Бердиевга ҳам осон эмас!

Яқинда “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Sports.uz нашрига интервью берди. Унда мураббий бир қатор масалаларга батафсил тўхталиб ўтган. Рўзиқул Саъдуллаевич билан боғлиқ охирги воқеалар ёдингизда бўлса керак. 29 август куни Қаршида “Локомотив” билан ўйиндан кейин бош ҳакам билан тортишгани сабабли Бердиев учта учрашувга дисквалификация қилинди. Мутахассис Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев билан суҳбат мобайнида ўша вазият учун узр сўраб, қизишиб кетганини тан олди. Аммо шу билан бирга барчасини қарор чиқаришдан аввал ЎФАга батафсил тушунтириб беришга тайёрлигини ҳам маълум қилганди. Ўша “Локомотив” билан баҳсдан кейин Рўзиқул ака мухлисларнинг ҳатти-ҳаракатларидан ҳам бироз хафа бўлганини яширмаган. Бизга ҳам айрим ҳолатларда бош мураббийга танқид билдилираётгани ҳақида хабарлар эшитилиб турибди.

Ҳозирги давр ҳам мураббий учун бир синов. Деярли барча Бердиевнинг мураббийлик салоҳиятига юқори баҳо беради. У жамоаси билан эришган ютуқларидан ташқари шахсий совринларга ҳам эга. Муҳими шуки, “Насаф”да ўйин бор, “Насаф”да мазмун бор. Бу нарсани Бердиевни ўзи ҳам ўша суҳбатда таъкидлаб ўтди. Доим барқарор ва қийинчиликларни енгиб ўтаётган клуб. Бунда мураббийнинг роли беқиёс. Фақат чемпионлик қолди холос, қолган барча совринлар забт этиб бўлинган.

бердиев рўзиқул3_3

Эндиликда Рўзиқул Бердиев борасида чемпионликка эриша олмаётгани юзасидан танқидлар эшитила бошлади. Албатта, “Насаф” бош мураббийидан шу ҳақида сўрагандик. Ўшанда у бу тўғрисида батафсил жавоб берганди ва шундай деган: “Чемпионлик руҳи етишмаётгани ҳақида гапиришади. Бизда Кубокларни ютиш ёки Кубок характери ҳам йўқ эди. Аммо аста-секин мақсадимизга эришяпмиз. Жамоамизнинг Чемпионлар лигасида ҳам тажрибаси йўқ эди. Бу нарсага ҳам эришяпмиз. Қачонлардир бизнинг жамоамизга ўрин олишга кучи етмасди ёки бунга яқин ҳам келмасди. Мана, буни ҳам забт этяпмиз. Айтмоқчиманки, чемпионликни ҳам вақти соати бор. Жамоамизда молиявий ҳолат қанақа эканини барча билади. Лекин баъзилар буни тан олишга ҳаракат қилмайди. Ҳамма билади, биз катта молиявий барқарорликка эга эмасмиз. Очиқ айтаман, бу йилги сметамиз 25 млрд. Қайсидир жамоалар бюджетини 80 млрд. қилиб чемпионлик мақсадини қўйяпти. Бу баҳона эмас. Имкониятингиз қанча юқори бўлса, шунча савияли футболчиларни олиб келасиз. Клубимизнинг охирги натижаларини оладиган бўлсак, масалан, 2020 йили қанча қийинчилик бўлмасин, етакчиларимиз кетиб қолишмасин чемпионатда 2-ўринни олдик. 2021 йили Ўзбекистон Кубогини ютдик ва ОФК Кубоги финалига чиқдик. Чемпионатда медаллар учун курашдик. Аммо 4-ўринни олдик. Охирги учрашувда “Локомотив”га ютқазиб қўйдик. Бу Кубок финали олди ўйини эди. Балки шу боис чемпионатга эътиборимизни камроқ қаратгандирмиз. Мана, 2022 йилда Осиё Чемпионлар лигасида плей-оффдан чиқдик. Бу осон эмасди. БААга бориб “Банияс”ни ютиб қайтдик. Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига борганимизда тўғрисини айтсам, кейинги босқичга чиқишимизга 50 фоиз одам ишонмаганди. Бу ерда ҳам тажрибамиз ва “духи”миз йўқ эди. Аммо биз уддаладик. Мана, Ўзбекистон Кубогида ярим финалчилар қаторидамиз. Чемпионлик учун курашда қатнашяпмиз. Аммо баъзиларни нимага негатив фикр билдиришини тушунмайман. Қийинчиликларимиз бор, аммо жар солаётганимиз йўқ. Курашишда давом этяпмиз. Доим мақсадимиз олий. “Насаф” охиригача курашади, ишончни ҳеч қачон йўқотмайди. Ишонтириб айтаманки, жамоам ўйин сифати бўйича бунга лойиқ. Бошқа жамоаларга нисбатан “Насаф”нинг ўйини табиий ва ҳаммага манзур келади. Мазмун ҳам, сифат ҳам бор”.

