Де Брёйне мавсумни қаерда ўтказишни ҳал қилди
Бельгия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кевин Де Брейне жорий ёзги трансфер ойнасида «Наполи» таркибидан кетмайди ва 2026/2027 йилги мавсумда ҳам Италия клуби шарафини ҳимоя қилишда давом этади.
Бу ҳақда журналист Саша Тавольери ижтимоий тармоқда маълум қилди.
Манбага кўра, 35 ёшли футболчи яқинлари билан келажагини муҳокама қилган ва оммавий ахборот воситалари аввалроқ хабар қилган «Интер Майами» клубининг қизиқишига қарамасдан, жамоасини ўзгартирмасликка қарор қилган.
Де Брейне «Наполи» билан тузган шартнома бўйича камида 2027 йил ёзигача клубда қолиши кутилмоқда. Transfermarkt портали баҳосига кўра, бельгиялик ярим ҳимоячининг трансфер қиймати 8 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.
Ўтган мавсумда у барча мусобақалар доирасида 21 ўйинда майдонга тушиб, бешта гол урди ва тўртта голли узатма муаллифига айланди. 2026 йилги жаҳон чемпионатида эса Бельгия терма жамоаси сафида бешта учрашувда иштирок этиб, бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди.

Фикрлар