Чемпионлар лигасида гол урган дарвозабонлар

Чемпионлар лигаси мадҳиясини эшитиш ҳар бир футболчининг орзуси, клубларнинг энг нуфузли турнирида гол уриш энг катта қувонч. Ҳатто дарвозабонлар ҳам Чемпионлар лигасида гол завқини туюшга муваффақ бўлган. Дунё миқёсида бу янгилик эмас, албатта. Футбол тарихида ажойиб тўпурарлик қобилиятига эга дарвозабонлар бўлган. Рожерио Сени ва Хосе Луис Чилаверт каби дарвозабонлар ўз ҳамкасбларини бир неча бор ранжитишган. Аммо Чемпионлар лигасида гол уриш фақатгина саноқли дарвозабонларгагина насиб этган холос. Ушбу омадли посбонларнинг исми кўпчилиги кенг жамоатчиликка маълум эмас. Бугун биз Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасида гол урган дарвозабонлар ҳақида сўз юритамиз.

Элой Казальс

Чемпионлар лигасида гол уриш Андорра клубида ўйнаган ҳужумчилар учун ҳам орзу ҳисобланади. Аммо "Санта-Колома" клуби дарвозабони Элой Казальс имконсиз ишни уддалади. Чемпионлар лигасининг 2014/15 йилги мавсум биринчи саралаш раундида "Санта-Колома" Арманистоннинг “Урарту” клубига қарши тўқнаш келди. Дастлабки ўйинда андорраликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жавоб ўйинида арман клуби 3:1 ҳисобида олдинда бораётган эди. Бу ҳисоб уларни мутлақ қаноатлантирарди. Бироқ 90+4 –дақиқада бош ҳакам мезбонлар дарвозаси томон жарима зарбаси белгилади. Элой Казальс бу вазиятда жамоадошларига ёрдам бериш учун ўз постини ташлаб чиқди. У зарбадан сўнг, тўпни эгаллаб олди ва рақиб дарвозасини ишғол қилишга эришди. Ушбу гол нафақат тарихда қолди, балки "Санта-Колома" жамоасини ЕЧЛ саралашининг кейинги босқичига олиб чиқди.

Ханс-Йорг Бутт

Немис дарвозабони ўзи фаолият юритган жамоаларда мунтазам пенальтилар амалга ошириб келган ва бу унга бир неча бор гол завқини туюшга имкон берган. Аммо унинг Чемпионлар лигасида гол уриши жуда қизиқ бўлди. Гап шундаки, Бутт ЕЧЛдаги 3 та голининг барчасини “Ювентус” дарвозасига урган. Бироқ у ушбу голларни Германиянинг турли жамоаларида (“Гамбург”, “Байер” ва “Бавария”) киритган. Дарвозабонга қарши дарвозабоннинг дуэли пенальтилар сериясининг энг юқори чўққисидир. Ҳамкасби устидан қозонилган ғалаба, айниқса Чемпионлар лигасида ғоят ажойиб ва аҳамиятлидир.

Афтидан, Чемпионлар лигасидаги энг сермаҳсул дарвозабон унвони Буттга жуда узоқ вақт тегишли бўлади, чунки айни дамда унинг натижасини такрорлайдиган дарвозабон йўқ.

Винсент Эньяма

Ушбу нигериялик дарвозабон ҳам 11 метрлик масофадан ҳамкасбларини ранжитишни яхши кўрарди. Унга ҳам Чемпионлар лигасида гол уриш насиб қилган. Тель-Авивнинг “Хапоэл” клуби посбони 2012/13 йилги мавсумда “Зальцбург”га қарши меҳмонда ўтказилган плей-офф учрашувида пенальти тепишга қарор қилди. У ўшанда ҳам 11 метрлик зарбани аниқ амалга оширди ва ўз исмини Чемпионлар лигаси тарихига ёздириб қўйди. Кейинчалик Эньяма фаолиятини Францияда давом эттирди ва “Лилль” клубида узоқ йиллар асосий дарвозабон сифатида ўйнади.

Синан Болат

Туркиялик дарвозабон нафақат Чемпионлар лигаси, балки 2008-2013 йилларда тўп сурган Бельгиянинг “Стандарт” клуби тарихига ҳам кирди. 2009/2010 йилги мавсумда гуруҳ босқичининг сўнгги турида “Стандарт” Европа лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун Голландиянинг АЗ жамоасига мағлуб бўлмаслиги талаб этилар эди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда ҳакам АЗ дарвозаси томон жарима зарбаси белгилади. Вазиятни ўнглаш учун “Стандарт” дарвозабони Болат ҳам жарима майдонига етиб келди. Унинг бош билан йўллаган аниқ зарбаси дарвозани ишғол қилди ва шу тариқа, бельгияликлар еврокубоклардаги юришини давом эттирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!