Бахтиёр Ашурматов мағлубият сабабини қандай изоҳлади?

Бугун бўлиб Ўзбекистон Кубоги доирасидаги “Янгиер” – “Қўқон-1912” (2:1) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар устози Бахтиёр Ашурматов фикрларини билдирди.

- Бугун “Янгиер” жамоасида ғалабага бўлган хоҳиш ва иштиёқ кучлилик қилди. Шунинг ҳисобига улар охиригача курашиб, ғалаба қозонди. Меҳнатлари эвазига ғалаба қозонган “Янгиер”ни табриклайман.

- Жамоангиз ўтган турда “Металлург” билан баҳсда ҳам, бугун ҳам охирги дақиқада гол ўтказиб ютқазди...

- Афсуски, ўша пайтда хавфли вазият ҳам эмасди. Дарвозабонларда бундай ҳолатлар бўлиб туради, кутилмаганда гол ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда тўп назорати борасида бизга нимадир етишмади. “Янгиер” охиригача курашди. Натижада ҳисобни тенглаштириб, охирида ғалаба голини ҳам урди. Кубок доирасидаги гуруҳда биз қийин вазиятга тушиб қолдик. Яна иккита ўйинимиз бор. Ўша учрашувларда вазиятни тўғрилашимиз керак.

- Суперлига билан про-лига жамоаларини таққослаб кўрдингизми? Қандайдир фарқларини сездингизми?

- “Янгиер” жамоасининг “Бухоро” билан ўйинини ҳам кўргандик. Шунингдек, “Олимпик” клубига қарши учрашувини ҳам кузатгандик. “Янгиер”да яхши савиядаги футболчилар борлиги ҳамда иштиёқи кучлилигини кўргандик. Бугунги ўйин пайтида 1:0 ҳисобида ютаётганимизда барибир жамоамиз Суперлига вакили эканлиги билиниб турди. Кейин бўшашдикми, “Янгиер” охиригача курашиб, ўзида куч топа олди ва ҳаққоний ғалабага эришди. Бу мавсумда про-лига клублари ҳам юқори савияда ўйин кўрсатишяпти. Бугунги ўйин буни кўрсатиб берди. Кубок баҳсларида бундай ҳисоблар кўп учраб туради. Бошқа чемпионатларда ҳам пастки лига клублари элитадаги жамоаларга қарши бошқача иштиёқ билан ўйнашади.

- “Машъал” “Металлург”ни ютди. Қайси жамоани гуруҳдан чиқиши мумкин деб ўйлайсиз?

- Бугунги ўйиндан кейин ҳар бир жамоада имконият бор деб ўйлайман. “Янгиер” бугун уч очкони қўлга киритди. Биз қийин аҳволга тушиб қолган бўлсак ҳам олдимиздаги иккита ўйинда вазиятни тўғрилашимиз керак. Ҳамма клубларда имконият тенг.

- Жамоангизнинг сўнгги олтита ўйинига фикрингиз?

- Уйимиздаги учрашувларда охиригача ҳаракат қиляпмиз. Вазиятлардан фойдалана олмаслигимиз қимматга тушяпти. “Металлург” билан баҳсда охирида гол ўтказиб юбордик. Йигитлар мағлубиятдан тўғри хулоса чиқаришади ва кейинги учрашувларга бошқача ўйин намойиш этишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!