Бабаян уддалай оладими ёки...

Суперлиганинг марказий учрашуви сифатида эътироф этилаётган “Бунёдкор” – “Навбаҳор" ўртасидаги учрашув мухлисларнинг эътиборини тортяпти.

“Бунёдкор” чемпионатни анча ишончли бошлагани ёдингиздами? Кетма-кет ғалабалар қозониб, нияти жиддий эканлигини кўрсата бошлаганди. Лекин охирги пайтларда “Бунёдкор” ҳам бирин-кетин очколар йўқотяпти. “Қалдирғочлар” сўнгги бор 7 апрель куни чемпионатнинг 5-турида сафарда “Бухоро”ни 0:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб қайтган. Шундан бери “Бунёдкор”да пасайиш кузатилмоқда. Охирги 4 та турда 2 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этишди. Натижада “Бунёдкор” 6-ўринга пастлади. Уларнинг ҳисобида 15 очко бор. Олдинда энди “Навбаҳор”га қарши оғир учрашув кутяпти.

бунёдкор2_2

“Навбаҳор”да эса ишлар деярли жойида. Жамоа 19 очко билан 3-ўринда. “Нефтчи”нинг бу турда “Олимпик” билан дуранг ўйнаганини инобатга оладиган бўлсак, Самвел Бабаян жамоаси ушбу турда уч очкони қўлга киритса, мусобақа жадвалида пешқадамга айланиб олади. Боиси, ҳисобида 21 очкоси бўлган “Пахтакор”нинг “Насаф”га қарши учрашуви қолдирилган. Шунинг учун “Навбаҳор”да 1-поғонага кўтарилиб олиш имконияти мавжуд.

Ўйин меҳмонлар учун ҳам енгил ўтмаслиги маълум. Юқорида айтганимиздек, “Бунёдкор” 4 та турдан бери ютолмаяпти. Балки “Қалдирғочлар”нинг ғалабасиз серияси бу турда ҳам давом этар ёки бунга барҳам берар, буни вақт кўрсатади. Аммо бу тўқнашув ўзига яраша принципиал аҳамиятга эга. Айтайлик, “Бунёдкор” сафида “Навбаҳор”дан кўчиб ўтган иқтидорли ярим ҳимоячи Дониёр Абдуманнопов тўп суряпти. Собиқ жамоасига қарши ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатиши катта эҳтимол. Бусиз ҳам Дониёр “Бунёдкор”да энг яхшиларидан бўлиб турибди. Ёш, шижоатли жамоа тажрибали ўйинчилардан ташкил топган жамоага қарши саф тортади.

Фақат “Навбаҳор” учун “Бунёдкор”га қарши ўйинлар статистикаси ёқимсиз. Айниқса, “Бунёдкор”нинг мезбон сифатида ўтадиган учрашувлари наманганликларга омадсиз бўлиб қолган. Ўзаро учрашувларга келсак, рақамлардаги устунлик “Қалдирғочлар” тарафида. Чемпионат доирасида бўлиб ўтган 34 та беллашувда “Бунёдкор” 21 марта ғолиб чиққан. “Навбаҳор”нинг 7 марта қўли баланд келган. 6 та баҳсда дуранг кузатилган. Ўтган йили Наманган ва Тошкентдаги учрашувларда жамоалар бир хил – 2:1 ҳисобларида ғалаба қозонишган.

навбаҳор

Юқорида тўхталганимиздек, “Навбаҳор” учун ёқимсиз жиҳати шуки, улар ҳали “Бунёдкор” мезбонлигида ўтган ўйинларда умуман ғалаба қозона олмаган. Тошкентда 3 та дуранг қайд этишган, қолган барча баҳсларда имконият бой берилган. Бабаян “Навбаҳор”нинг мана шу ғалабасиз сериясига чек қўйиши керак, мухлисларининг наздида. У буни уддалай оладими ёки йўқми, албатта учрашув тугаши билан билиб оламиз. Шунингдек, “Бунёдкор” ўзаро ўйинлар тарихида наманганликларни 6:0 ва 5:0 ҳисобларида ҳам ютган пайтлари бўлган. “Бунёдкор” 64 та гол урган, “Навбаҳор” эса 28 та. Дарвоқе, бу жамоаларнинг ўзаро учрашувларидаги сўнгги учта баҳсида фақат 2:1 натижаси қайд этилмоқда.

“Бунёдкор” – “Навбаҳор” қарама-қаршилиги анчайин қизиқарли ва кескин тарзда ўтиши кутиляпти. Балки жамоалар очиқ футбол ҳам намойиш этар. Ҳар ҳолда “Бунёдкор”да шунга мойиллик бор. Албатта, мураббийларнинг қўллайдиган тактикасига ҳам кўп нарса боғлиқ.

Шуҳратбек Жўраев.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
аавва
23/05/2023 09:52
Омад
&
Umidjonsobitov3gmail.com
22/05/2023 14:00
Навбахорга омад факат галаба
Азимов Хасанбой
22/05/2023 11:44
Биз халол ва кизикарли уйин тарафдоримиз хеч кимни уйинга тасир курсатишини хохламаймиз.