Бугун 10 нафар боксчимиз финал йўлланмасини қўлга киритди!
Осиё чемпионатида ўсмир ўғил болалар ўртасида бугун ярим финаллар ўтказилди
Осиё чемпионатида ўсмир ўғил болалар ўртасида бугун ярим финаллар старт олди.
Дастлабки баҳсда -46 кг да юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Абдуллоҳ Нуралиев ҳиндистонлик Нелла Кумарга қарши рингга кўтарилди. Кескин курашларга бой ўтган жангда Нуралиев 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга йўл олди!
48 кг: Бу вазн тоифасида Камронбек Баҳодиров ярим финалда иорданиялик Салте Алҳадади билан тўқнаш келди. Жанг иккинчи раундда Баҳодировнинг техник нокаутли ғалабаси билан якунланди.
-52 кг: Ойбек Алимджонов Иштирокидаги ярим финал баҳси ҳам якунланди. У эронлик Аболфазл Малекка қарши рингга кўтарилди. Бутун жанг мобайнида устунлик қилган вакилимиз, якунда 5:0 ҳисобида зафар қучди.
-54 кг: Абдулбосит Юрсинбоев ярим финал жангида ҳиндистонлик Пал Нивешга қарши рингга кўтарилди.
Жуда қизиқарли кечган тўқнашувда вакилимиз 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва финал йўлланмасини йўлга киритди.
-60 кг: Аҳмадхон Абдусатторов иштирокидаги ярим финал баҳси якунланди. Қирғизистонлик Эрбол Баратохуновга қарши рингга кўтарилган вакилимиз, ишончли ҳаракатлари билан 4:1 ҳисобида зафар қучди ва финалга йўл олди!
-63 кг: Рушен Сайдуллаев ярим финалда мўғулистонлик Баттамуулен Батболдга қарши рингга кўтарилди.
Жангда жуда катта устунликка эришган Сайдуллаев 3 раундда келиб, техник нокаут билан ғалаба қозонди.
-66 кг: Баҳодир Холиқулов ва туркманистонлик Юнус Машарипов ўртасидаги ярим финал жанги ниҳоясига етди. Барча раунд давомида вакилимиз рақибдан бир бош устун эканини намойиш қилиб, якунда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва финал йўлланмасини қўлга киритди!
-70 кг да юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Абдувоҳид Абдумажидов финал йўлида ҳиндистон Наман Кумар билан ўзаро баҳс олиб борди. 1 раундда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган вакилимиз, 2 раундда худди шу ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Ҳал қилувчи раундга келиб, Абдумажидов ҳақиқий ирода кўрсатди ва якунда 3:2 ҳисобида зафар қучиб, финалга йўл олди.
-75 кг: Маруфжон Тошпулатов ва қирғизистонлик Нуртилек Жоробаев жанги муддатдан аввал якунланди. Вакилимиз 2 раундга қадар уч бор ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг ҳакам жангни тўхтатди ва ғалаба Тошпулатовга берилди! Бизда яна бир финалчи!
Ваниҳоят ҳамюртларимиз иштирокидаги ярим финаллар якунланди! -80 кг вазнда Самандарбек Умаров Қирғизистон вакили Амирхан Курманбековга қарши рингга кўтарилди. Умаров 2 раундда ҳисобни очди. 3 раундда эса рақибни техник нокаутга учратиб, финал йўлланмасини нақд қилди!

Изоҳлар (0)