"Барса" қишда ПСЖ ҳимоячисини сотиб олмоқчи
Каталонияликлар мудофаани кучайтиришга киришди
RugeTV хабарига кўра, «Барселона» қишки трансфер ойнасидан фойдаланиб, 25 ёшли эквадорлик марказий ҳимоячи Виллиан Пачони қўлга киритишни режалаштирмоқда. Ҳозирда у «ПСЖ» шарафини ҳимоя қилмоқда.
Маълумотларга қараганда, каталонияликлар Пачони Пау Кубарси учун энг мақбул шерик деб ҳисобламоқда ва унинг трансфери учун тахминан 80 миллион евро таклиф қилишга тайёр. Биринчи расмий таклиф январь ойида йўлланиши кутилмоқда. Агар музокаралар кутилганидек натижа бермаса, «Барселона» ёзда яна бир бор уриниб кўришни режалаштирган.
Виллиан Пачонинг «ПСЖ» билан амалдаги шартномаси 2031 йил ёзигача мўлжалланган. У яқинда парижликлар билан келишувини узайтирган эди. Пачо 2024 йилда «Айнтрахт»дан «ПСЖ»га ўтган ва жорий мавсумда клуб таркибида 10 та ўйин ўтказган. У ҳозирча гол ёки голли пас билан ажралиб турмаган.

Изоҳлар (0)