Бердиев ҳар йил четлатиляпти...
"Насаф" Суперлига 7-турининг сўнгги баҳсида "Олимпик"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди. Ушбу баҳсда "аждарлар"ни Шуҳрат Тошпўлатов майдонга бошлаб чиқди.
Бунинг сабабидан аллақачон хабардор бўлсангиз керак. "Бунёдкор" билан ўйин охиридаги тартибсизликлар туфайли "Насаф" устози Рўзиқул Бердиев 5та ўйинга четлатилган эди.
Эътиборли жиҳати, сўнгги йилларда қашқадарёлик мутахассис билан бундай ҳолат тез-тез рўй бермоқда. Ҳозир охирги 3 мавсумда Бердиев дуч келган дисквалификациялар ҳақида маълумот берамиз.
1) 2020 йилнинг октябрь ойи. "Насаф" Суперлиганинг 21-турида "Металлург" меҳмони бўлмоқда. 1-таймга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётган пайтда тўп майдонни тарк этганидан кейин Бозоров ва Камолиддин Тожиев ўртасида тўқнашув содир бўлди. Аниқроғи, бекободликлар сардори "Насаф" вингерини тирсаги билан туртиб юборди. Бу ҳолатдан жаҳли чиққан Рўзиқул Бердиев шогирдининг ёнини олиб, Тожиевни ҳақоратлай бошлади. Ва учрашувни бошқараётган Аскер Нажафалиев "аждарлар" устозига қизил карточка кўрсатганди. Шунга қарамай, баҳс якунида Бобир Абдихолиқов билан Дилшот Саитов томонидан урилган голлар "Насаф"га 3 очко келтирди.
Эртаси куни эса ЎФА тартиб-интизом қўмитаси тажрибали мутахассисни 1 ўйинга дисквалификация қилиб, жаримага тортди.
2) 2021 йилнинг октябрь ойи. "Насаф" Суперлиганинг 23-турида "Андижон" меҳмони бўлиб, 1:1 ҳисобидаги дурангга рози бўлган. Учрашувдаги кулминацион ҳолат "аждарлар" бурчак зарбасидан кейин гол урган вазиятда рўй берган. Азиз Асимов ўша эпизод тўп қаршилик ўйинчининг қўлига теггани туфайли голни бекор қилади. Нима бўлганини тушунмай қолган Рўзиқул Бердиев эса асабийлашиб, шогирдларини майдондан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилди. Тажрибали мутахассисни ЎзПФЛ комиссари (ўша ўйинда ҳозир ЎзФҲМни бошқараётган Лазиз Қўчқоров ишлаган) зўрға тўхтатиб қолади.
ЎФА тартиб-интизом қўмитаси регламентга зид ҳаракатлари учун Бердиевни 2 ўйинга дисквалификация қилди.
3) 2022 йилнинг сентябрь ойи. "Насаф" Суперлиганинг 17-турида "Локомотив" билан дуранг ўйнади. Қаршидаги ўйин якунлангач Бердиев ҳакамларга эътирозини номақбул тарзда билдиргани учун қизил карточка билан жазоланди. Шундан кейин у бош ҳакамнинг (ўша ўйинда Аҳрол Рисқуллаев ишлаган) кўкрак қисмига зарба беради. Ушбу ҳаракати учун тажрибали мутахассис 3та ўйинга дисквалификация қилинган, Бердиев ва "Насаф" жаримага тортилган эди.
Гувоҳи бўлганингиздек, "аждарлар" устози қоидага зид ҳаракатлари учун йилдан йилга оғирроқ санкцияларга дуч келяпти. Умид қиламизки, бешталик дисквалификация Бердиев учун охиргиси бўлиб қолади.
Фикрлар