Шу ўринда, Отабекдан "Шаржа" клубидаги энг яқин инсони ким эканлиги билан ҳам қизиқиб кўрдик.

- Алоҳида бир-иккита ўйинчини таъкидлаб ўтмоқчи эмасман. Бу ерда барчамиз бир оиладекмиз. Чемпионликка эришишимизда ички муҳитимизни жуда яхшилиги ҳам қўл келди. Мураббийимиз ҳам доим бир оила бўлишимизни айтиб келади. Игор Торонадо, Веллингтон Саурес каби ўйинчилар билан ҳам яхши муносабатдаман. Улар билан оилавий борди-келдиларимиз бор, - деди футболчи.

Шукуров6

«Мақсадим Европа чемпионатида тўп суриш»

Ҳозирча Европа майдонларида тўп сураётган ўйинчиларимиз деярли йўқ ҳисоби. Аммо Отабек Шукуровнинг салоҳияти бемалол кучли чемпионатларда тўп суришга етади деб ўйлаймиз. Бу борада унга Европа томонлардан ҳам таклифлар бўлганми? Бу борада Шукуров қуйидагича жавоб қайтарди.

- Европада ўйнашни жуда ҳам хоҳлайман. Футболда ривожланишим, ўсишим ва янги босқичга чиқишим ҳамма нарсадан устун туради. Насиб қилса, Худо мени ҳам шу кунларга етказсин. Мен шунинг учун меҳнат қилиб келяпман. Мени арабларга пул учун ўтиб кетди деганлар ҳам бўлди. Лекин бу тўғри фикр эмас. Ўзбекистон чемпионатида ўйнасангиз, у ердан тўғридан-тўғри сизни Европа клубларига олишмайди. Фақат фаолиятингизда босқичма-босқич ўсишга эришсангизгина бу нарса амалга ошиши мумкин. Ҳали Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Ёки бўлмаса бирор-бир ўзбек футболчиси Европанинг кучли чемпионатларида ўз номини қолдира олмади. Афсуски, Европада ўзбек ўйинчиларига талаб ниҳоятда кам. Шу боис мухлислар ҳам тўғри тушунишларини истардим. Лекин менинг Европа чемпионатларида ўйнаб кетишимга кучим етади. Кўпчилик Европада корейс ва япон футболчилари ўйнашаётганини мисол қилишади. Уларнинг терма жамоалари доимий равишда жаҳон чемпионатларида иштирок этишади. Футболчилари ўз номларини танитишган ва ушбу мамлакатларда футбол инфратузилмаси ҳам тўғри йўлга қўйилган. Биз ҳам шунга қараб ҳаракат қилишимиз керак. Чунки биздан кейинги келажакдаги футболчиларимиз учун осон бўлиши лозим. Очиғи, ўзбек футболи қийин даврда. Аммо шунга қарамай, ҳаракат ва меҳнат қилишда давом этиш лозим. Биз фақат Европада ўйнаш учун ҳаракат қиляпмиз. Тўғриси, шу йилнинг ёзида ҳам менда Европа клубларидан бирига ўтиш учун имконият бўлиши мумкин эди. Лекин кутилмаган жароҳатга учрадим. Энди эртага нима бўлишини билмайман. Ҳозир эса тезроқ майдонга қайтиб, спорт формамни тиклаб олиш ҳақида ўйлаяпман. Лекин ҳали Европада ўйнаш имкониятим бўлади. Футбол мухлисларимиз ҳам барчасини реал фикрлашларини хоҳлардим. Ўзбекистон чемпионатида ўйнаб туриб сизга Европа клубидан таклиф тушиши жуда қийин. Терма жамоа билан жаҳон чемпионатида ўйнасангиз бу ҳар бир ўйинчи учун ажойиб реклама бўлади. Тўғриси, бу ерда қолиб кетишни ўзим хоҳламайман. Осиёда қолиб кетмоқчи эмасман. Шу кунгача ҳаммасига Худога таваккал қилиб эришиб келяпман. Бу ёғига ҳам таваккал қилишдан тўхтамайман.

«Ижтимоий тармоқларга меҳрим баланд эмас»

Ҳозирги пайтда аксарият футболчилар интернетдан фаол фойдаланишади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда кўп кўрамиз. Бу борада Отабек Шукуровнинг тутган ўрни қандай? У ҳам ижтимоий тармоқларда фаолми? Қуйида билдирган фикрлари орқали жавоб оласиз.

- Рости, ижтимоий тармоқларга меҳрим унчалик баланд эмас. Қолаверса, бу нарсалар билан шуғулланишга ҳам улгурмайман. Футбол сайтларини ўқиб туришга ҳаракат қиламан, аммо доим ҳам вақтим бўлмайди. Лекин журналистларнинг мухлислар учун тўғри маълумотларни етказиб туришларини хоҳлардим. Шундагина ишқибозлар ҳам футболдаги ҳамма нарсани очиқ-ойдин биладилар. Аммо ҳозирги кунда турли миш-мишларни ҳам ёзиб чиқаришяпти. Натижада мухлислар бунга ишониб қолишяпти. Доим ҳаққоний гапларни ёзишини истайман. Шу ўринда журналистларга ҳам омад тилайман.

«Шартномамда чемпионлик учун бонуслар белгиланган»

Одатда ҳар бир муваффақият ва соврин учун жамоа аъзолари муносиб равишда рағбатлантирилади. Айниқса, легионер футболчилар бу борада янада яхшироқ имкониятларга эга бўлишади. Шукуров эса "Шаржа" билан БАА чемпионлигини қўлга киритди. Шу муносабат билан клуб раҳбарияти футболчиларга қандай бонусларни ваъда қилишгани ҳам биз учун қизиқ.

