Дебютант трансфер рекордини янгилади
Англия премьер-лигасига қайтган «Халл Сити» грек миллий жамоаси дарвозабони Константинос Цолакисни «Олимпиакос»дан сотиб олганини эълон қилди.
23 ёшли посбон «тигрлар» билан беш йиллик шартнома имзолади. Клуб расман тўлов миқдорини очиқламади. Бироқ BBC Sport маълумотларига кўра, трансфер тахминан 23 миллион евро ва қўшимча бонуслардан иборат бўлади. Шу тариқа, бу келишув «Халл Сити» тарихидаги энг қиммат трансферга айланади. Илгариги рекорд 2016 йилда қайд этилган эди — ўшанда клуб «Тоттенхэм» яримҳимоячиси Райан Мэйсон учун 15 миллион евро тўлаган.
Цолакис катталар футболидаги бутун фаолиятини «Олимпиакос» таркибида ўтказди. 2020 йилда дебют қилган дарвозабон шу вақтга қадар 131 ўйинда майдонга тушиб, 8 та совринни қўлга киритди. Улар орасида 4 марта Греция чемпиони бўлиш ва Конференциялар лигасидаги ғалаба ҳам бор.
«Олимпиакос»нинг Европа майдонидаги муваффақиятидан сўнг Цолакис миллий жамоада ҳам дебют қилди. У ҳозиргача Греция терма жамоаси сафида 9 та ўйин ўтказган.

Фикрлар