Элдор «Ювентус»га керакми? Элдорга «Ювентус» керакми?

Элдор «Ювентус»га керакми? Элдорга «Ювентус» керакми?

«Tuttosport» нашри Элдорнинг «Ювентус» эътибор марказида тургани ҳақидаги хабарни эълон қилгач, Ўзбекистон ва Россия сайтларида турли мақолалар эълон қилинди. Эътиборлиси шундаки, унинг «Ювентус»га ўтмоқчи эканлиги ҳеч кимни ҳайрон қолдиргани йўқ. Хўш, Элдорнинг бу трансферидан кимга фойда? Айнан шу савол кун тартибидаги асосийси бўлиб турибди. Бугун шу саволга жавоб излашга уриниб кўрамиз.

«Ювентус»га бу трансфер керакми?

Eldor1212121212

Турин клуби таркиби киши кўзини қамаштириб юборади. Айниқса, ҳужум марказидаги номлар мухлисларни қўрқитиб юбориши турган гап. Шундай бўлса-да, танганинг иккинчи томони ҳам мавжуд. Келинг, «Ювентус»нинг олдинги чизиғига назар ташлаймиз. Ҳужумда Роналдунинг ўрнини эгаллаш имконсиз, бироқ эътибор бериб назар солсангиз, унинг йўқлигида майдонга тушишга қодир, Кришга дам олиш имконини берадиган футболчи «зебралар» таркибда йўқ. Роналду 35 ёшни уриб қўйди. Унинг ёшида жуда катта дистанцияни қоқилмасдан босиб ўтиш имконсиз. У чинакам якунловчи. Ҳозирги «Ювентус» айнан унинг атрофида қурилганини инобатга олсак, португалияликни эҳтиёт қилиш мақсадида Шомуродов трансферига қўл урилиши ҳеч гап эмас. Энди марказий ҳужумда сермаҳсуллик намойиш этаётган Альваро Моратага эътибор қаратинг! Бир қарашда, Моратани алмаштириб бўлмайдигандек туюлиши мумкин, бироқ у ҳеч қачон барқарор футболчи бўлмаган. «Челси» ва «Атлетико» ҳам айнан шу омил сабабли, уни ўз сафида қолишини истамаган. «Ювентус»даги ажойиб стартдан эйфорияга берилмаслик лозимлигини раҳбарият сезиб турибди. Ҳужумчи 5+4 натижа қайд этганига қарамай, исталган учрашувда ўз имкониятларини намойиш эта олмай қолиши мумкин. Бу Турин клуби учун жуда катта муаммолар келтириб чиқаради. Сабаби, Альваронинг ҳам муқобил варианти таркибда мавжуд эмас. Ўз вақтида, «Реал» ҳам Моратадаги беқарор ўйин сабабли, унга нисбатан барқарор Бенземани афзал кўрган эди.

«Ювентус» анча йиллардан бери чемпионлик учун курашда бундай кескин қарама-қаршиликка дуч келмаган. Боз устига, Пирлонинг бош мураббийликдаги тажрибасизлиги ҳал қилувчи сўнгги турларда панд бериб қўйиши мумкин. Агар юқорида номи зикр қилинган ҳужумчилардан бири сафдан чиқса, (бу футбол: ҳамма нарса бўлиши мумкин) «Ювентус» ўтмас пичоққа айланиб қолиши турган гап. Буни клуб президенти Андре Аньелли яхши англаб турибди. Шу боис, пандемия чоғида марказий ҳужумчиларнинг кичикроқ суммадагисини таркибга қўшиб олмоқчи. Замонавий футболда марказий ҳужумчи ва марказий ҳимоячиларнинг нархи 50 миллион евродан кам эмас. Боз устига, уларнинг гранд клубда қандай топ суриши бобида ҳеч ким кафолат бера олмайди. «Юве» раҳбарлари бежизга универсал марказий ҳужумчи изламаяпти. Сабаби, Дибаланинг ўйинида кескин пасайиш кузатилмоқда. У аввалгидек марказда тўп суришга қодир эмас. Энди, асосан ҳужумларни бошлашда ва сўнгги пасларни ижро этишда иштирок этмоқда. Пирло ҳам Сарри сингари аргентиналик фантазистага схемадан жой топа олмади. Бу таркибга Элдорнинг келиб қўшилиши, «Ювентус»га қўшимча имконият тақдим этиши аниқ, бироқ Элдорга-чи?

«Ювентус» варианти амалга ошса, нима бўлади?

eldor1221

Унда еврофутболда қадрланувчи учта омил мавжуд. Меҳнаткашлик, иккинчи қаватдаги устунлик ва катта тезлик. Унинг арсеналидаги бу имкониятлар аллақачон намойиш этилди. Элдор рэйдни амалга оширгани, иккинчи қаватда гол киритгани ва тўп учун курашда фаол бўлаётганини нафақат биз, балки бошқалар ҳам кўриб турибди. Шундай экан, Элдорга ( агар шу темпни туширмаса) яна таклифлар бўлади. Ҳозирча, унинг учун идеал вариант «Женоа»да ўйнаш ва клубни элитада сақлаб қолиш. Агар «Женоа» А Серияда қолса, келаси мавсумда Элдор жамоанинг биринчи рақамли юлдузига айланади. Агар «гриффонлар» элитадан тушиб кетса, у билан алоқага чиқадиган жамоалар топилиши турган гап. Шундай экан, айни дамда Генуяда қолиш яхшироқ вариантдек кўринмоқда.

