Бу ёғи "анжанча"сига...

Суперлиганинг 7-туридаги энг йирик ҳисоб Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида қайд этилди. Номинал мезбон сифатида мазкур аренадан вақтинча фойдаланиб келаётган “Андижон” бу турда Бекободнинг “Металлург”ини қабул қилди.

Ўтган турда Бекободда ОКМК устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган “металлург”чиларнинг бу сафар ҳам ҳеч бўлмаса бир очко билан қайтишини кутганлар бўлди. Чунки ўшанда бекободликлар яхши таассурот қолдирганди ва айниқса, янги келган черногориялик бош мураббий Веско Стешевичнинг жамоа ўйинида имзоси кўрина бошлагани ҳақида эшитдик. Лекин учрашув олдидан билдирилган барча-барча тахминларни “Бургутлар” йўққа чиқарди.

анд мет1

Ўйинга “олов” бўлиб, кўзи ёниб тушган “Андижон” футболчилари илк дақиқаларданоқ рақибини “еб” қўйишни бошлади. Айниқса, албаниялик ҳужумчи Рубин Хебайга бу ўйин аталди, десак муболаға бўлмайди. Ҳали Ўзбекистон чемпионатида голлари ҳисобини очмаган легионер “Металлург”га қарши учрашувда нафақат дебют голини урди, балки хет-тригини нишонлади. Таблода 15-дақиқадан сўнг 3:0 ҳисоби порлаб турарди. Хебай дастлабки 10 дақиқадаёқ ўз дублини расмийлаштириб бўлганди. Кейинги гол яна бир легионер – Леван Арвеладзенинг ҳисобига ёзилди. Қизиғи, ушбу икки легионер чемпионатнинг 2-турида “Сурхон”га қарши беллашувда қизил карточка билан майдондан четлатилганди. Бу сафар эса улар қаҳрамонларга айландилар. Арвеладзе ушбу учрашувда майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарганини алоҳида эътироф этиш керак. “Металлург” футболчилари майдонда деярли зарарсизлантирилганди. Бу ҳолат танаффусдан кейин ҳам юз берди. Голга тўймаган “Бургутлар” яна Акмал Ортиқов дарвозаси олдида хавфли ҳужумларни содир этишда давом этавердилар. Муҳаммадкарим Тоиров ва Рубин Хебайнинг зарбалари тўсинга тегиб қайтди. Барибир тиниб-тинчимаган Хебай учрашув охирларидаги штурмдан кейин ўзининг учинчи голини урди ва орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас захирадан майдонга тушган Суҳроб Бердиев ҳам номини қайдномага ёздириб қўйди. Голлардан “нокаут” ҳолатига тушиб қолган бекободликлар рақибнинг прессинг қилишига, ҳужумларига дош беролмади ва натижада ҳимоячининг дарвозабонга тўпни узатиш чоғида Бердиев чаққонлик билан эгаллаб бўш қолган дарвозани ишғол қилди.

анд мет2

Учрашувга бош ҳакам 6 дақиқа вақт қўшиб берди. Ана шу вақтда ҳам мезбонлар яна ҳужум уюштиришди. Аммо тўп учун курашда “Металлург” дарвозабони Акмал Ортиқов билан жамоадоши Владислав Касминин жиддий тўқнашиб кетдилар. Оқибатда Касминан жамоадошидан жиддий зарба қабул қилиб, ерга қулади. Дарҳол майдонга шифокорлар чиқди, “Андижон” шифокорлари ҳам бу вазиятга жим қараб турмасдан ёрдамга ошиқдилар. Ўша қўшиб берилган вақт Касмининни ўзига келтириш билан ўтиб кетди. Натижада  уни тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб кетдилар. Ўйиндан кейин легионер ўйинчи ҳақида сўраганимизда аҳволи яхшилигини айтишди.

Шундай қилиб, “Андижон” жуда ишончли ғалабани қўлга киритди. Албатта, бунда дарвозабон Игорь Литовканинг ҳам ҳиссаси бўлганини унутмаслик керак. Айниқса, 1:0 пайтида у рақиб футболчисининг яккама-якка вазиятда йўллаган зарбасини қайтарди. Акс ҳолда 5:0 ҳисоби кузатилмаган бўларди. Дарвоқе, бу йил Суперлигадаги энг йирик ҳисоб ҳозирча "Андижон"га тегишли. Бу ёғига "анжанча"сига...

анд мет3

“Андижон” – “Металлург” – 5:0 (3:0).

24 апрель. Фарғона. “Истиқлол” стадиони. 1051 томошабин.

Ҳакамлар: Ҳусан Музаффаров, Алишер Усмонов, Санжар Шоюсупов.

VAR ҳаками: Иброҳим Исмоилов

AVAR: Ришат Нугмонов

Назоратчи: Бахтиёр Тоғаев

Комиссар: Алишер Файзиев

“Андижон”: Игорь Литовка, Дилшод Комилов, Владимир Бубанья, Илҳом Алижонов, Абдураҳмон Комилов, Фарҳод Бекмуротов, Сардор Азимов (Нодари Кавтарадзе, 60), Леван Арвеладзе, Муҳаммадкарим Тоиров (Илҳом Абдуғаниев, 81), Фарҳод Соҳибжонов (Суҳроб Бердиев, 81), Рубин Хебай (Бобур Фарҳодов, 86).

“Металлург”: Акмал Ортиқов, Владислав Касминин, Иван Йосович, Муҳаммадали Алиқулов (Филип Стаменкович, 46), Худойшукур Сатторов (Абдужалил Маназаров, 46), Бектемир Абдуманнонов (Эргаш Исмоилов, 75), Аброр Тошқўзиев (Диёр Тоиров, 88), Шахзод Ғофурбеков, Иброҳим Ибрагимов, Забиҳилло Ўринбоев, Марко Обрадович (Дамир Темиров, 65).

Голлар: Рубин Хебай, 2 – 1:0. Рубин Хебай, 9 – 2:0. Леван Арвеладзе, 15 – 3:0. Рубин Хебай, 83 – 4:0. Суҳроб Бердиев, 84 – 5:0.

Огоҳлантиришлар: Сардор Азимов, 57 – Худойшукур Сатторов, 4. Забиҳилло Ўринбоев, 45+2.  

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ботир
25/04/2023 12:12
Галабалар бардавом булсин.