"Барса" жуда арзон ўйинчини олди
Каталониянинг машҳур клуби "Барселона" Эквадорнинг "ЛДУ Кито" жамоаси ярим ҳимоячиси Хосуэ Кайседо бўйича келишувни якунлади. Испаниянинг нуфузли Marca нашри хабарига кўра, ёш футболчи келаси мавсумни "Барселона" тизимида ўтказади ва асосан захира жамоа — "Барселона Б" сафида майдонга тушади.
Клублар ўртасидаги оғзаки келишув ўтган ҳафтаёқ эришилган, ҳозир эса барча юридик масалалар расман расмийлаштириб бўлинди.
Кайседо Каталония пойтахтига бир йиллик ижара асосида йўл олмоқда. Шартномада футболчининг трансферини 2,5 миллион евро эвазига сотиб олиш имкони белгиланган. "Барселона" ижара муддати якунлангач, ушбу банддан фойдаланиши мумкин.
Шу билан бирга, келишувда мажбурий сотиб олиш шарти ҳам бор: агар ярим ҳимоячи Ханси Флик бошқарувидаги асосий жамоа таркибида камида тўртта расмий ўйинда майдонга тушса, каталонияликлар кўрсатилган миқдордаги тўловни амалга оширишга мажбур бўлади. Агар трансфер тўлиқ амалга ошса, "ЛДУ Кито" кейинчалик "Барселона" футболчини учинчи клубга сотган тақдирда, ўша келишув суммасининг 20 фоизини олиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган.
Ўтган мавсумда Кайседо "ЛДУ Кито" таркибида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмади. У барча мусобақалар доирасида жами 10 та учрашувда майдонга тушди ва ўз ҳисобига битта голли узатма ёзди.

Фикрлар