Бугун Жасурнинг дебютини кўрамизми?

Россия премьер-лигасининг 11-турида “Тамбов” жамоаси сафар учрашувида “Ротор” меҳмони бўлади. Ҳар икки жамоа ҳам ўзбекистонлик футбол мухлислари учун бегона эмас. Сабаби, Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг зўр тўпурар Максим Шацких айни пайтда “Ротор” мураббийлар штабида фаолият юритаётган бўлса, Россия чемпионатидаги энг ёш легионеримиз Жасур Жалолиддинов яқинда “Тамбов” сафига қўшилди.

Россия чемпионатининг ҳар икки лигасида тўп тепаётган вакилларимиз ўз жамоалари сафида асосий таркибдан ўрин олиб улгурган. Фақатгина 18 ёшли Жасур Жалолиддинов “Локомотив”да дебютини нишонлай олмади. Москвалик “темирйўлчилар” асосан тажрибали футболчиларга ишонч билдиряпти. Легионерларга қўйилган лимит туфайли Жасур ўрнини ўзидан катта чарм тўп устларига бўшатиб беришга мажбур бўлди.

Аввалига истеъдодли ярим ҳимоячининг “Бунёдкор”га қайтиши кутилган бўлса-да, амалда бошқача бўлиб чиқди. Жалолиддинов ижара асосида “Тамбов”да ўйнайдиган бўлди. Премьер-лигада қолиш учун курашаётган бу клуб ёзги трансферлар ойнасининг охирги ўн кунлигида бир неча янги футболчиларни ўз таркибига қўшиб олишга улгурди.

Жасур Жалолиддинов тамбовликлар учун ўйнайдиган бўлса ҳам, унинг маошини “Локомотив” тўлаши айтилмоқда. “Тамбов” ўзбекистонлик легионердан ташқари, “Арсенал”дан беларуслик Максим Володько, “Оренбург”дан Виталий Шахов, “Урал”дан арманистонлик Вараздат Ароян ва “Париж” клубидан ганалик Муҳаммад Рабиуни ўз сафига қўшиб олди. Мураббийлар бу футболчилар таркибда рақобатни кучайтиришига ишонмоқда. Шунинг учун, бир неча ўйинчига рухсат бериб юборилди.

20e11674c12f215855feb7e861aea32a

 “Ротор” ва “Тамбов” учрашуви аутсайдерлар дербиси, деб баҳоланмоқда. Бу жамоалар илгари Миллий футбол лигаси доирасида ўзаро тўрт маротаба дуч келган. Учта учрашувда тамбовликларнинг қўли баланд келган бўлса, волгоградликлар бир маротаба зафар қучган.  Улар ҳеч қачон дуранг ўйнамаган. Демак, бу гал ҳам мезбонлар учун ўта ноқулай рақиб ҳисобланган “Тамбов”нинг имконият юқорироқ баҳоланмоқда.

Макцим Шацких катта мураббий бўлиб ишлаётган “Ротор”нинг премьер-лигага кучи етмаётгани яққол кўриниб қолди. Чемпионатнинг учдан бири якунланган бир паллада Миллий футбол лигаси ғолиби сифатида элитага қўшилган “Ротор” бирорта ғалабага эриша олмаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда. Улар ҳисобида атиги уч очко бор.

99573_680_1

Бу учрашув ўзбекистонлик мухлислар учун Жасур Жалолиддиновнинг дебюти юз бериши мумкин бўлган баҳс сифатида аҳамиятлидир. Зеро, “Тамбов” истеъдодли ярим ҳимоячини захирада олиб ўтириш учун таклиф қилмаган. Улар Жасурдан кўпроқ фойдаланиб қолиши керак.

“Тамбов” варианти Жасур учун ҳам айни муддао. Уни “Локомотив” клубига трансфер қилган мутахассис Юрий Белоус Жасур маҳорат бобида португалиялик машҳур футболчи Жоау Мариудан устун эканини таъкидлаган эди. Жалолиддинов унинг гаплари ҳақиқат эканини исботлаб қўйиши керак. Умуман олганда эса,  Жасур Россия футболида ўз ўрнига эга бўлиш учун ҳар қандай жамоада нималарга қодирлигини намойиш қилиши талаб этилади. Ўзини кўрсата олса, Элдор Шомуродов ва Остон Ўрунов сингари янада кучли жамоалар эътиборини қозонади. Акс ҳолда, Россия чемпионатига катта умидлар билан кетиб, охир-оқибат миллий чемпионатимиз ёки кучсизроқ лигаларга қайтганлар ҳам кўп бўлганини инобатга олиб, уларнинг қаторига қўшилиб қолади...

“Ротор” – “Тамбов” учрашуви Тошкент вақти билан 16:00да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!