Асосий мазмунга ўтиш

Футбол

Браво, Абрамов!

Бекзод Исаев
Изоҳлар: 8

Ўзбекистон - Яман учрашуви шарҳи

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Яманга қарши баҳсда мухлисларни хурсанд қилди. Чиройли ўйин, ажойиб комбинациялар ва энг асосийси ишончли ғалаба. Голларнинг рангбаранглиги ишқибозларни хушнуқ этди.

5471570728005

Терма жамоамизнинг бошланғич таркиби эълон қилингач аксарият одамлар Вадим Абрамовнинг қароридан ҳайрон қолишди. Сабаби охирги йилларда аввалги даражасидан пасайган Жамшид Искандеров ва сўнгги паллада олимпия терма жамоамиздан бош жамоага ўтказилган Санжaр Қодирқуловнинг илк дақиқалардан майдонга тушиши бўлди. Лекин бу қарор қанчалик тўғри эканлигини шу куни барча кўрди...

Учрашув тезкор гол билан бошланди. Жамшид Искандеров қанотга очилаётган Достонбек Ҳамдамовга ажойиб тарзда пас берди. Ҳамдамов жарима майдонига оширган тўпни. Йўқ жойдан пайдо бўлган Санжар Қодирқулов бир уринишда бурчакни нишонга олиб, ҳисобни очди.

7221570729903

Дарвоза ишғол этилгач, вакилларимиз бироз ташаббусни рақибга бергандек бўлишди. Бироқ яманликларнинг олдинга ўтишга журъатлари етмади.

Кейинги дақиқаларда Қодирқулов ва Ҳамдамовнинг уринишларидан наф чиқмади. Ўйиннинг учдан бир қиси ортда қолганда, Россия чемпионатида порлаётган Элдор Шомуродов “Ростов” сафида бош билан гол ургандек, Яман дарвозасини ишғол этди. Шомуродовга Фарруҳ Сайфиев ассистентлик вазифасини бажарди.

9751570729936

Натижада, жамоамиз танаффусга 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетди.

Иккинчи таймни ҳам ҳамюртларимиз фаол бошлашди. Кетма-кет уринишлар 53-дақиқада самара берди. Санжар Қодирқуловнинг пасидан кейин Искандеров жарима майдони ташқарисидан бурама зарбаси орқали рақиб посбонини ожиз қолдирди. Ажойиб ижро!

8051570729937

Орадан кўп вақт ўтмай Элдор Шомуродов чап қанотдан рейд ташкил этди. Ҳужумчимиз ҳимоячиларни танаси орқали чалғитиб, тўпни шериги Достонбек Ҳамдамовга жуда ҳам қулай тарзда оширди. Ҳамдамов жарима майдони ичидан гол ура олмади. Ўз навбатида Салим Авад ҳам вазиятни тўғри баҳолаб, хавфни бартараф этгани эътиборга молик.

66-дақиқада антиқа ҳолат кузатилди. Яъни ҳакамлар Одил Аҳмедовнинг голини инобатга олишмади. Бу вазиятда тўп бош ҳакамга теккани учун рефери голни бекор қилди. Қизиқ, нега унда бош ҳакам ўзига теккан тўпдан кейин ҳужум бўлаётган томонга қараб югурди ва дарвоза ишғол этилгач майдон марказини кўрсатди? Афтидан қоида бош ҳакамнинг ёдидан кўтарилиб қолган кўринади. Чунки унга буни ёрдамчилари айтишди.

Биринчи таймда бош билан берган зарбарилари зое кетган Ислом Тўхтахўжаев 72-дақиқада ниятига етди. Жалолиддин Машарипов бурчакдан узатган тўпни ҳимоячимиз бу сафар тўрга йўллашда адашмади.

1031570727923

Учрашув тақдири ҳал этилгач Вадим Абрамов умидли ҳужумчимиз Элдор Шомуродовни кейинги турларга асраш учун уни Игорь Сергеев билан алмаштирди.

Сергеев майдонга тушгач дастлабки имкониятларидан фойдалана олмади. Аммо беллашувнинг охирги дақиқасида ҳужумчимиз муваффақият қозонди. Бу ҳолатда Игорь қанотдаги шериги Ҳамдамовнинг сайи ҳаракатлари эвазига бўш дарвозага гол урди. Яъни Достонбек марказдан узатилган тўпни тўхтатмасдан қулай вазиятда турган Сергеевга узатиб берди.

1031570730222

Шу тариқа, терма жамоамиз ишончли ғалабани тантана қилди.

Вадим Абрамов таркиб танлашда, ўйинчи алмаштиришда, тўғри тактика ва футболчиларга кўрсатма беришда ўз салоҳиятини намойиш этди. Ушбу ғалаба аввалги натижаларимиз сабаб ўзбек футболидан кўнгли тўлмаётган мухлисларни яна стадионларга қайтариши турган гап. Вадим Абрамов ўзбек футболи қандай ўйналишини, қандай услубга тўғри келишини кўрсатиб берди.

6361570730222

Улашиш
SPORTS.uz'ни Youtube'да томоша қилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