- Гапнинг очиғи, ҳали бу нарса ҳақида аниқ бир нима билмайман. Аммо шартномамда чемпионлик, 2-ўрин ёки 3-ўринни эгалласак, турли хил бонуслар белгиланган. Охирги ўйиндаги ғалабадан кейин бизга уч кунлик дам берилганди ва яна жамоамиз машғулотларга киришган. 26 май куни охирги учрашувни ўтказамиз. Лекин ҳали чемпионлик учун қандай рағбатлантириш ҳақида ҳеч гап йўқ.

шукуров

«Купер чемпионлик билан табриклаб хабар юборди»

Июнь ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси учта халқаро даражадаги ўртоқлик учрашувларини ўтказади. Бироқ БАА чемпиони бу ўйинларни ўтказиб юборишга мажбур. Шу ўринда Эктор Купер ҳам унга эътибор қаратиб келаётган бўлса ҳам ажаб эмас.

- Терма жамоамизнинг ўртоқлик ўйинлари ўтказилишидан яхши хабарим бор. Бу футболчиларимиз учун яхши имконият. Лекин афсуски, ўзим мана шундай учрашувларда ўйнай олмаслигимдан хафаман. Лекин барча нарсанинг ўз ҳикмати бордир. Аммо ушбу ўртоқлик учрашувлари биз учун жуда керакли. Чемпион бўлганимиздан кейин Эктор Купер ижтимоий тармоқ орқали мени чемпионлик билан табриклаб хабар юборибди. Бундан хурсанд бўлдим. Жароҳат олганимдан кейин ҳам мураббий мени қўллаб-қувватлаб турибди.

«Ал Ваҳда»га қарши беллашув энг яхши ҳис туйғуларга эга ўйин бўлди»

Ўз навбатида Шукуров "Шаржа"даги фаолияти давомида унутилмас ўйинлар сифатида ҳам ўз фикрларини билдирди.

- Аслида ҳамма ўйинни унутиш қийин бўлади. Шунга қарамай, етакчиларга қарши беллашувларимиз кўпроқ ёдда қоларли бўлди. 2-ўриндаги «Ал Аҳли» билан уйда ва сафарда қўлга киритган ғалабаларимизни таъкидлай оламан. Қолаверса, меҳмонда «Ал Айн» ва «Ал Ваҳда» билан ўйинлардаги ғалабалар ҳам бизга катта руҳий куч берган. Айниқса, ўзим ўйнамаган бўлсам ҳам куни кеча «Ал Ваҳда»ни ютган ўйинимиз мен учун энг яхши ҳис-туйғуларга эга бўлган учрашув бўлиб қолди. Чунки ўша ўйинда биз мамлакат чемпиони бўлдик.  

«Шаржа»дагилар мендан Машарипов ҳақида қизиқишганди»

Шукуровдан клубидагилар яна бошқа ўзбекистонлик футболчилар ҳақида сўраб туришармикин? Агар ўзига қолса қайси футболчини "Шаржа"да кўришни истаган бўларди? Ўйлаймизки, унинг жавоби янада қизиқ.

- Футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам ўзбек ўйинчилари ҳақида сўраб туришади. Ўтган йили ёзда бош мураббийимиз мендан Жалолиддин Машарипов ҳақида маълумотлар сўраганида қўлимдан келганича ёрдам берганман. Лекин нимагадир бу трансфер амалга ошмади. Бунинг сабабини эса билмайман. Албатта, ўзим ҳам бир клубда ҳамюртларим билан бирга ўйнашни жуда хоҳлаган бўлардим.

«Футбол ҳаётимнинг асосий қисмига айланган»

Фараз қилайлик, агар Отабек Шукуров футболчи бўлмаганида ўзини қайси соҳада тасаввур қила оларди?

- Футболчи бўлмаганимда қандай соҳада ишлашимни тасаввур ҳам қила олмайман. Футбол ҳаётимнинг асосий қисмига айланган. Эсимни таниганимдан бери футбол билан шуғулланиб келаман. Бунинг устига футболни танлаганимдан бери бошқа нарсаларга қизиқишим ҳам йўқолган. Дам олиш кунларимда ҳам машғулот қилишни ва оиламга вақт ажратишни яхши кўраман, - дея муносабат билдирди.

«Шаржадаги уйимда ўзбек телеканаллари бор»

Шунингдек, ҳамюртимиз Ўзбекистон чемпионати ва ундаги ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Имкон қадар кузатиб боришга ҳаракат қиляпман. Шаржадаги уйимда ўзбек телеканаллари ҳам бор. «Спорт» телеканали Суперлига ўйинларини жонли эфирда олиб беришга ҳаракат қиляпти. «Динамо» - «Бухоро» учрашувини олиб бераётган экан ва бир тайм кўрдим. Ўзимизда футболни ривожлантириш йўлида қилинаётган ишлардан хабарим бор. Албатта, буларнинг самараси бўлади деб ўйлайман. Жаҳон чемпионати йўлида бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз ва ишонаманки, албатта Ўзбекистон мундиалга чиқа олади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Mardon Shukurov
25/05/2019 09:44
Otabek Shukurov albatda Yevropada o'ynashing kerak.Bu yo'lda omad! Sen hozir eng yaxshi futbolchilarimizdan birisan.Eng kamida Eldor Shomurodov kabi RPL da o'ynashing shart.
&
darwesh
25/05/2019 10:38
Осиёдан Еврлпада утиши кийин булади