Буни тақдир дейдилар!

Одатда, болалар футбол билан қанчалик эрта шуғулланишни бошласа, шунча яхши. Улар вояга етгунга қадар, футболнинг сир-асрорларини анча ўзлаштириб олади. Аммо шундай ўйинчилар бор-ки, улар футболга жуда кеч кириб келган. Шунга қарамай, анчагина салмоқли натижаларга эришган. Бугун ана шундай футболчилар ҳақида сўз юритамиз.

Трой Дини

Вштш1

Ҳозирда инглиз футболининг кўзга кўринган ҳужумчиларидан бўлмиш Трой Дини футболчилик фаолиятини қандай бошлаганини, эҳтимол, кўпчилик билмас. Энг қизиғи, у ҳеч қандай футбол академиясида тайинли таҳсил олмаган. Ҳайрон қоларли томони шунда-ки, у ёшлигидан алкоголь маҳсулотларига ўрганиб қолади. Лекин кучли характер эгаси бўлгани учун ҳам бу оғу уни енга олмайди. Ёши 20 дан ўтаётган бир пайтда, Дини қурилишда ғишт терувчи бўлиб ишлар эди. Кечалари эса, ҳаваскорлар жамоасида қизиқиш учун тўп тепарди. Трой бир куни ўйинга бироз маст ҳолда келишига қарамай, учрашувда 7 та гол киритиб, ўрта дивизион жамоаси скаутларининг назарига тушади. Ўйин тугаши билан унга бошқа жамоадан таклиф бўлади. Профессионал клуб кўригидан ўтгач, унга икки кундан кейин қўнғироқ қилиб, жамоага қабул қилинганини, эртага келиб шартномага қўл қўйиб кетишини сўрашади. Дини ўша куни кечаси яна ичади ва эртасига шартномага қўл қўйгани боролмайди. Шунда клуб мутасаддиларининг ўзлари унинг уйига бориб, шартномага имзо чектиришади. Кейинчалик бу форвардни 250 000 еврога «Уотфорд» жамоасига пуллашади. Сўнг Трой бирин-кетин супер мавсумларни ўтказади. Кейинчалик «Уотфорд» жамоаси сардорининг трансфер нархи 11 миллион еврогача кўтарилган. Ажабо!

Петер Шмейхель

вштш2

Афсонавий дарвозабоннинг 22 ёшгача нима қилганини эшитсангиз, эҳтимол, ҳайрон қоларсиз. Қаҳрамонимиз футболга 15 ёшида кириб келиб, 2 йилча марказий ҳужумчи сифатида тўп сурган. Сўнг, ўртада каттагина танаффус қилиб, дурадгорлик, чилангарлик сингари касблар билан шуғулланади ва яна футболга қайтади. Фақат фарқи шундаки, даниялик бу сафар дарвозабон образида катта саҳнага чиқади. У карьераси мобайнида 23 та кубокни қўлга киритган. Уларнинг ичида Европа Чемпионлар Лигаси ғолиблиги ҳам бор эканлиги таҳсинга сазовор.

Иан Райт

вштш3

Англия тарихида иккинчи ўриндаги энг яхши тўпурар сифатида ҳурмат билан эсланадиган ҳужумчининг ҳам футболчилик фаолияти анча кеч бошланган. Чунки у 14 ёшида «Астон Вилла» кўригидан ўтишга келганида, унга рад жавобини бериб юборишган. Сўнг, Иан аламини ишдан олишга қарор қилади: 23 ёшигача заводда ишлайди. Футболга бўлган муҳаббати туфайли, ҳаваскорлар жамоасида ҳам тўп тепиб юраверади. Унинг ўйинлари таърифини эшитиб келган «Кристал Пэлас» скаути унга профессионал шартнома таклиф этади. Энг қизиғи, унинг ойлик маошини 100 фунт қилиб белгилашади. Таклифни қабул қилган ёш йигитча тез орада омма эътиборига тушади. Кейинчалик, Лондоннинг «Арсенал» жамоасига ўтади ва бир қатор кубокларга эга чиқади. Бу орада деярли 7 йил мобайнида терма жамоа сафида ўйинларда иштирок этиб, голлари билан ўз мухлисларини хушнуд этади.

Мирослав Клозе

вштш4

Асли польяк бўлган бу футболчининг ҳам кечмиши қизиқ старт олган. У ота-онасининг иши сабаб, доимо шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш билан ёшлигини ўтказади. У аввал бошидан футболни қаттиқ севган, лекин жиддий шуғуллана олмаган. Боиси, 21 ёшга тўлганида аллақачон қўли гул уста бўлиб улгурган эди. Шу билан бирга, кечалари Германиянинг 5-дивизионида тўп сурарди. Кейинчалик уни 2-лигадаги жамоа ўз таркибига қўшиб олишди. Бундеслигага кўчиб ўтгач, форвард терма жамоа мураббийлар штабининг эътиборига тушди. Сўнг, Корея ва Японияда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатида 2-рақамли тўпурар бўлди. Ўзининг охирги мундиалида эса, рекорд натижа қайд этиб, жаҳон чемпионатларида энг кўп гўл урган футболчига айланди (16 та).

Дидье Дрогба

вштш6

Топ бешлигимизнинг энг юқори чўққисида — Дидье Дрогба. У ўсмирлик чоғидаёқ Кот-д'Ивуар ва ота-онасидан узоққа, Франциядаги амакисининг олдига иш қидириб келади. Қаҳрамонимиз 21 ёшгача пул топиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилади. Ҳатто, фаррошлик ҳам. Амакиси ўша даврларни эслаганда кулиб: «Дидье жон сақлаб қолиш учун ўша пайтлари жуда қаттиқ курашган, баъзан суткалаб ишларди», — деганди. Сўнг, футболчи бухгалтерия соҳасида ўқишга киради ва Лемар шаҳрига кўчиб ўтади. Олийгоҳ жамоасидаги ўйинларини кўрган «Генгам» скаутлари уни асосий жамоага таклиф қилишади. Ҳаёт қийинчиликларидан чўчимайдиган Дрогба ҳеч иккиланмай профессионал футболдаги карьерасини бошлайди. Қисқа фурсатда 80 минг евро эвазига уни «Генгам» харид қилади, сўнг «Марсель» уни 6 миллионга сотиб олади. Орадан кўп ўтмай, марселликлар уни «Челси»га нақд 38 миллионга пуллайди. Дидье футболчилик фаолияти давомида жуда кўп жамоавий ва индивидуал ютуқларга эга чиқади. Ҳар қандай ёш ҳужумчига унинг ўйинларини мастер-класс сифатида намойиш этса арзийди...

Балки улар ҳаётларининг энг оғир паллаларида қўлларини тушириб юборганида, бундай ғалабаларга эриша олмаган бўларди. Эҳтимол уларнинг футболчи бўлиши тақдирларида битилган. Буниси бизга қоронғи. Лекин шуниси аниқ-ки, ҳаётда қийинчиликларсиз катта ютуқларга эришиб бўлмайди…

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!