Бахтиёр Ашурматов ноқулай аҳволда...

Ўзбек футболининг ватани ҳисобланмиш – Қўқонда доим футбол жамоаси бўлиб келган. “Қўқон-1912”нинг номланиши ҳам бевосита ўзбек футболининг дебочаси билан боғлиқ. Анчадан бери Суперлигада иштирок этиб келаётган ушбу клуб мўътадилликни сақлаб келади. Ўта юқорига ҳам чиқиб кетмайди, ўта пастга ҳам шўнғимайди, айниқса охирги йилларда.

Энди бевосита жорий йилдаги ўйинларига келадиган бўлсак, клуб ҳозирча 10-поғонада эканини билсангиз керак. Натижалар жамоа истагандек кечмаётгани рост. Натижалар яққол айтиб турибди. Бир қанча жамоалар ҳозиргача тўлиқ учрашувларини ўтказишгани йўқ. Аммо қўқонликлар шу кунга қадар барча – 11 та баҳсда узлуксиз ўйнади. 3 ғалаба, 1 дуранг ва 7 мағлубият бор. Тўплар нисбати 6\16.

қўқон1

Суперлигада энг кўп ютқазган клублар иккита бўлиб, булар – “Локомотив” билан “Қўқон-1912”. Бахтиёр Ашурматов бош мураббийлик қилаётган жамоа аслида шундай натижаларга муносибми? Таркибда эса яхши ижрочилар йиғилган. Тўғри, мавсумга тайёргарлик жараёнида бир қатор етакчи футболчилар клубни тарк этишди. Лекин мураббийлар штаби уларнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилишди. Айниқса, Қувондиқ Рўзиев билан Жавоҳир Сидиқовнинг қайтарилганлиги клуб учун катта ютуқ бўлди. Шунингдек, яна бир қатор Суперлига ҳавосидан баҳраманд бўлган, кўпни кўрган ўйинчилар ҳам келди.

Клуб охирги марта 11 май куни Тошкентда “Локомотив” устидан ғалаба қозонди. Сўнгги иккита баҳсда эса ўз дарвозасидан учтадан гол ўткзиб мағлуб бўлди. Ҳозирча мухлислари истаган натижа кузатилмаяпти. Хўш, бунга нима сабаб? Таркибда яхши ижрочилар бўлса ҳам нега клуб ўзига муносиб ўринда эмас?! Гап шундаки, жамоада молиявий томондан муаммолар борлиги ҳақида эшитгандик. Катта эҳтимол шу нарса натижаларга ўз таъсирини кўрсатаётгандир. Чунки футболда доим молиявий ҳолат муҳим роль ўйнайди. Лекин бу муаммо узоқ давом этмайди ва аллақачон вазият яхши томонга ўзгараётган бўлиши ҳам мумкин.  

қўқон2

Чемпионатимизда терма жамоаларимизнинг расмий ўйинлари сабабли юзага келган танаффус балки қўқонликларга ижобий таъсир кўрсатар. Қолаверса, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун ҳаракатлар олиб бориляпти. Янгилик шуки, куни кеча янги раҳбар тайинланди. Бу хусусида ПФЛ матбуот хизмати шундай хабар қилади: “Қўқон-1912” футбол клуби ягона таъсисчисининг 2022 йил 30 майдаги қарорига мувофиқ Айрапетов Григорий Викторович футбол клуби президенти этиб тайинланди. Мутахассис бунгача Ўзбекистон футбол ассоциациясида ишлаб келаётганди.

2012 йилдан буён “Қўқон-1912” футбол клубининг раҳбарлик лавозимида, шу жумладан, клуб президенти лавозимида ишлаган Толипов Бахтиёр Одилович аввалроқ нафақага чиққан бўлиб, унинг ўрнида кейинчалик бир муддат Усманов Асқар Каримович футбол клуби президенти лавозимида фаолият юритди”.

қўқон3

Жонкуяр ишқибозлар ушбу ўзгариш жамоага фойда келтиришларига умид қилмоқдалар. Мураббий сифатида жуда талабчан бўлган Бахтиёр Ашурматов ҳам “Қўқон-1912”нинг натижаларидан ноқулай авҳолда. Боиси, у қўқонлик ва бу ерга мухлисларнинг истакларини амалга ошириш учун келган. Табиийки, уларнинг истаклари севимли клубини пастки ўринларда кўриш эмас. Буни эса Ашурматов яхши тушуниб турибди. Ҳозирги танаффусда жамоа ўйинини ўзгартириш чораларини кўраётган бўлса ажаб эмас. Қолаверса, молиявий томондан вазият ўнгланадиган бўлса, футболчилардаги кайфият ҳам кўтарилади. Балки ёзги трансфер ойнаси очилган маҳалда таркибда яна ўзгаришни кўрармиз. Бу ёғи мураббийларнинг тузган режаларига боғлиқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!