Боян Цигер ёдингиздами? У Ўзбекистонга қайтиш арафасида...

Юртимизда трансфер бозори авжига чиқмоқда. Клубларимиз ўз таркибларини кучайтириш йўлида чўнтагига қараб керакли футболчиларни қўлга киритиш ҳаракатига тушиб қолишган. Бунинг учун сиз билан биз хорижлик янги номларга ҳам гувоҳ бўляпмиз ёки олдин ўйнаб кетган легионерларни ҳам қайтаётгани ҳақида эшитиб қоляпмиз.

Ҳамкасбимиз Яҳёхўжа Улуғхўжаев ўзининг “Конкрет” телеграм каналида “Нефтчи” клуби ўз сафига сербиялик ҳимоячи Боян Цигерни қўшиб олиши мумкинлиги тўғрисида хабар жойлади. Таъбир жоиз бўлса, мазкур хабарда жон бор. Нега деганда, мухлисларимизга яхши таниш бўлган Цигер яна юртимизга қайтса ажабланмайман.

боян цигер2

Бу футболчи 2021 ва 2022 йиллари “Навбаҳор”даги фаолияти орқали ўзидан яхши таассурот қолдиргани ёдимизда. Ўтган йили эса унга Малайзиядан жуда яхши таклиф келиб тушганди ва натижада Боян “Кедах” клубига кўчиб ўтган. У билан охирги марта ўтган йилнинг февраль ойида Туркиянинг Анталия шаҳридаги йиғинда гаплашгандик. Шундан бери Цигер билан алоқа бор эди.

Куни кеча камина ушбу ўйинчи билан яна боғланиб, бироз ўзаро суҳбатлашгандик. Ўшанда у “Кедах” билан шартномаси тугаганини, аммо клуби унга янги шартнома таклиф қилганини айтди. Шу билан бирга Малайзиянинг бошқа бир клубидан қизиқиш борлигини маълум қилди. Охирида эса яна Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини ҳам яшириб ўтирмади. Ўзаро суҳбатда айнан қайси жамоалардан таклиф бўлганини айтмади-ю, бироқ музокаралар олиб борилаётганини ва шу кунларда ҳал бўлиб қолишини қўшимча қилиб ўтганди.

боян цигер1

Демак, юқорида Яҳёхўжанинг хабарига қайтадиган бўлсак, Боян Цигерга кўз тикаётган жамоа “Нефтчи” бўлиб чиқди ва фарғоналиклар жиддий қизиқиб қолган, буни тушунса бўлади. Чунки сербиялик ҳимоячи анча савияли легионер бўлиб, нархи ҳам шунга яраша. Аммо ҳозирда “Нефтчи”га сифатли ўйинчиларни қўлга киритиш йўлида анча-мунча нарса тўсиқ бўла олмаяпти. Дарвоқе, Цигерга яна бошқа жамоаларимиздан ҳам таклифлар бор.

Цигер ўтган йили “Кедах” билан бирга Малайзия Суперлигасида 4-ўринни эгаллади. Жамоаси сафида 25 та учрашувда майдонга тушиб, 1 тадан гол ва голли узатмани амалга оширди. Шунингдек, Малайзия Кубогида 2 та ва Суперкубогида эса 1 та баҳсда иштирок этди. Тез орада Цигер ҳақида янгилик эшитамиз!     

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Yunusov Bahrom
09/01/2024 05:10
Yaxshi himoyachi navbaxorda o'ynagandi adashmasam
Эргашев Файзулло
08/01/2024 23:22
Нефтчи хозирги пайитда молийявий тамондан Энг кучли
09/01/2024 03:09
Бу йил энг бой клуб насаф каршини 100 йиллиги учунам пул аялмаяпти насафни чемпион килиш учун