 
                “Барса” дарвозабонини суперклуб оладиган бўлди
2014 йилдан бери “Барселона” дарвозасини қўриқлаб келган германиялик дарвозабон Марк-Андре тер Штеген жамоа бошқарувига ҳамюрти Ханс-Дитер Флик келганидан кейин асосий таркибдаги жойини йўқотган.
Каталонияликлар ёзда Жоан Гарсияни трансфер қилиб, айнан уни биринчи рақамли посбон сифатида ўйнатмоқда. Ўринбосар мақомини фаолиятини тугатганидан кейин “Барса” таклифи билан яна футболга қайтган Войцех Шчесни бажаряпти.
Журналист Саша Тавольерининг ёзишича, Марк-Андре тер Штегеннинг Каталониядан кетиши кутиляпти. Захирада ўтиришдан фойда йўқлигини яхши англаб турган 33 ёшли голкипер январда бошқа клубга ўтмоқчи.
Манбага кўра, тер Штегенга Англия чемпионатининг энг бадавлат клубларидан ҳисобланган “Челси” харидор бўляпти.
“Барселона” раҳбарияти немис дарвозабонидан қутилиш учун уни ижарага беришга ҳам, тўлиқ сотиб юборишга ҳам тайёрлигини билдирди. Марк-Андре тер Штегеннинг амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ярмигача тузилган.
Маҳоратли дарвозабон 2026 йили АҚШ, Канада ва Мексикада бўладиган жаҳон чемпионатида иштирок этишдан умидвор. Бунинг учун эса, у мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши талаб этилади.



Фикрлар