"Бухоро" учун финал...
Суперлигада қолдирилган учрашувлар ўтказилмоқда. Жумладан, 10 ноябрь куни “Бухоро” клуби ўз уйида Тошкентнинг “Олимпик” жамоасини қабул қилади. Аслида ушбу ўйин 19-тур доирасида ўтказилиши лозим эди. Лекин бу қарама-қаршилик Кападзе бошчилигидаги терма жамоамизнинг Осиё ўйинларидаги иштироки сабабли 10 ноябрга қолдирилганди. Ушбу муддат келди ва энди жамоалар бўлажак учрашув учун тайёрланишмоқда.
Турнир жадвалидаги вазиятдан хабардор бўлсангиз керак, бухороликлар битта ўйин захираси билан ҳозирча 15 очко тўплаб сўнгги ўринда турибди. Улуғбек Бақоев учун “Олимпик”га қарши учрашув қўшимча имконият демакдир. Улар захирасидаги ўйиндан унумли фойдаланиши зарур. Шундоқ ҳам “Бухоро” Суперлигада тўғридан-тўғри қолиш имкониятини йўқотди. Агар учта беллашувни ютган тақдирда плей-оффга илашиб қолиши мумкин. Қолган учта ўйин Бақоев ва унинг жамоаси учун финал каби қанчалик муҳимлигини ўзлари тушуниб туришибди.
Аслида шундай деймизу, аммо “Бухоро”нинг ўтган турда Жиззахда “Сўғдиёна”га қарши ўйинини кўриб, лигада қолиш учун курашаётган жамоага ўхшамади. Футболчиларининг кўзи ёнмагандек таассурот уйғотди. Суперлигада қолиш учун курашаётган клуб аслида бошқачароқ ўйин кўрсатиши керак эмасми? Айтайлик, тажовузкор, ҳужумкор ўйин қуриши лозим бўлади. Бироқ “Бухоро” Жиззахдаги баҳсда худди ўз ўрнига мос равишда ўйнагандек бўлди. Агар Жиззахдаги ўйин такрорланса, ижобий натижага умид қилиш амримаҳол.
Шунингдек, бўлажак учрашув олдидан иккала клубда йўқотишлар бор. “Бухоро” дисквалификация сабабли Беҳруз Тўраев ҳамда Отажон Авезовнинг хизматидан фойдалана олмайди. “Олимпик” таркибида эса Абдурауф Бўриев майдонга туша олмайди.
Ўзаро ўйинларда бу жамоалар Суперлигада фақат бир маротаба тўқнашишган. Аниқроғи, “Бухоро” – “Олимпик” қарама-қаршилиги жорий мавсумдан бошланди. Биринчи даврада бўлиб ўтган баҳсда Тимур Кападзе рақибини 1:0 ҳисобида таслим қилган. Навбатдаги учрашув эса уларнинг иккинчи ўйинига айланади.
Суперлигада 24-тур якунланган бўлса, “Олимпик” бошқалардан кўра энг кам ўйин ўтказган. Уларнинг ҳисобида ҳозирча 22 та ўйин бор. Шу ҳолатида ушбу клуб 25 очко билан 11-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг 4 та ўйини борлигини ҳисобга олсак, мавсумни юқорироқ ўйинлардан бирида тугатиш имконияти мавжуд. Охирги ўриндаги “Бухоро” учун ҳар бир ўйин финал каби...
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар