Бу муҳим! АПЛ учрашувлари қандай ўтади?

Маълум муддатли танаффусдан кейин дунё бўйлаб кўплаб мамлакатларда аста-секинлик билан футбол ўйинларини ўтказишга рухсат берилмоқда. Тўғри, барча жойда учрашувларнинг муайян чекловлар билан ўтказилиши белгилаб қўйилган. Аммо шундай бўлса-да, катта футболнинг яна қайтгани барча мухлисларни бирдек қувонтирмоқда. Европадаги бир қатор мамлакатларда бўлгани каби Англияда ҳам тез орада мавсум рестарти юз беради ва клублар чемпионатни келган жойидан давом эттирадилар. Қуйида АПЛ учрашувлари қандай тартиблар асосида ўтиши борасида сўз кетади.

  • Стадион ичида

Ҳар бир стадион уч ҳудудга бўлинади: яшил, сариқ ва қизил. Бутун стадион ҳудудида тахминан 300 киши бўлиши мумкин. Стадион атрофини ўз ичига оладиган яшил ҳудуд клуб томонидан назорат қилинади. Сариқ ва қизил ҳудудлар эса бевосита АПЛ вакилларининг қатъий назоратида бўлади. Сариқ ҳудуд – бу одатда ишқибозлар ва медиа жойлашадиган ҳудуд саналади. Сариқ ҳудудга кириш учун махсус сўроқ-саволлардан ўтиш ва тана ҳароратини ўлчатиш керак бўлади. Қизил ҳудуд кийим алмаштириш хоналари ва трибунаости биноларини ўз ичига олади. Бу ҳудудга мураббийлар штаби, «VAR» ходимлари ваҳоказолар билан қўшиб ҳисоблаганда кўпи билан 110 киши қўйилади. Қизил ҳудудда ишлайдиган ҳар бир шахс «клиник паспорт» - яъни, ўша ходимнинг 5 суткадан узоқ бўлмаган муддат ичида коронавирусга топширган таҳлили ижобий чиққанини тасдиқловчи махсус илова штрих-кодини тақдим этиши керак.

  • Логистика

АПЛ раҳбарлари клубларга ўйинларга самолётларда етиб келишни маслаҳат беришди. Шу билан бирга клублар ижтимоий масофа чораларига амал қилиш учун кўп одам сиғадиган самолётларга буюртма беришлари мумкин. Футболчилар Германиядаги бўлгани каби меҳмонхоналарда яккалатиб қўйилмайдилар.

апл

  • Ўйинолди тайёргарлик

Трибунаости биноларига кириш олдидан футболчилар ўзларининг «клиник паспорт»ларини кўрсатишга мажбурлар. Шундан сўнг ўйинчилар тўппа-тўғри кийим алмаштириш хоналарига йўл олишади. Чигалёзди машқларини бажариш учун майдонга имкониятга қараб алоҳида тоннеллардан фойдаланган ҳолда шахмат тартибида чиқиш тавсия қилинади. Шунингдек, футболчилар майдонга чиқиш чоғида ва чигалёзди машқлардан кейин антисептик воситалардан фойдаланишга мажбурлар. Агар стадионда фақат битта тоннель бўлса, у ҳолда биринчи бўлиб меҳмон жамоа чиқади. Қўл бериб кўришиш тақиқланган.

  • Учрашувлар вақтида

АПЛ ўйинчиларга голларни ижтимоий масофага амал қилган ҳолда нишонлашни, бурун қоқмасликни ва тупурмасликни маслаҳат берган. Аммо бу фақат тавсиялар холос. Шунингдек, ўйинчиларга ҳакамлар билан тортишувларга киришмасликка маслаҳат берилган. Ҳар бир бўлим 1 дақиқалик «сув ичиш»га тўхтатилади. Агар стадионда болл-бойлар ва ишқибозлар бор бўлса, қўшимча тўплар майдоннинг четларидаги конусларга жойлаштириб чиқилади. Майдон ташқарисида бир вақтнинг ўзида захирадаги 9 ўйинчидан фақат 3 нафари чигалёзди машқларини ўтказиши мумкин бўлади.

  • Ўйиндан кейин

Агар ижтимоий чораларга амал қилинса, ўйинчиларга стадионларда душ қабул қилишга рухсат берилиши мумкин. Шундан сўнг футболчилар бевосита майдонда интервью беришлари ҳам мумкин.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)