бердиев10

Бердиев бу гапларни бежизга айтгани йўқ. У “Насаф”нинг чемпионлигига ишонади. Бу йилми, келаси йилми ёки ундан кейинми, албатта шу нарса бўлади! Бердиев мана шундай руҳият ва ишонч билан ишлашда давом этяпти. Аммо у ҳамма қийинчиликларни ҳам омма олдида жар қилмаяпти. Мураббий кичик имкониятдан шунчалик фойдалана олаётгани катта гап, аслида. Фақат “Насаф”нинг чемпионатимиз етакчиларидан бири экани, кучли учликдан жой олаётгани ва бош мураббийнинг билими фонида доим клубдан юқори натижалар кутилади ва ҳамма шунга ўрганган. Аммо жамоада ҳамма ишлар ҳам силлиқ эмас. Биздаги маълумотларга қараганда, жамоада қарздорлик бор. Ёдингизда бўлса, Бердиев сайтимизга берган интервьюсида қарздорлик борми, деган саволга қисқача бор деб қўя қолганди ва барчасини очиқламаганди. Эшитишимизча, жамоа аъзоларидан камида 10 та ўйиндаги ғалаба учун мукофот пулларидан қарздорлик бор ва ҳатто Осиё Чемпионлар лигасидаги ғалабалар ҳам унинг ичида. Қизиғи, клуб уч йил олдинги эпикировка билан юрибди ва шу эски экипировка билан чемпионлар лигасигача бориб келди.

бердиев18_1

Ўзи айтиб ўтганидек, “Насаф”нинг йиллик бюджети 25 млрд. сўм. Чемпионлик учун курашаётган бошқа клублардаги бу рақамлар анча салмоқли. Футболчиларнинг маошлари баланд эмас, 1,500 – 2000 доллар атрофида. Ҳолбуки, ўйинчиларга доим четдан жуда яхши даромадли шартномалар таклиф қилинади. Рўзиқул Саъдуллаевич очиқ айтди, Норчаев ва Алиқуловга Шотландия ҳамда Туркия клуби жиддий қизиқаётганини. Катта эҳтимол мавсум якунида кимлардир албатта кетади. “Насаф”нинг асосий ютуғи академиясининг барқарорлигида. Ҳар йили янги ёшлар чиқяпти ва уларни Рўзиқул Бердиев шахсан ўзи кузатади ва асосий жамоага олиб ўтиб тарбия беряпти. Албатта, мураббий ҳам қўлида тажрибали, номдор ўйинчилар бўлишини истайди, ахир қайси мураббий буни хоҳламайди дейсиз?! Агар шундай бўлганида “Насаф” Бердиев бошчилигида янги гегемонлик даврани бошлаган бўлармиди? Аммо уларнинг йўли бошқача. Маҳаллий тарбияланувчиларга эътибор биринчи ўринда. Бу орқали барча ёшдаги терма жамоаларимизга ҳам муносиб кадрлар тайёрлаб берилади. Бунда “Насаф”даги тизим ва Бердиевнинг салоҳияти ҳам асқотяпти. Энди бош мураббийни танқид қилишдан олдин бир ўйлаб кўрингчи, у қандай шароитда ишлаётганини? Яна ундан нимани талаб қилиш мумкин?     

"Алиқуловни Туркия, Норчаевни Шотландия клуби жиддий кузатяпти, ўзимиз ҳам афсусдамиз, "духи"миз йўқ эди, аммо..." - Рўзиқул Бердиев суҳбатда анча гапларни айтиб юборди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Alisher Kamalov
14/09/2022 21:44
Бердиев яхши инсон
Alisher Kamalov
14/09/2022 21:43
Бердинв яхши ирсон омад Бердиевга
Alisher Kamalov
14/09/2022 21:42
Бердиев чхши инсон. Лекин чемпион ким булишини Худо билади. Юкори 5 6 ликда имконият етарли, Сугдиена бугун чемпионликдан анча узоклашди.
&
Жамшид 0880
14/09/2022 19:32
Р.Бердиевга омад тилайман,насиб бўлса чемпионликни ҳам нишонлаймиз.
&
Олға насаф
14/09/2022 10:49
Р.Бердиевга сабр тоқат, куч қувват ва омад тилаймиз. Биз Бердиевга ишонамиз. Албатта барча мухлислар билан бирга ўйлаган ниятларга етишишига тилакдошмиз.