“Беш ташаббус олимпиадаси”: Ғолиб ёшларнинг маҳаллаларига спорт майдончаларини қуриб бериш бошланди
Мусобақанинг яна бир аҳамиятли жиҳати, унда ғолиб бўлган иштирокчиларнинг маҳаллаларига 3 турдаги спорт майдончаларини қуриб бериш белгиланган. Айни кунларда жойларда мазкур спорт майдончаларини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Шу ўринда спорт майдончаларига қисқача тўхталиб ўтсак. Таъкидланганидек, маҳаллаларда ташкил этиладиган спорт майдончалари 3 тоифага бўлинади. Булар: Универсал спорт майдончаси, “Workout” ва “Streetball” майдонларини ўзида жамлаган болалар спорт майдончаси ҳамда “Workout” майдончаси. Спорт майдончаларини ҳудудларга тақсимлаш, мусобақаларда ғолиб бўлган иштирокчилар эгаллаган ўринлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
“Workout” спорт майдончаси таркибидан “Brus krestik”, “Turnik va press”, “Yurish trenajyori”, “Press uchun o'rindiq” каби махсус анжомлар мавжуд бўлиб, улар маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли ва ёшлар учун доимий бадантарбия ва соғломлаштириш машқлари билан шуғулланиш имкониятини яратади.
Навбатдаги спорт майдончаси эса “Streetball” спорти билан шуғулланишга ихтисослашган. Спорт майдонида шунингдек волейбол ва баскетбол спорти билан шуғулланиш учун ҳам қўшимча имкониятлар яратилган.
Универсал спорт майдончасида мини-футбол ва баскетбол спорт турлари билан шуғулланиш имконияти мавжуд.
Қайд этиш лозим, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги оммавий спорт мусобақаларинг иккинчи фасли жорий йил сентябр-ноябр ойларида ташкил этилади ва якунда яна 279 та маҳалла юқорида таъкидланган спорт майдонларига эга бўлиш имконини қўлга киритади.
Шунингдек, мамлакатимиздаги барча 208 та туманга ҳам биттадан “Workout” майдончаси қуриб берилиши кўзда тутилган.
Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати
Фикрлар