Ўзбекистон Суперлигасининг янги 2026 йилги мавсуми бугундан бошланади.

"Бухоро" - "Қўқон-1912"

Жорий мавсумнинг очилиш учрашуви бугун "Бухоро ФА" стадионида бўлиб ўтади. Ушбу ўйингоҳда мезбон "Бухоро" ҳамда "Қўқон-1912" жамоалари баҳс олиб боради. Икки жамоанинг ўтган мавсумдаги ўзаро ўйинларига эътибор қаратадиган бўлсак, тенглик кузатилмоқ. "Бухоро" ҳам "Қўқон-1912" ҳам ўз майдонида бўлиб ўтган ўйинда минимал ҳисобда ғалаба қозонган эди. Беллашув 27 февраль куни соат 18:00да бошланиши режалаштирилган.

"Андижон" - "Сўғдиёна"

Турнинг иккинчи ўйинига эса Андижон мезбонлик қилади. Шу куни майдон эгалари Жиззахнинг "Сўғдиёна" клубини синовдан ўтказади. Қишки трансферлар бозорида ҳар икки жамоа ҳам таркибни яхшигина кучайтириб олди. Айниқса "бургутлар" жорий мавсумда чемпионлик пойгасида иштирок этиши кутилмоқда. Жамоаларнинг ўтган мавсумдаги ўзаро ўйинларига назар ташласак, устунлик "бўрилар" томонида. Улар ўтган мавсум "Бобур Арена"да 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чеккан бўлсалар, ўз уйларида минимал ҳисобда зафар қучган эди. Ушбу баҳс 18:45да бошланади.

"Пахтакор" - "Қизилқум"

Куннинг сўнгги ўйини эса Тошкентдаги "Пахтакор" марказий стадионида бўлиб ўтади. Майдон эгаси "Пахтакор" шу куни Навоийнинг "Қизилқум" жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ўтган мавсумни кумуш медаллар билан якунлаган "шерлар" жорий мавсумда чемпионликни мақсад қилган. Таркибда жиддий ўзгаришларга қўл урган жамоа илк турда ўз мухлисларини хушнуд этиш учун "кончилар" тўсиғидан ўтишлари талаб этилади. Учрашув соат 19:00да старт олади.

"Нефтчи" - "Машъал"

28 февраль санасида турнинг яна 3та беллашуви бўлиб ўтади. "Истиқлол" стадионида "Нефтчи" Муборакнинг "Машъал" клубига қарши майдонга чиқади. Амалдаги чемпион янги мавсумда ҳам мусобақа ғолиблиги учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади. Муборакликлар ҳам ўтган мавсумдагидан фарқли ўлароқ, 2026 йилги мавсумда мухлисларига сенсацион совғалар тайёрлаётган бўлсалар ажаб эмас. Шу сабабдан ҳам "йўлбарслар" учун ушбу беллашув осон ўтмаслиги табиий. Ушбу баҳс 18:45да старт олади.

"Локомотив" - "Сурхон"

Ўтган мавсумни Про-лигада ўтказиб, катта қийинчилик эвазига Лига ғолиблигини қўлга киритган Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси 2026 йилги мавсумнинг илк ўйинини ўз мухлислари қаршисида ўтказади. "Темирйўлчилар"га илк турда Термизнинг "Сурхон" клуби рақиблик қилади. Ушбу ўйин "Локомотив"нинг уй стадионида реконструкция ишлари олиб борилаётгани сабабли, "Дўстлик" стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мавсум аввалида ҳар икки жамоа ҳам таркибни анчагина кучайтириб олишга муваффақ бўлди. Табиийки, ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун майдонда жанг қилади. Ўйин соат 19:00да бошланиши режалаштирилган. 

"Динамо" - "Навбаҳор" 

1-турнинг марказий учрашуви Самарқанддаги "Динамо" марказий стадионида бўлиб ўтади. Майдон эгаси "Динамо" илк турда Наманганнинг "Навбаҳор" клубини қабул қилади. 2025 йилги мавсумда Суперлигада чемпионлик курашида иштирок этган самарқандликларни илк турдаёқ жиддий рақиб кутиб турибди. "Лочинлар" жорий мавсумда ҳар қандай жамоага бош оғриқ бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, наманганликлар таркибни сезиларли даражада кучайтирди ва бу мавсум чемпионлик учун асосий даъвогарлардан ҳисобланади. Ушбу тўқнашув 19:15да старт олади.

ОКМК - "Бунёдкор"

Баҳорнинг илк кунида Олмалиқнинг ОКМК клуби Суперлиганинг 1-тур ўйинида Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасига қарши баҳс олиб боради. 2025 йилги мавсум стартини кўтаринки кайфиятда бошлаган, бироқ мавсум ўртасида бирин-кетин очколар йўқотиб якунда ҳатто кучли бешликдан ҳам пастда қолган "кончилар" янги мавсумда фаворитлар қаторида кўрилмоқда. Ильёс Зейтуллаев бошчилигидаги "қалдирғочлар"нинг ҳам янги мавсумдан умидлари катта. Ушбу қизиқарли ўтиши кутилаётган учрашув 1 март санасида соат 19:00да бошланади.

"Насаф" - "Хоразм"

1-турни якунлаб берадиган учрашув Ғузор шаҳридаги "Ғузор" марказий стадионида бўлиб ўтади. Унда Қаршининг "Насаф" ҳамда "Хоразм" клублари майдонга чиқади. Икки жамоа ўтган мавсумни икки хил тарзда ўтказди. Бири сўнгги турларгача чемпионлик пойгасида иштирок этган бўлса, яна бири қуйи Лигага тушиб кетмаслик учун тиш-тирноғи билан курашди. Якунда эса "Насаф" 3-ўринни эгаллади. "Хоразм" эса плей-офф босқичи орқали Суперлигада жон сақлаб қолган эди.Ушбу беллашув соат 19:15да бошланиши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!