"Барса" ҳимоячисини Англияга чақиришяпти
«Барселона»нинг ёш марказий ҳимоячиси Хави Эспарт Англия премьер-лигаси жамоаларининг диққат марказида қолмоқда. Инсайдер Экрем Конур тарқатган маълумотларга кўра, 19 ёшли испан футболчисини Лондоннинг икки клуби — «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» кузатиб бормоқда. Ушбу жамоалар ҳимоя чизиғини кучайтириш вариантларидан бири сифатида Эспарт номзодини кўриб чиқмоқда.
Шу билан бирга, Эспартни қўлга киритиш осон кечмаслиги айтилмоқда. «Барселона» раҳбарияти ёш ҳимоячини 100 миллион евро атрофида баҳоламоқда ва ундан кам миқдорга футболчини қўйиб юбориш нияти йўқ. Қолаверса, яқинда Эспарт клуб билан шартномасини узайтириб, 2030 йил июн ойи охиригача «Барселона» шарафини ҳимоя қилишга келишиб олган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ҳозирча футболчининг бозор қиймати 25 миллион еврони ташкил этмоқда. Клублар ўртасида расмий музокаралар ҳали бошланмаган.

Фикрлар