Диёр Холматов: "Мақсадим Европада тўп суриш"
“Пахтакор” клубининг келажаги порлоқ футболчиларидан бири 22 ёшли ярим ҳимоячи Диёр Холматов якунига етган мавсумда “Шерлар” таркибида ҳаммаси бўлиб 28 та учрашувда майдонга тушди. 2 та гол урди ва 3 та ассист ваззифасини бажарди.
Охирги пайтларда Диёрни четга кетиши мумкинлиги борасидаги гап-сўзлар яна янграмоқда. У клубда қоладими ёки ростдан кетмоқчими?
Қолаверса, 2024 йилги чемпионат қандай таассурот қолдирди. Холматов бу борада Sports.uz журналистига фикрларини айтди.
- Диёр, "Пахтакор" мавсумни медалсиз якунлади. Ортда қолган мавсум ҳақида нима дея оласиз? Нима учун клуб медалсиз қолди?
- Ортда қолган мавсум қийин бўлди. Ростини айтсам, омад етишмади. Шунга қарамай, биз жуда қаттиқ ишладик. Лекин ҳаммаси Аллоҳдан. Худо хоҳласа, биз кучли бўлиб қайтамиз.
- Португалиялик янги бош мураббий келди. У билан гаплашдингизми? Умуман, клубга янги мутахассис қанчалик зарур эди?
- Йўқ, мен ҳали у билан гаплашмадим, учрашмадим. Мутахассис клубга қанчалик зарур эди? Билмадим, мураббийларни ўз филасофияси, тактикаси бор. Ҳали янги мураббий билан ишлаб кўрмадим. Аммо “Пахтакор” ҳар доим “Пахтакор” бўлиб қолади. Бу халқ жамоаси бўлиб, унда ким қолади, ким кетади, барибир “Пахтакор”ни ўз мақсади бор – чемпион бўлиш.
- Қишда сизни "Фейеноорд"га ўтишингиз ҳақида роса кўп ёзилди. Ўшанда ростдан ҳам таклиф бўлганми?
- Бу ҳақида энди билиб оласиз. Ҳозирча айта олмайман.
- Янги мавсумга режаларингиз қандай? Олдингизда қайси клублардан аниқ таклифлар бор ёки четга кетмоқчимисиз?
- Мақсадим Европада тўп суриш. Ёшлигимдан олдимга шу мақсадни қўйганман. Худо хоҳласа, 37 млн халқимизни хурсанд қилмоқчиман.
- Сиз учун жорий йилда ўзбек футболидаги энг муҳим воқеа қайси бўлди?
- Энг муҳим воқеа, менимча, бу Ўзбекистон миллий терма жамоамиз ўзини энг муҳим ўйинларини ютиб, ЖЧга бориш учун катта имконият бор. Бу нафақат футболчиларни мақсади, балки халқимизни орзуси ҳам шундай. Насиб қилса, биргаликда жаҳон чемпионатига чиқиб, у ерда ҳам яхши натижалар кўрсатиб қайтамиз. Нимага бундай бўлмаслиги керак? Аллоҳга осон. Биз ҳам максимал ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар