Буффон: "Италия июнгача вазиятни баҳолайди"
Италия терма жамоаси делегацияси раҳбари Жанлуижи Буффон Босния ва Герцеговинага қарши ЖЧ–2026 плей-офф финалидаги мағлубиятдан (1:1, пенальтилар — 1:4) кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Италия ушбу мағлубиятдан сўнг кетма-кет учинчи бор жаҳон чемпионатига чиқа олмади.
Италия футбол федерацияси раҳбари Габриэле Гравина учрашувдан сўнг Женнаро Гаттузо ва Буффондан жамоада қолишни сўраганини айтди. Буффон эса ҳозирги вазият жуда нозик эканини таъкидлади.
"Бу жуда нозик палла. Бизга вазиятни холис баҳолаш учун вақт керак. Мавсум июнда якунланади, шунинг учун ўша вақтгача қолиш федерация, президент ва бизга ишонган барча инсонларга нисбатан тўғри ва адолатли қарор бўлади.
Агар ўйинимизда ижобий ўзгаришлар ва ўсиш кўринаётган бўлса, бундан жуда хурсандман. Бу ҳам мақсадларимиздан бири эди. Аммо асосий мақсад, албатта, Жаҳон чемпионатига чиқиш эди.
У ерга чиқа олмаслик ҳақиқатан ҳам жуда оғриқли. Ҳозир аниқ фикрлашни йўқотиб қўйиш хавфи бор, шунинг учун шу ерда тўхтайман. Биз июнгача шу ердамиз, кейин эса кейинги қарорларни кўрамиз", — деди Жанлуижи Буффон.
Фикрлар