Бир мавсумда 20 та гол урасан!
«Наполи» раҳбарияти «Манчестер Юнайтед»дан Расмус Хейлунднинг трансфер ҳуқуқини 44 миллион евро эвазига тўлиқ сотиб олди. Даниялик ҳужумчи ўтган йил ёзида, 14 август куни Ромелу Лукаку жароҳат олгандан сўнг Неаполь клубига келган эди. Аввалига 6 миллион еврога ижара асосида ўтди, шартномада эса мажбурий сотиб олиш банди бор эди. Клуб президенти Аурелио Де Лаурентис қарорни чўзмади ва трансферни расмийлаштирди.
Хейлунд «Наполи» сафидаги илк ўйинидаёқ ўзини кўрсатди: Флоренцияда бўлиб ўтган дебют учрашувида 14-дақиқада гол урди. Ундан олдин, 5-дақиқада пенальтини Кевин де Брёйне аниқ амалга оширган эди. Даниялик ҳужумчи «Болонья»га қарши беллашувда Италия Суперкубогини қўлга киритишга ҳам ҳисса қўшди. У умумий ҳисобда 37 ўйинда майдонга тушиб, 14 та гол урди ва 4 та голли пас берди.
«Наполи» бош мураббийи Массимилиано Аллегри бир йил аввалоқ Хейлундни «Милан»га олиб келишга урингани маълум. Энди эса у ўзини тўлиқ «Наполи» футболчиси деб ҳисоблайди, клуб раҳбарияти ҳам шу фикрда.
Аллегри 23 ёшли форвардни жамоа ҳужуми келажаги сифатида кўрмоқда. Мураббий унинг сезон давомида камида 20 та гол уришини мақсад қилиб қўйган — бу кўрсаткич яхши ҳужумчи билан ҳақиқатан ҳам ажралиб турадиган тўпурар ўртасидаги чегара сифатида баҳоланмоқда.
«Наполи» Хейлунд учун ижара ҳақини ҳам инобатга олган ҳолда жами 50 миллион евро сарфлади. Де Лаурентис даврида бу клуб тарихидаги энг йирик харид ҳисобланади. Қиёс учун: Виктор Осимхен 70 миллион еврога тушган, аммо бу сумма бир қатор ўзаро трансферлар орқали қисман қопланган. «Лацио» ўз вақтида бошқа бир ҳужумчи учун 45 миллион талаб қилган, Гонсало Игуаин эса 2013 йили 37 миллион еврога олиб келинган эди.

Фикрлар