Бадавлат клуб "Брага"дан зўр дарвозабон оляпти
Португалиянинг «Брага» клуби ва Чехия терма жамоаси дарвозабони Лукаш Горничек «Ньюкасл» сафига ўтиш арафасида турибди.
Sky Sports нашри маълумотига кўра, 24 ёшли посбон Англия клубига трансфери олдидан Испанияда тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган.
Манбага кўра, кўчиш ҳақидаги расмий эълон яқин кунларда берилади. Хабар қилинишича, «Ньюкасл» мутасаддилари «Брага» билан тузилган шартномада кўзда тутилган махсус банддан фойдаланиб, дарвозабоннинг трансферини амалга оширишга қарор қилган.
Бу бандга мувофиқ, инглиз клуби Горничек учун 30 миллион евро тўлайди. Чехиялик футболчи «Ньюкасл»нинг асосий дарвозабонига айланиши кутилмоқда.
Горничек 2019 йил ёзида Чехиянинг «Пардубице» жамоасидан «Брага»га келиб қўшилган эди. Ўтган мавсумда у барча мусобақаларда жамоа таркибида 55 ўйин ўтказиб, 51 гол ўтказиб юборди. Шу билан бирга, 24 учрашувни дарвозасини дахлсиз сақлаган ҳолда якунлади.

Фикрлар