Бабаян: Бу мен учун янгилик эмас
Ўзбекистон Суперлигаси 20-туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Навбаҳор" учрашуви ниҳоясига етди. Унда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
"Қалдирғочлар" сафида голларга Исмоналиев ва Хакимов (пенальти) муаллифлик қилди. Меҳмонларнинг голи Яхшибоев номига қайд этилди.
Беллашувдан сўнг ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида "лочинлар" устози Самвел Бабаяннинг фикрлари билан танишиб чиқинг:
- Афсуски, бугун мағлуб бўлдик. Қўпол хатоларга йўл қўйдик. Биздаги асосий муаммо яратган имкониятларимиздан фойдалана олмаганимиз. Футболда гол урмасанг, ютиш қийин. Нима қолди? 6 та ўйинимиз қолди. Ушбу учрашувларга кучли тайёргарлик кўришимиз керак.
- Биринчи таймнинг ўзида 3 та ўзгариш қилдингиз. Шундан сўнг устунлик "Навбаҳор" томонига ўтди. Таркиб танлашда хато қилдим, деб ўйлайсизми?
- Йўқ, хато қилмадим. Сабаби, уларнинг учаласи ҳам жароҳат олди. Мен очиқчасига таваккал қилдим. Бу 3 нафар футболчиларнинг ҳаммаси асосий таркиб ўйинчилари. Асад Собиржонов ҳатто охиригача ўйнай олмади. Чунки унинг жароҳати қайталаниб қолди. Болтабоев ва Марушич ўйин сўнггида қандай ҳаракат қилганини мен кўрдим. Наздимда, мухлислар бунга эътибор бермади.
- Босим ҳақида.
- Чиндан ҳам менга катта вазифалар юклатилган. Бунақа босимда ҳаракат қилиш қийин. Айниқса, Наманганда. Биз гол уриш учун ажойиб имкониятлар яратдик. Бироқ гол бўлмади. Сабаби, футболчиларда қандайдир босим бор. Ўзим ҳақимда гапирсам, бу ҳолат мен учун янгилик эмас.
- Мағлубиятнинг асосий сабаби нимада? Козак билан Кримец ўйнайдими ёки йўқ?
- Асосий сабаб - биз 2 та хато қилдик. Яна бир сабаб бугун "Бунёдкор" футболчилари яхши ўйин ўтказди. Кримец билан Козак жароҳатда. Уларнинг бу мавсум ўйнаши сўроқ остида.
- Марушич асосан захирадан майдонга тушяпти. Бу унинг ўйинида пасайиш юз бергани учунми?
- Ўтган ўйин тактик қарор эди. Бугун унда жароҳат бор эди. Мен шунчаки таваккал қилдим. Марушич бизнинг асосий ҳужумчимиз.
- Мавсум охирига яқин "Навбаҳор"да жароҳат олаётган футболчилар кўп бўляпти. Ротация қилмаганингиз туфайли шу ҳодисалар содир бўлмаяптими?
- Сунъий ротация керак эмас. Ротация қилиш учун майдонга тушадиган футболчининг даражаси юқори бўлиши лозим. Бугун "Навбаҳор"нинг мақсади ғалаба эди. Шунчаки, ротация деган ном учун бу ишни қилиш ёки ўзини ўзгариш қилаётгандек кўрсатиш керак эмас. Биз етарлича бу ишга қўл урамиз. Мисол учун, Собиржонов биринчи даврада захира футболчиси эди. Ҳозир у асосий таркибда ҳаракат қиляпти.
Фикрлар