«Челси»га нималар бўлмоқда? Лэмпард кетадими?

Ўтган мавсумда «Челси» кучли тўртликка кирди ва Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди. Бу жуда оғир аҳволда қолган жамоа учун «мўъжиза»дек қабул қилинган эди...

Трансферларсиз ҳам Фрэнк «аристократлар»ни мақсадга эришишини таъминлагач, мухлислар келаси мавсумдан катта умид қилишни бошлаб юборишди. Ёзда Абрамович чемпион жамоани шакллантириш мақсадида Менди (24 млн евро), Чилуэлл (50 млн евро), Тьяго Сильва (эркин агент), Ҳаким Зиеш (40 млн евро), Тимо Вернер (53 млн евро) ва Кай Хаверц (80 млн евро) трансферини амалга оширди. Эътиборлиси шундаки, 6 та хариднинг барчаси асосий таркибни кучайтириш мақсадида амалга оширилди. Вернер учун курашда Лондон клуби «Ливерпуль»ни доғда қолдиришга муваффақ бўлгач, кўплаб мутахассислар «Челси»ни чемпионлик учун кураш олиб боришини таъкидлади. Энди эса, вазият ўзгарди. Эътироф этиш жоиз, Юрген Клоппнинг танлови кўпроқ ўзини оқламоқда. Жота ҳали 10 та ўйин ўтказмаган бўлса-да, рақиб дарвозасини Вернердан кўпроқ ишғол қилишга муваффақ бўлди. Тимо эса, дарвоза тўсинларига тўпни текказиш бўйича (5) «Челси»нинг пешқадамларидан бири. Боз устига, энди у Лондон клубида 11 та турдан бери гол ура олмаётган футболчига айланди.

runi5

Лэмпард «Лестер»га қарши учрашувда бежизга немис футболчисини захирада қолдиргани йўқ. Мураббий ҳужум чизиғида Пулишич, Хадсон-Одои, Маунт, Абрахам ва Хаверцни майдонга туширди. Оқибатда, Ковачич Кантесиз қарши ҳужумларни тўхтатиб қолишда муаммоларга дуч келди. Ваҳоланки, Маунт ортга қайтишга ва майдон марказида фаол бўлишга ҳаракат қилди, бироқ бу унга бегона бўлган позиция. Шу боис, қарор кутилган натижани бермади. Тўғриси, мураббийнинг қарорини тушуниш мушкул. Мэйсон жамоа таркибидаги энг яхши зарбага эга футболчи. Уни ҳимояга қайтишга ундаш орқали рақиб жарима майдончасидан узоқлаштиришдан нима наф?!

runi6

Маунт «Челси»нинг АПЛдаги сўнгги учта ўйинида энг яхши футболчи бўлди. Ўтган мавсумда унинг доимо ўйин амалиёти эга бўлиши кўпчиликка манзур келмаган эди. Энди эса, айнан у юлдузлар орасидан ҳам «ёриб» чиқишни уддаламоқда. Ўзи Лондон клуби амалга оширган трансфер режасини англаш мушкул. Маунт ва Абрахам бўлишига қарамай, деярли барча пул ҳужумга жавоб берувчи футболчиларни олиб келиш учун тикилди.

«Лестер»га қарши баҳсдан сўнг, Фрэнк истеъфо ҳақида илк бор фикр билдирди. Журналистларнинг саволига жавоб берар экан, мураббий ортиқча ҳеч нарса демади. Кетиш ёки қолишни ўзи ҳал этмаслигини айтди. Шунингдек, бундай катта клубларда мураббийларга узоқ вақт имкон берилмаслигини ҳам қўшиб қўйди. Энг қизиғи шундаки, Лэмпард ўз шогирдларини танқид ҳам қилди:

«Таркибимиздаги айрим футболчилар керакли даражада тўп сурмаяпти. Бугун бу яққол кўзга ташланиб қолди. Уларнинг ўзи бу муаммони ечиши мумкин, холос. Бошқа ҳеч ким бунга таъсир кўрсата олмайди».

Очиғи, биз Фрэнкнинг клуб футболчилари билан қандай алоқада эканлигини аниқ айта олмаймиз, аммо инглиз нашрлари унинг шогирдлари билан мунозарага бораётгани ҳақида ёзмоқда. Бу мавсумда 42 ёшли мутахассис «Челси»нинг сўнгги 5 йилдаги энг яхши ҳимоячисини ўз қора рўйхатига киритиб қўйди. Юрген Клопп билан жанжаллашиб кетди ва ҳатто, янги келганларга босим ўтказишни бошлади.

rni4

Лэмпард - совуққон инсон. У «Челси»нинг ёш футболчилари кўз ўнгида чинакам афсона. Шу боис, Зума, Маунт, Абрахам, Хадсон-Одои, Пулишич кабу истеъдодлар майдонда унинг сўзларини ортиғи билан бажаради. Ёши катта футболчилар эса, ундаги тажрибасизликни дарров пайқашади. Шу туфайли, Фрэнк уларни ўзига «бўйсундириш»да муаммоларга дуч келмоқда. «Лестер» устози Брендан Рожерс эса, ҳамкасбининг тамомила акси. Тажрибали ва оғир инсон. Шунинг учун унинг шогирдлари майдонда нима қилиш керак эканлигини яхши англаб олишган. Бу омил «Челси»га қарши баҳсда яққол кўзга ташланди. «Тулкилар» жамоавий ўйин сабабли, «Челси»дан 90 дақиқа давомида бир қадам олдинда бўлди.

runi7
Қайсидир маънода ёздаги трансферлар «аристократлар»нинг зарарига ишлади. Футболда 6-7 та футболчи билан бойиган таркиб камдан-кам холларда натижа беради. Мураббийлар уларни жамоага ва схемага жойлаши учун анчагина вақт лозим. Қайсидир маънода, трансферлар ўзини оқламади, деб ҳам бўлмайди. Менди Кепадан ишончлироқ, Зиеш Виллиандан фойдалироқ, Сильва Кристенсендан кам хато қилмоқда. Афсуски, бу омиллар сарфланган 250 миллионни тўлиқ беркитишга камлик қилади.

Лэмпард тузган режа иш бериши учун вақт талаб этилади. Афсуски, унда айнан вақт жуда кам қолмоқда. «Челси» очко йўқотиш борасида Англиянинг 10-жамоасига айланиб қолди. Тўғри, ўтган йили мураббий «jackpot»ни урди, бироқ жорий мавсумда 250 миллионнинг ҳавога учиб кетишини ҳеч ким оқлай олмайди. Яқиндагина Лондон клуби Авраам Грантни ортга қайтармоқчи эканлиги ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. «The Athletic»нинг маълум қилишича, янги мураббий сифатида клубга Нагельсманн, Рангник ёки Тухель каби мутахассислар таклиф қилиниши мумкин. Жамоа 80 миллион евро сарфлаган Кепани Лэмпард бир зумда кераксиз футболчига айланитириб қўйганини барча кўрди. Энди улар Хаверц ва Вернерни ҳам шу аҳволга тушиб қолишини томоша қилмоқчи эмас. Шундай экан, Фрэнкда вақт жуда оз қолди, аммо бу ҳали ҳаммасини ўз ўрнига қўйиш учун етарли!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар