«Челси» яримҳимоячининг жамоадан кетишини эълон қилди
«Челси» ярим ҳимоячиси Омари Келлиман «Страсбург»га ўтди, лондонликлар уни кейинчалик қайта сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолди.
«Челси» клуби ҳужумкор ярим ҳимоячиси Омари Келлиман Франциянинг «Страсбург» жамоасига ўтди. Бу ҳақда Лондон клуби матбуот хизмати расман маълум қилди.
«Биз Омарига карьерасининг янги босқичида омад ва катта ютуқлар тилаймиз», — дейилади «Челси» баёнотида.
Спорт журналисти Грэм Бейлининг маълум қилишича, 20 ёшли футболчига Англия Чемпионшипида иштирок этувчи бир қатор клублар қизиқиш билдирган. Шунга қарамай, Келлиман ўз фаолиятини Францияда давом эттиришни маъқул кўрган. Шу билан бирга, «Челси» футболчини кейинчалик қайта сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолгани қайд этилмоқда.
Омари Келлиман 2024 йили «Астон Вилла» таркибидан «Челси»га 22,5 миллион евро эвазига ўтган эди. У асосий жамоа сафида майдонга тушишга улгурмади, ёшлар жамоасида эса бор-йўғи беш ўйин ўтказиб, икки бор гол урди.

Изоҳлар (0)