Дзюдо. "Катта дубулға" турнирида 2 та медаль қўлга киритилди!

Тбилиси шаҳрида ўтказилаётган "Катта Дубулға" туркумига кирувчи нуфузли турнир ўзининг қизғин палласига кирди.

Бироз аввал -73 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Муроджон Йўлдошев бронза медали учун кечган беллашувда молдовалик Петру Пеливанни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. Йўлдошев бронза медали билан бирга қимматли 500 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди. Бу Муроджоннинг "Катта Дубулға" турниридаги биринчи медали бўлди.

Шунингдек, -81 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган биринчи рақамли дзюдочимиз Шарофиддин Болтабоев озарбайжонлик Зелим Ткаевни мағлубиятга учратиб, Тбилиси "Катта Дубулға" турнири бронза медали соҳибига айланди. Шарофиддин шунингдек, қимматли 500 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи кунги баҳсларни 2 та бронза медали билан якунлади. Эртага оғир вазн тоифасидаги дзюдочиларимиздан ҳам медаллар кутиб қоламиз.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!