“Динамо” 17 йил ўтиб “Пахтакор”ни сафарда енгди

 

Олий Лига 3-тури доирасида Тошкентда «Пахтакор» меҳмони бўлган Самарқанднинг «Динамо» жамоаси сафардан жуда муҳим ғалаба билан қайтди ва чемпионатнинг яққол пешқадамига айланди.

Дастлабки икки турда ҳам «Металлург» ва «Шўртан»ни мағлуб этган жамоа, бу сафар ҳам худди шу таркибда «Пахтакор»га қарши саф тортди. Ўйин давомида майдон эгаларининг устунликлари кўринган бўлсада, «Динамо» ҳимоя қўрғони барқарор ўйин кўрсатишда давом этди. Бу ўз самарасини ўйин якунида берди.

Мураббийлар захира ўридиғидан жуда унумли фойдаланишди. Майдонга тушган Абдумалик Абдуллаев тезкорлиги эвазига ҳужумкорликни оширгани билан, 88-дақиқада жарима зарбасини ҳам ишлади. Жавоҳир Қаҳрамонов томонидан етказиб берилган тўпни эса захирадан майдонга тушган молдовалик Раду Рогак боши билан «Пахтакор» дарвозасига киритиб, Самарқанддан Тошкентга келган юзлаб мухлислар ўтирган секторни ларзага келтирди — 0:1.

«Динамо» жамоаси бу ғалаба билан тарихни янгилади. Сўнгги марта жамоамиз 17 йил олдин, 2000 йилда Тошкентда «Пахтакор»ни мағлуб этганди. Ушбу ғалабадан кейин «Динамо» дастлабки уч ўйинда учта ғалабага эришиб, Олий Лига тарихидаги энг яхши стартни тақдим эта олди ва 9 очко билан яққол пешқадамга айланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!