"Challenge Samarkand-2026": "Middle Distance"да якуний натижалар қандай бўлди?
Challenge Samarkand-2026 триатлон мусобақаси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Турнир дастуридан Middle Distance, Sprint, эстафета, Women’s Run ва Kids Run мусобақалари ўрин олди. Асосий — Middle Distance баҳсида профессионал спортчилар 1,9 километр сузиш, велосипедда 86 километр масофани босиб ўтиш ва 21,5 километр югуришдан иборат трассани забт этди. Мусобақа дастурида профессионал эркаклар 07:00 да, аёллар 07:05 да, Age Group вакиллари 07:15 да, эстафета иштирокчилари эса 07:20 да старт олди.
Middle Distance профессионаллар баҳсида жами 28 нафар триатлет стартга чиқди. Эркаклар ўртасида 14 нафар, аёллар ўртасида ҳам 14 нафар спортчи мусобақани бошлади. Якунда эркаклар баҳсида 13 нафар, аёллар баҳсида 11 нафар спортчи финишга етиб келган, қолганлари эса масофани якунлай олмаган.
Эркаклар ўртасида Франция вакили Сэм Лейдлоу 3 соат 34 дақиқа 57 сония натижа билан биринчи бўлди. Даниялик Эмил Холм 3:35:37 натижа билан иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Буюк Британия вакили, мусобақанинг амалдаги чемпиони Уилл Дрейпер 3:36:10 натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.
Эркаклар ўртасидаги кучли ўнлик қуйидагича кўриниш олди:
- Сэм Лейдлоу (Франция) — 3:34:57
- Эмил Холм (Дания) — 3:35:37
- Уилл Дрейпер (Буюк Британия) — 3:36:10
- Огнен Стоянович — 3:39:27
- Анри Шоман — 3:40:27
- Жек Хатченс — 3:41:32
- Фредерик Уэбб — 3:43:50
- Жонатан Хомберг — 3:44:50
- Кэмерон Мэйн — 3:48:07
- Томаш Шала — 3:50:33.
Ўзбекистонлик профессионал триатлет Камрон Ходжаев ҳам мазкур стартда юртимиз шарафини ҳимоя қилди. У масофани 4 соат 00 дақиқа 29 сонияда босиб ўтиб, эркаклар ўртасида 13-ўринни эгаллади. Ходжаев сузишни 25:25 дақиқа, велосипед босқичини 2:07:52 соат, югуриш босқичини эса 1:23:51 соатда якунлаган.

Фикрлар