Тўғриси, доимо яхши ният қилиш лозим. Шундай бўлса-да, спортда ташланган ҳар қадамни олдин ўйлаб олиш лозим. «Ювентус» Элдорни 4-рақамли ҳужумчи сифатида клубга жалб этишни режа қилган. Бошқачароқ қилиб айтганда, Элдор «Ювентус»нинг захирадаги имкониятига айланади. Унга илк учрашувлардан ишонч ва 90 дақиқа тўп суриш имкониятини ҳеч ким яратиб бермаслиги аниқ. Пирло чемпионат ўйинларида катта қийинчиликка дуч келмоқда. Шу боис, натижа берувчи йигитлардан фойдаланишни афзал кўради. Агар Мората ва Роналду мавсумни қоқилмай ўтказса, Элдор узоғи билан иккита учрашувда 90 дақиқа тўп суриши мумкин холос. Бундан ортиғини кутишнинг ўзи имконсиз. Балки, кубок баҳсларида кўпроқ шароит яратиб берилар, лекин бу айни ўсадиган ёшдаги футболчи учун камлик қилади. Бундан ташқари, «Ювентус»нинг бироз омадсиз старт олиши Пирлонинг клубда узоқ қолмаслигига ишора қилмоқда. Унинг кетиши эса, Элдор учун жамоада яна ҳаммасини бошидан бошлаш лозимлигини билдиради. Ҳамюртимиз ўзига ишонган йигитлардан. У «Ювентус»га ўтиши, Роналду ва Буффонлар билан машқ қилиши мумкин. Ижтимоий тармоқларда улар билан бирга тушган суратларини қўйиши, биз эса кўкрагимизга уриб хурсанд бўлишимиз мумкин. Афсуски, футбол фақат бу воқеалардан иборат эмас. Бунга қадар Илёс Зейтуллаев «Ювентус»га ўтган ва деярли ҳеч нарсани уддалай олмаган эди. Ундан ўзбек футболига қолган нарса статистика, холос. Бошқа ҳеч қандай наф келтирмаган Илёсни ҳозир деярли ҳеч ким эсламайди. Элдор эса, бироз бошқачароқ йўлдан кетмоқда. Мушкулроқ йўлдан.«Женоа» сингари жуда кучсиз клубда 3 та гол киритган Элдор ҳар бир ўйинда ўртача 54 дақиқа ҳаракат қилмоқда. Ноябрь ойидан бери хавфли зонани тарк этмаган клуб учун жуда ёмон кўрсаткич. Янги мураббий келгач, бироз вазият юмшади. Шундай бўлса-да, ҳали уни «Женоа»нинг бир бўлаги дейишга эрта. У секин-аста мухлислар ва омма эътиборга тушди. Италия нашрлари у ҳақида мақолалар эълон қилишни бошлади. Бу у танлаган йўл мушкул бўлса-да, манзилга тўғри олиб кетаётганидан далолат.

«Женоа»да қолиш керакми?

eldor121212

Элдорнинг пассив ҳужум уюштирувчи жамоа сафида ўзини йўқотиб қўймагани қувонарли ҳолат. Тан олиш лозим, 4 ҳужумчиси бор клуб сафида рақобатни енгиб ўтиш осон бўлмайди. Энди, асосий таркибда муқим қолиш учун жанг олиб бориш лозим. Айни дамдаги «Ювентус» варианти чиройли эшитилиши мумкин, бироқ унинг ортида жуда катта муаммолар мавжуд. «Женоа» эса, деярли мақсадсиз сузиб юрган кемага ўхшаб бормоқда. Бундай вазиятда, ҳамюртимиз учун идеал вариант сифатида бошқа клубларни кўрсатишимиз мумкин. Масалан, Инзаги бошчилигидаги «Беневенто»да Элдор порлаши мумкин. Ёки жуда ҳам ҳужумкор тўп сурувчи «Сассуолло» сафида ҳам биз уни бундан ҳам ёрқинроқ ўйин намойиш этишига ишонамиз. Ёки «Парма» ва «Верона» жамоалари ҳам Элдорнинг янги клуби бўлса, бу икки томонга ҳам фойда келтириши аниқ. Буни ҳозир ҳамма яхши англаб турибди. Италия клублари пандемиядан жуда катта талафотлар билан чиққанидан сўнг, уларда қишки трансфер учун деярли маблағ қолгани йўқ. «Ювентус» бундан мустасно. Клуб мавсумни муаммосиз ўтказиш ва уни барбод қилмаслик мақсадида Элдорни сотиб олиш мумкин. Аммо бу трансфердан фақат клуб ютади. Футболчи эса, энг қиммат бўлган иккита нарсани йўқотади. Биринчиси вақт бўлса, иккинчиси ўйин амалиёти. Ушбу омилларни ҳозир «Женоа» тақдим этмоқда. Шундай экан, кетиш ҳақида фикрлаш учун аввал мавсумни якунлаш лозим. Шомуродов шу темпда давом этса, мавсум сўнггига қадар ўз статистикасини анча яхшилаб олади.

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
10/01/2021 01:12
Balkim utsa bundanda kuchli bulib ketishi mumkin chunki Jenioadakila uta pas safiyalik ekan. oddiy pasla tashlap berolmayapti. Eldor bugunki 2 ta golga ham hissasi bor 1 golgaki Eldor pasidan keyin gol. 2 golga Presinga qatnashdi. qisqasi. Eldorga urtadaki ijrochila tup bilan taminlasa nimader qilishini kursatib berdi. muhimi tup kelsa uzini oldinga qarap yugurapti. kupgena uyinchila orqaga pas berib uzi ochiladi Masalan usha Benzima ham yoki boshqalari ham.
&
998915993686
09/01/2021 21:54
Xa juda optimistik yondoshilgan fikral fikrlardan ģoyalar juda ajoyib maqola. Menga yoqdi☺.
Azamjon Axmedov
10/01/2021 09:01
"Шахарда иккинчи бўлгандан кўра қишлоқда биринчи бўлган афзал" Гай Юлий Цезарь.